Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:35

Янгиланиш йўли - Исломга қайтаётган илм


Бир неча аср давом этган таназзулдан кейин илм-фан Ислом дунёсига қайтмоқда. Британияда чиқадиган нуфузли Economist журнали эълон қилган “Янгиланиш йўли” номли мақоланинг тазиси ана шундай. Мақолада 1,6 миллиард нуфусга эга мусулмон дунёсидан саноқли олимлар етишиб чиқаётгани, Американинг биргина Ҳарвард университети 2005 йилда 17 та араб мамлакатларини қўшиб санаганда кўпроқ илмий иш эълон қилгани ёзилади. Шунга қарамай бугунга келиб, Ислом дини ақидасининг ўзи илм-фаннинг кўплаб йўналишларига йўл очиб бераётгани мусулмон дунёси тараққиёти истиқболларини очиши мумкинлигидан баҳс қилинади.



Economist журнали эълон қилган “Янгиланиш йўли” мақоласида 1,6 миллиард нуфуси бўлган Ислом дунёсидан шу пайтгача илм соҳасида атиги иккита Нобел лауреати етишиб чиққани, Ислом конференцияси ташкилотига кирувчи 57 мамлакатда тадқиқот ва изланишлар учун ялпи ички маҳсулотининг бир фоизи ҳам сарфланмаслиги, бунга муқояса сифатида АҚШда иқтисоднинг қарийб уч фоизи, Исроилда 4 фоизидан ортиғи илм-фан тараққиётига йўналтирилиши келтирилади.

Мақола муаллифлари, алгебра илмига асос солган Муҳаммад Ал-Хоразмий, ер курраси айланасини аниқ ҳисоблаб берган Абу Райҳон Беруний, Европа давлатлари учун бирламчи қўлланмага айланган “Тиб қонунлари”ни яратган Абу Али ибн-Синоларни етказиб берган мусулмон дунёсида бир неча аср давом этган илм-фан таназзулига ўрта асрлардан кейин диний ақидалар сўзсиз қабул қилиниши шарт, қабилидаги ёндашув сабаб бўлганини ёзишади.

Ўзбекистонлик педагог олим, ҳозирда Норвегияда муҳожиратда яшаётган Абдулла Абдураззоқ ҳам замонавий тараққиёт омили бўлган алгебра, физика, астрология каби фанларга асос солган олимларни етказиб берган мусулмон дунёсининг муаммоси диний догмаларни ақл билан тушуниш истагининг йўқлигида, деб билади.

- Қуръоннинг ўзида мана битта нарса. Қуръондаги суралар ўша давр учун, ўша вақт учун, ўша жой учун нозил бўлган жуда кўплаб суралар. Бизлар унинг ҳаммасига тадбиқ қилишнинг ўзи нотўғри. Мусулмончилик аста-секин, дейди. Қарангки, Қуръонда мана шу ривоятларнинг ўсиб ўзгариб бориш ҳам ҳаммаси ҳисобга олинган. Фақат унга кўр-кўрона ëндошиш, шундай келган Қуръон, тамом деб унга ëпишиб олиш нотўғри ëндошув оқибатида ҳозиргидек биз сал кулгили аҳволга тушиб қолганимизни тан олишимиз керак,- дейди Абдулла Абдураззоқ.

Таниқли диний уламо, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Ислом дунёсида олимлар етишиб чиқмаяпти, деган фикрларга қўшилмайди. Уламонинг айтишича, ўрта асрларда Ислом вакиллари бўлган буюк олимлар эришган кашфиётлар бугун ҳам амлда қўлланилаётганинг ўзи, бундай иддаоларни инкор қилади.

- Доимо буюк аждодларимиз билан фахрланганда албатта мана шундай улуғ зотларни, буюк аждодларимизнинг номларини доим айтиб турамиз ва уларнинг асарларидан ҳам албатта бутун дунë фойдаланиб келаяпти. Шулар қаторида бизнинг юртимизда ҳам уларнинг асарларини ўқиб таржима қилган, шуларнинг изидан бориб асар ëзган олим-уламолар ҳам узилмасдан келаяпти. Ҳатто совет даврида мустақилликдан олдин Абу Райҳон Беруний номидаги илмий шарқшунослик институтида, ҳозир ҳам бор, шу ерда катта бир олим-уламоларимиз хизмат қилишар эди Абдуфаттоҳ Расуловга ўхшаган, Абдулқодир Муродийга ўхшаган.

Лекин, дея эътироф этади уламо Абдулазиз Мансур, Ислом тарихида илм-фан тараққиётига қаттиқ тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўлган.

- Тўғри, тарихда мутаассиб уламолар бўлган. Жуда ҳам бир таассуб билан фан билан шуғулланувчи уламоларни қоралаб, “Бу мулҳид (худосиз) бўлди, муртад бўлди. Юнон фалсафасига ўтиб кетиб кофир бўлди” деган таъналар ҳам бўлган. Ҳатто Улуғбекка ҳам, Ибн Синога ҳам бўлган. Уларга раддия қилиб рубоий ҳам ëзганлар Ибн Сино. “Дунëда ақл билан, далил билан Оллоҳнинг борлигига ишонувчи одам агар битта бўлса, ўша мен бўламан. Агар мени ҳам кофирга чиқаришса, демак, дунëда мусулмон йўқ экан” деган рубоий ëзганлар. Бу таъна доим бўлиб келган. Бу таъналарнинг манбаи қаерда десангиз, биринчидан, шунақа гапларни рўкач қиладиганлар динга ўзи ижобий ëндошмайдиган, динни қоралаш учун ҳам шу мисолларни келтиради,- дейди шайх Абдулазиз Мансур.

Economist журналидаги “Янгиланиш йўли” мақоласида, Ислом дунёсига илм-фан қайтмоқда, деган тезисга далил ўлароқ, Эрондаги Ройан Институда одам тана хужайрасини тадқиқ қилиш ишлари олиб борилаётганини мисол қилиб келтиради. Ёки тиббиёт фанлари доктори бўлган Миср Президенти Муҳаммад Мурсийнинг ўз ҳукумати тадқиқотларга кўпроқ пул ажратиш ваъдалари ҳам бундай дейишга асос бўлиши айтилади яна мақолада.

Мақола муаллифлари одам тана хужайрасини тадқиқ қилиш насроний дини нуқтаи назаридан Америкада тақиқлангани, лекин ҳомилага жон уч ойдан кейин кириши айтилган Ислом динида бундай тақиқ йўқлигини ҳам қайд этишади.

Шайх Абдулазиз Мансур Ислом дини тўғри, конструктив тарзда талқин қилинса, илм-фанга зид эмас, аксинча унинг тараққиётини ёқлашини айтади.

- Қуръонда келган маълумотлар ҳам, ҳадиси шарифда келган маълумотлар ҳам, агар сенга ҳеч зиддият жойи йўқ, аслида тўғри қаралса, инсоф билан, холисона ëндошилса, мана биз шунинг гувоҳимиз, ўқияпмиз бу нарсаларни, фан билан дин ҳеч қачон айримас. Бири бирини тўлдиради. Агар иккисини ҳам холис ўрганиб, холис ëритилса, холис талқин қилинса, бир-бирини тўлдиради. Бу ерда ҳеч қандай зиддият бўлиши мумкин эмас,- дейди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур.
XS
SM
MD
LG