Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:14

Ҳайдар Алиевнинг Мехикодаги ҳайкали кўчирилди


Ҳайдар Алиевнинг Мехико шаҳридаги ҳайкали.
Ҳайдар Алиевнинг Мехико шаҳридаги ҳайкали.
Мексика расмийлари пойтахт Мехико марказидаги паркка ўрнатилган ва баҳсларга сабаб бўлган Озарбайжон собиқ президенти Ҳайдар Алиевнинг ҳайкалини кўчирди.

Хабарларга кўра, Алиевнинг бронзадан ишланган ҳайкали шанба куни Чапултепек паркидан олиб кетилган.

Озарбайжон расмийлари ҳозирча бунга ҳеч қандай муносабат билдирмади.

Ундан олдин Боку расмийлари ҳайкалнинг кўчирилиши Мексика билан муносабатларга путур етказиши ҳақида огоҳлантирган эди.

2012 йил август ойида Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали ўрнатилиши муносабати билан Озарбайжон ҳукумати паркнинг бир қисмини ободонлаштириш ишларига беш миллион доллар ажратган.

Паркнинг ҳайкал ўрнатилган қисми эса “Мексика-Озарбайжон дўстлик парки” деб аталган.

Озарбайжон расмийларига кўра, Мехико шаҳар ҳокимияти Ҳайдар Алиевнинг ҳайкали паркда 99 йил туриши ҳақида шартнома имзолаган.

Мехико шаҳар ҳокимияти 26 январ куни эълон қилган баёнотда “Озарбайжон халқи, унинг маданияти ва анъаналарига ҳурмат катта экани” ва ҳайкал масаласида Озарбайжон элчихонаси билан музокаралар олиб боришга тайёр экани билдирилган.

Мехико расмийлари Ҳайдар Алиевнинг ҳайкалини пойтахтнинг бошқа қисмига кўчиришни таклиф қилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари авторитар ва инсон ҳуқуқларини бузиб келган режимга бошчилик қилган Ҳайдар Алиевга Мехикода ҳайкал ўрнатилганини ўзларига ҳақорат, деб қабул қилганлар.

Ҳайдар Алиев Совет Иттифоқи даврида Озарбайжон коммунистик партияси раҳбари бўлган.

1993 йилда у мустақил Озарбайжонга президент бўлган. 2003 йилда вафот этганидан сўнг Ҳайдар Алиевнинг ўрнини ўғли, Озарбайжоннинг ҳозирги президенти Илҳом Алиев эгаллаган.

Мексикалик ёзувчи Хомеро Аридйис Озарбайжон собиқ президенти ҳайкалининг пойтахт марказидаги паркка ўрнатиш ташаббусига қарши чиққанлар гуруҳига бошчилик қилган.

100 нафар зиёлидан иборат бўлган гуруҳ аъзолари мексикаликлар деярли билмайдиган Озарбайжон раҳбари учун паркка ҳайкал ўрнатиш ўринли эмас, деган фикрдалар.

Ўтган йил ноябр ойида Мексика маслаҳат комиссияси пойтахт ҳокимияти Ҳайдар Алиевга ҳайкал ўрнатишга рухсат бергани ва хориж ҳукуматидан пул олганини нотўғри, дея баҳолаган.

Мехико шаҳридаги ҳайкал хорижий давлатда Ҳайдар Алиевга ўрнатилган ўн битта ҳайкалдан биридир.

Ҳайдар Алиев ҳайкаллари Туркия, Грузия, Миср, Ироқ, Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Украина, Сербия, Руминия ва Молдовада ҳам ўрнатилган.
XS
SM
MD
LG