Линклар

logo-print

1945 йил 27 январда Совет қўшинлари Германия фашистларининг Полшадаги Освенцим ўлим лагеридан маҳбусларни озод қилган. 2005 йилдан бери 27 январ халқаро ҳамжамият томонидан Холокост қурбонлари куни сифатида хотирлаб келинмоқда.

Холокост қурбонлари хотираси куни муносабати билан БМТ Бош котиби Бан Ки Мун эълон қилган баёнотда яҳудий ва бошқа миллат вакилларини оммавий қирғиндан қутқариш учун ҳаётини таҳликага қўйганлар бугунги кунда дунёдаги вазиятни яхшилашда одамлар учун намуна бўлишлари кераклиги билдирилган.

Сана муносабати билан Европа парламенти президенти Мартин Шулц Европа парламенти биносида Раул Валленберг номли хонанинг тантанали очилиши маросимига бошчилик қилди.

Валленберг минглаб яҳудийни ўлим лагеридан сақлаб қолган швециялик дипломат.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотига раислик қилаётган Украина Ташқи ишлар вазири Леонид Кожара тоқатсизлик, камситиш ва нафрат билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишга чақирди.

Москвадаги Яҳудий музейи ва толерантлик марказида ўтказилган хотира маросимига Россия Бош раббиси Берел Лазар бошчилик қилди. Лазар тарих қайтарилиши хавфи ҳар доим бўлиб келганини таъкидлади.

- Афсуски, Холокост бизга бу бир марта рўй берган бўлса, ҳар доим қайтарилиши мумкинлигини ўтгатади. Биз дунёнинг турли минтақаларида нафақат бундай ҳиссиётлар мавжуд экани балки, ҳаракатлар борлигини кўряпмиз, дея баён қилди Россия Бош раббиси.

Холокостда европалик 6 миллион яҳудий болалар, аёллар ва эркаклар ўлгани айтилади.

Венгрия Бош вазири Виктор Орбан якшанба куни қилган чиқишида анти-семитизмни қоралади.

Ундан олдин Орбаннинг ҳукумати сиёсатчилар ва матбуот орқали эълон қилинган яҳудийларга қарши баёнотларини қоралашни пайсалга солганликда танқид қилинган эди.

1944 йил бошида Венгрия ҳукумати ёрдамида фашистлар 600 минг яҳудийни қуршовга олган ва Освецим лагерига жўнатган.

Уларнинг аксари лагердаги газ камераларида ўлдирилган.

Ҳозир Венгрияда тахминан 100 минг яҳудий яшайди.

Италиянинг Милан шаҳрида ҳам 27 январ куни Холокост қурбонлари хотирланди.

Маросимда иштирок этган собиқ бош вазири Силвио Берлускони Италиянинг фашист диктатори Бенито Муссалини “кўп ишларни тўғри қилгани”ни аммо унинг энг катта хатоси ирқчилик сиёсати бўлганини урғулади.
XS
SM
MD
LG