Линклар

Мисрнинг Сувайиш шаҳрида жума куни намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар келиб чиқиши ортидан мамлакат армияси шаҳар кўчаларида ҳарбий қўшин ҳамда танк ва зирҳли машиналарни жойлаштиришга қарор қилган.

Сувайишда 25 январ куни рўй берган тўқнашувларда камида 7 одам ҳалок бўлгани, 450дан ортиқ одам яралангани хабар қилинмоқда

Миср расмийлари ҳарбий қўшин, танк ва зирхли техника Сувайиш кўчаларида тартибни сақлаш ҳамда ҳукумат идораларини қўриқлаш учун жалб этилганини маълум қилди.

Миср президенти Муҳаммад Мурсий айни пайтда Интернетдаги Твиттер тармоғи орқали фуқароларга мурожаат қилиб, зўравонликни тўхтатиш ва ўз норозиликларини тинч ифода этишга чақирди.

Мисрда норозилик тўлқини Ҳусни Муборак режими ағдарилиши билан якун топган инқилобнинг икки йиллиги арафасида кучайди.

Намойишчилар президент Муҳаммад Мурсий ва Мусулмон биродарлиги ҳаракатини берган ваъдалари устидан чиқмаётганликда айблашмоқда.

Намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар жума куни Мисрнинг бошқа шаҳарлари, жумладан пойтахт Қоҳирадаги Таҳрир майдони ҳамда мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Искандарияда ҳам рўй берди.

Айрим шаҳарларда норозилар Мусулмон биродарлиги ҳаракати қароргоҳлари ва ҳукумат идораларини нишонга олган.

Сувайишда жума куни полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади.

Мисрда тартибсизликлар жаноб Мурсий ўтган йил ноябр ойида ўз ваколатларини кучайтирувчи фармонни чиқариши ортидан бошланганди.

Мухолифат босими остида Муҳаммад Мурсий ўз фармонини бекор қилди, бироқ конституция лойиҳасидан воз кечишдан бош тортди.

Намойишчилар Мисрда декабр ойги бахсли референдумда қабул қилинган янги конституцияни бекор қилиш ёки унга ўзгартишлар киритилишини талаб этмоқда.

Мухолифат тарафдорларининг даъво қилишича, исломий гуруҳлар фойдасига хизмат қилувчи янги конституцияда аёллар ва мамлакат аҳолисининг деярли 10 фоизини ташкил этган насронийлар манфаати етарлича инобатга олинмаган.

Президент Мурсий тарафдорлари эса янги конституция демократия ва барқарорликни кафолатлайди деган фикрдалар.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG