Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:49

Инсонпарварлик юклар ортилган 31та юк машина Cўхга етиб борди


Тўрт кундан бери ўзбек-қирғиз чегарасида туриб қолган гуманитар юк ортилган машиналар карвони Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисида жойлашган Сўх эксклавига жума куни кириб борган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг Боткендаги мухбири Жениш Айдаровга кўра, 31та юк машинасидан иборат гуманитар ёрдам карвони Ўзбекистоннинг Фарғона ва Қирғизистоннинг Пулгон шаҳарлари чегарасида жойлашган Водил чегара бекатидан ўтказилган ва 25 январ кунининг иккинчи ярмида Сўхга кириб борган.

-Юк машиналар карвонини Қирғизистоннинг Боткен вилояти милицияси Сўхгача қўриқлаб борди, - деди Айдаров.

Сўхликларга бензин, оқ ëғ, дори-дармон ва зарурий кенг истеъмол молларидан иборат машиналар карвони Риштон туманининг чегара ҳудудида қирғиз томони йўл бермагани учун тўрт кундан бери тўхтаб турган эди.

23 январда Қирғизистон расмийлари Сўхга инсонпарварлик ёрдами олиб ўтишга рухсат берганларини билдирган бўлсалар-да, йўл фақат жума куни очилган.

Шунингдек, гуманитар юклар ортилган 17та юк машинаси жума эрталаб Ўзбекистоннинг Шоҳимардон қишлоғига йўл олган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига кўра, Шоҳимардон аҳлига аталган гуманитар юклар ортилган машиналар карвони Водил чегара пункти орқали ўтказилган.

Автомашиналар карвонини Қирғизистоннинг Боткен вилояти милиция машиналари қўриқлаб бормоқда.

Аммо, сўхликларнинг айтишича, ҳозирча уларга бирон инсонпарварлик ёрдами етиб борганча йўқ.

Айни вақтда Сўх анклави яшовчиларининг айтишларича, йўллар ёпилганлиги туфайли ҳануз ташқи дунёдан ихоталаниб қолганлар.

- Ҳеч қанақа ёрдам келгани йўқ. Ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин йўқ.
Риштондан ўтадиган йўл ҳали ҳам ёпиқ, - деди Фаррух исмли сўхлик.

Фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Баходир Элибоев Озодлик билан суҳбатда сўхликларга мўлжалланган гуманитар юклар ортилган машиналар Қирғизистон чегарасидан ўтказилганини тасдиқлади.

- Юк машиналари Сўхга етиб борган, мен ҳайдовчилар билан гаплашдим, улар чешарадан ўтишганини тасдиқлашди - деди Элибоев.

Қирғизистон Давлат чегара ҳизмати 25 январ куни Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара хизматлари раҳбарлари ўртасидаги музокаралар чоғида Қирғизистоннинг Барак эксклави ҳамда Божой аҳоли пункти ва Ўзбекистоннинг Сўх ҳамда Шоҳимардон анклавига гуманитар юкларни етказиш бўйича келишувга эришилгани ҳақида хабар қилганди.

Айни пайтда Ўзбекистон томони ҳам қирғиз юк машиналарининг Барак эксклавига кириши учун йўлни очиб берган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирига кўра, икки КамАЗ юк машинаси, тўртта енгил машина ҳамда бир микроавтобусдан иборат гуманитар ёрдам карвони Ўзбекистоннинг Бирлашган қишлоғи ҳудудидан ўтиб, Барак эксклавига етиб борган.

5 январ куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги ҳодисалар ортидан Қирғизистон Сўх анклавига олиб борувчи йўлда жойлашган чегара-ўтиш нуқталарини бекитган эди.
Кейинчалик Ўзбекистон ҳам қатор чегара ўтиш нуқталарида Қирғизистон фуқаролари учун ҳаракатни чеклаган эди.

22 январ кунидан бошлаб эса қирғиз чегара хизмати Ўзбекистон Қирғизистон билан темирйўл ўтиш нуқталарини ҳам ёпиб қўйганини маълум қилганди.

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Барак анклави атрофидаги чегара нуқталари январ ойи ўрталаридан бери ёпиб қўйилгани боис у ердаги аҳоли ҳам "қамал" ҳолатида қолганди.
XS
SM
MD
LG