Линклар

logo-print

25 январ куни ЛДПР Давлат Думаси муҳокамасига тақдим этган “Тамаки чекишга қарши” Қонунга ўзгартишлар мамлакатда ҳар қандай тамаки маҳсулотлари чекилишига кескин чекловлар киритишни кўзда тутади.

Носов носни таъқиқлашни таклиф этди

Россия Думасининг ҳар тўрт фракцияси жума куни бўлиб ўтган парламент муҳокамасида “Тамаки тутунининг атрофга таъсири ва тамаки истеъмол қилиш оқибатларидан фуқаролар соғлигини сақлаш” деб номланган қонуннинг янги таҳририни иккинчи ўқишда маъқуллашини олдиндан маълум қилди.

Думанинг Соғлиқни сақлаш қўмитаси расмийси Галина Буянова Озодликка “Тамаки чекишга қарши” қонун биринчи ўқишда қайтарилгани сабабларини тушунтирди:

- Қонунга бир нечта қўшимчалар киритилди. ЛДПР партияси вакили Дмитрий Носов томонидан носни ҳам мутлақо тақиқлаш таклифи киритилди. Айрим камчилик ва тузатишларни ҳисобга олмаганда, қонун аслида биринчи ўқишдаёқ барча депутатлар томонидан маъқулланди. Шу сабабли унинг қабул қилинишига шубҳаланмаса ҳам бўлаверади, деди бу қонунни ишлаб чиққан парламент Соғлиқни сақлаш қўмитаси расмийси Галина Буянова.

Либерал-демократларнинг Думадаги вакили Дмитрий Носовдан олинган маълумотга кўра, носга тегишли қонунга ўзгартиш Россияда “носвой ишлаб чиқариш, улгуржи ва чакана савдоси таъқиқланади”, деган кўринишга эга:

- Масалан, Ўзбекистонда 90 фоиз томоқ ва лаб раки айнан нос истеъмолидан келиб чиққан. Мен парламент муҳокамасида бу ахлат қанақа кўринишга эга экани ва унга болаларимиз ўрганиб бораётганига депутатлар эътиборини қаратдим, деди телефон орқали суҳбатда фамилияси Носов бўлишига қарамасдан носга қарши кураш эълон қилган депутат.

Думадан олинган хабарга кўра, янги қонунда тамакининг барча оммавий ахборот воситалари, жумладан интернатдаги рекламаси тақиқланади. Шунингдек, бундан буён Россияда тамаки ишлаб чиқарувчи компанияларга сармоялар киритиш ман этилади, электрон сигаретлар ишлаб чиқариш ва савдоси ҳам тақиқланади.

"Нос бўлмаса сигарет..."

Айни пайтда¸ муҳокамалар давомида парламент депутатлари орасида “бу шунчаки чайналадиган табак”, деб носни тақиқлаш мумкин эмаслигини эътироф қилганлар топилди. Россиянинг кўплаб вилоятларида ёшларнинг носга ўрганиши оммавийлашиб бораётганидан хавотир билдирган айрим Россия ўлкаларида нос “енгил наркотик модда”сига тенглаштирилган.

Россиядаги “Ракка қарши жамият” аъзоси, профессор Владимир Левшин Озодлик билан суҳбатда Россияда сотилаётган “ўзбекча” нос “европача” снюс деб номланган нос туридан фарқли санитария нормаларига мутлақо жавоб бермаслиги, унга¸ айниқса¸ ёшларда тез кўникиш ҳосил бўлишини гапиради:

- Нос муайян зарарга эга, шу сабабли уни қатор мамлакатлар, хусусан бизда тақиқлашмоқчи. Унда турли канцерогенлар мавжуд, оҳакдан ташқари унга тишларни ишдан чиқарувчи бошқа номаълум моддалар қўшилади. Нос аввалига Марказий Осиёда кенг истеъмол қилинган. Бу минтақа мамлакатларидаги оғиз бўшлиғи раки энг аввало шу нос билан боғлиқлигини биламан, деди носни Россияда оммалаштирган айнан меҳнат муҳожирлари эканини урғулаган профессор Владимир Левшин.

Москва қурилишларидан бирида меҳнат қилаётган Алишер Россияда нос тақиқланса сигаретга ўтишини гапиради. “Лекин носнинг хумори сигаретникидан қаттиқ бўлади”, дейди нос чекиш бобида катта стажга эга муҳожир:

- Бўлмаса¸ умуман чекмай ҳам юравераман. Нос чекканини кўрсам дарров тортади! Нос тугагунча чекаман, лекин бу ерда чекувчи боллар кўп-ку, ўшалар “Нос кўп, сотамиз”, дейди. 50 сўм берсангиз иккита халтачада олиб келади. Сигаретти хуморидан носни хумори ёмонда¸ нос чекадиганга сигарет берсангиз ҳам хумори тушмайди. Носчекар худди бир нарса йўқотгандек гангиб қолади, дейди Алишер.

Меҳнат муҳожири фикрича, нос хавфини ҳамма билади, лекин кўникиш ҳосил бўлганидан кейин ундан воз кечиш жуда қийин кечади:

- Ўзимизда ишлаб чиққандан кейин ёшлигидан бобоси чеккан, дадаси чеккан, озгина олиб-олиб сигарет чекишдек носга ўрганиб қолган. Мана ўрис боллар жуда кўп ўрганиб қолган. Мени кўрса “Давай насвай, носдан ол!”, дейди. Яқинда келишда олиб келдим ўзим билан. Бир кило носнинг ўзимизда расходи бўлди, бу ерда индашмади: самолётда “Ичида носи боракан”, деб 100 рубл штраф олди, бу ерда ҳеч нарса қилишгани йўқ, деди бошқаларни носга ўрганмасликка даъват қилган наманганлик Алишер.

Думанинг Соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Сергей Калашниковнинг Озодликка билдиришича, "носвой ишлаб чиқариш ва савдо этилиши таъқиқланган", лекин уни истеъмол қилиш ҳақида қонунда бирор нарса дейилмаган.

"Тамаки чекишга қарши” Қонуннинг айрим турдаги тамаки маҳсулотларни тақиқлаш банди 2014 йилнинг 1 июнидан, техник характерга эга тамаки махсулотларининг импорт-экпортига оид қоидаларнинг эса 2017 йилнинг 1 январидан кучга кириши эълон қилинди.

Азиз муштарий, мавзуга оид фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашишингизни, саволларингиз бўлса юборишингизни сўраймиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG