Линклар

Мисрда собиқ президент Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган инқилобнинг 2 йиллиги муносабати билан амалдаги ҳукумат тарафдорлари ва мухолифларининг намойишлари ўтказилди.

Мухолиф сиёсатчи Муҳаммад ЭлБарадеи эълон қилган баёнотда “ҳар бир одамни Мисрнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоғида кўчага чиқиб инқилоб якунланиши лозимлигини намойиш қилишга чақираман”, дейилади.

Қоҳира марказидаги Таҳрир майдонига минглаб мухолифат фаоли чиқди. Муҳаммад Мурсий ҳукуматини ёқловчилар ҳам майдонда пайдо бўлгани икки томон ўртасида кичик-кичик тўқнашувларга сабаб бўлди.

Оломонни тарқатиш учун кўз ёшини оқизувчи газни ишга солган полициячиларга қарата намойишчилар тош отди.

Искандария шаҳрида ҳам тош отган намойишчиларга қарши кўз ёшини оқизувчи газ қўлланди.

Пайшанба куни президент Мурсий ўз тарафдорларини инқилоб 2 йиллигини тинч намойиш билан нишонлашга чақирди.
XS
SM
MD
LG