Линклар

logo-print

Яқин уч ҳафтадан буён қамалда қолаётган Фарғона вилоятининг Сўх эксклави аҳолисига Ўзбекистон ҳукумати юборган гуманитар ёрдам тарқатилмоқда.Сўхга 31 та, Шоҳимардонга эса 16 та юк машинасида инсонпарварлик ёрдами етказилган.

Сўхга 25 январ куни етиб келган 31та юк машиналаридаги озиқ-овқат маҳсулотлари, бензин, совун, пропан гази рўйхат билан аҳолига тарқатилмоқда.

Бироқ сўхликларнинг айтишларича, автоуловлар карвонининг бир қисмини Чашма қишлоғига кираверишдаги чегара постида 50ка яқин қирғизистонликлар ўтказмай ушлаб турган. Автоуловларни қўриқлаб келаётган қирғизистонлик милиция ходимларининг аралашуви билан юк Сўхга олиб ўтилган.

Сўх туманининг Чашма қишлоғида истиқомат қилувчи, овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган манбага кўра, 25 январ куни автоуловлар карвони Сўх тумани чегарасига кириб келаётганда, қирғизистонликлар йўлни тўсишга ҳаракат қилган:

- Чашма постидан гуманитар юклар ортилган машиналар ўтаётган эди. Жаббор Самадов деган бир қирғизистонлик ўша ерда 50 чоғли одамни тўплаб машиналарни йўлини тўсишга ҳаракат қилган. Йигирматача машина ўтгандан кейин, қолган машиналар йўлини тўсиб ўтказмай қўйган. Мен у одамни яхши танийман. Бизнинг тўйу маракаларда доим қатнашиб юрарди. Борди-келдимиз яхши эди. Қишлоғимиз одамлари унинг бу қилиғидан жуда хафа бўлдилар. Кейин қирғизистонлик милиция ходимлари аралашиб, воқеани тинч ҳал қилганлар. Автоуловлар карвони зиён кўрмасдан Сўхга кириб келди,- деди сўхлик бу манба.

Унинг айтишича, 25 январ кунидан бошлаб сўхликларга инсонпарварлик ёрдами тарқатила бошланди:

- Юк машиналарида пропан гази солинган баллонлар, ун, ёғ, макарон, совун каби маҳсулотлар ортилганини кўрдик. Шунингдек бензовозлар ҳам бор эди. 25 январ куни тушдан кейин бу маҳсулотлар тарқатила бошланди,- дейди чашмалик манба.

Сўх туманининг Ғазнок қишлоғида истиқомат қилувчи бошқа бир манбанинг айтишича, инсонпарварлик ёрдами қишлоқма-қишлоқ тарқатилмоқда:

- Машинаси бор одамларга етти-ўн литрдан бензин бериляпти. Бензин нархи бир ярим минг сўмгача тушиб кетди. Қирғизистонликлар ҳам йўлини қилиб бензин ўтказяпти бу ёққа,- дейди Озодлик манбаси.

23 январда Қирғизистон расмийлари Сўхга инсонпарварлик ёрдами олиб ўтишга рухсат берганларини билдирган бўлсалар-да, йўл фақат жума куни очилган.

Шунингдек, гуманитар юклар ортилган 16та юк машинаси жума эрталаб Ўзбекистоннинг Шоҳимардон қишлоғига етиб келган.

Айни пайтда Ўзбекистон томони ҳам қирғиз юк машиналарининг Барак эксклавига кириши учун йўлни очиб берган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирига кўра, икки КамАЗ юк машинаси, тўртта енгил машина ҳамда бир микроавтобусдан иборат гуманитар ёрдам карвони Ўзбекистоннинг Бирлашган қишлоғи ҳудудидан ўтиб, Барак эксклавига етиб борган.

5 январ куни Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги ҳодисалар ортидан Қирғизистон Сўх анклавига олиб борувчи йўлда жойлашган чегара-ўтиш нуқталарини бекитган эди.

Кейинчалик Ўзбекистон ҳам қатор чегара ўтиш нуқталарида Қирғизистон фуқаролари учун ҳаракатни чеклаган эди.

22 январ кунидан бошлаб эса қирғиз чегара хизмати Ўзбекистон Қирғизистон билан темирйўл ўтиш нуқталарини ҳам ёпиб қўйганини маълум қилганди.

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Барак анклави атрофидаги чегара нуқталари январ ойи ўрталаридан бери ёпиб қўйилгани боис у ердаги аҳоли ҳам "қамал" ҳолатида қолганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG