Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:06

Ўзбекистон Қирғизистоннинг 700 та вагонини ўтказмаяпти


25 январ куни ўзбек-қирғиз чегарасида тўпланиб қолган Қирғизистонга тегишли вагонлар сони 700 тага етди. “Қирғиз темир жолу” компанияси маълумотига кўра, чегара яқин кунлар ичида очилмаса, вагонлар сони яна кўпайиши мумкин.

Ўзбекистоннинг ўзбек-қирғиз чегарасини бир томонлама ёпиб қўйганидан беш кун ўтиб, чегара яқинида тўпланиб қолган вагонлар сони 700 тага етди.

Буни “Қирғиз темир жолу” миллий компаниясининг матбуот хизмати раҳбари Эркинбек Кайимов Озодликка маълум қилди:

- Бугунги кунда чегаранинг Қирғизистон томонида 300 та вагон, Ўзбекистон томонида 400 та вагон турибди. Ўзбекистон чегарани бир томонлама ёпгани боис¸ чегарада жами 700 вагон туриб қолди. Ҳозир аввал берган буюртмаларимиз йўлда келаяпти. Агар чегара ёпиқ қоладиган бўлса, вагонлар сони яна ошиши мумкин, деди Эркинбек Кайимов.

Бугунги кунда Қирғизистоннинг Ўзбекистон чегарасидан ўтадиган учта темир йўл станцияси бор. Булар “Қизилқия- темирйўл”, “Қорасув-темир йўл” ва “Шамолдисой-темир йўл” станциялари бўлиб, учаласи ҳам 21 январдан буён ёпиқ турибди.

Кайимовга кўра, ҳозирда чегарада вагонларнинг туриб қолиши масаласи ҳукуматлараро музокараларда кўрилмоқда:

- Бу масала ҳозир ҳукуматлар даражасида кўрилмоқда. Биз Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига вазият бўйича расмий хат йўлладик. Бу масала бўйича Қирғизистоннинг расмий доиралари шуғулланмоқда. Ҳозир Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги билан гаплашилмоқда, деди Кайимов.

Эркинбек Кайимов берган маълумотга кўра, 700 та вагонда, асосан, ёнилғи бор, шунингдек, юк вагонларига қурилиш материаллари ва маиший товарлар ортилган.

РИА Новости агентилигининг Қирғизистон нефт савдоси билан шуғулланувчи ширкатлар уюшмасига таяниб маълум қилишича, чегараларни очиш масаласи яқин орада ҳал бўлмаса, ёнилғининг етишмаслиги боис Қирғизистон жанубида экиш кампаниясига жиддий путур етказилиши мумкин.

Ўзбекистон Чегара хизмати Миллий Хавфсизлик хизматига қарашли бўлгани боис айни тизим матбуот учун ёпиқ. Шу боис мазкур ташкилотдан ўзбек-қирғиз чегарасининг ёпиқлиги сабабини аниқлаш имкони бўлмади.

“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси матбуот хизматидан ҳам бирор маълумот олишга муваффақ бўлмадик. Матбуот хизмати раҳбари Усмонқул Рустамов йиғилишда экани, ундан бошқа бирор шахс бу масалада матбуот билан гаплашмаслиги айтилди.

Қирғизистон Давлат чегара хизмати тарқатган хабарномада айтилишича, “Ўзбекистон томони “Қорасув-темир йўл” назорат-ўтказиш пункти тепловознинг носозлиги туфайли ёпиб қўйилган. Қолган пунктларнинг ёпилиш сабаби тўғрисида Ўзбекистон томони маълумот бермаган”.

“Қирғиз темир жолу” миллий компаниясининг матбуот хизмати раҳбари Эркинбек Кайимов тепловознинг носозлиги борасидаги маълумотни инкор қилади. Унинг айтишича, ўзбек-қирғиз чегарасида турган тепловоз ва вагонлар билан боғлиқ ҳеч қандай техник муаммо йўқ.

Кайимовга кўра, ўзбек-қирғиз чегарасида вагонларнинг узоқ муддатга туриб қолиши илк бор кузатилаяпти:

- Авваллари фақат маълум муддатга ёпилган вақтлар бўлган. Унда техник сабаблар боис ёпилган. Тепловоз ёки вогонларнинг техник носозлиги боис қисқа муддатга ёпилган, дейди Эркинбек Кайимов.

5-6 январ кунлари Сўхда маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида можаро чиққанидан 60 минг аҳолига эга бўлган Сўх тумани ёпиқ ҳолда қолмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳам ўз ҳудудидаги Қирғизистонга қарашли Барак анклавини ёпиб қўйган.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон автомобил йўлларидаги чегара пунктларини ҳам бир томонлама ёпиб қўйган эди.

Кузатувчиларга кўра, чегара пунктларининг ёпилиши расмий Тошкентнинг Қирғизистон томонидан Сўх йўллари тўсиб қўйилишига жавобдир.
XS
SM
MD
LG