Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:39

"Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф кўп китоб ёзаётган уламо"


Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда, асосан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг китоблари чоп этилаётгани сабаби расман, бошқа муаллифларга чеклов мавжудлиги эмас балки шайх ҳазратларининг сермаҳсуллиги билан изоҳланди.

"Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг ушбу сони Ўзбекистонда шу кунларда чоп этилаётган диний адабиётлар сони, мазмуни ва сифатини ўрганишга қаратилди.

Дастлаб, мамлакатда чоп этилажак диний адабиётлар учун учун махсус рухсати талаб қилинган идора – Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги Экспертлар гуруҳи раҳбаридан олинган маълумотлар билан танишинг.


"Бир йилда 20-30 номдаги диний китоб чоп этилади"

Озодликка мунтазам интервюлар бериб келган уламо – мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистонда чоп этилажак диний китобларни кўздан кечирадиган экспертлар гуруҳининг раҳбаридир.

Шайх ҳазратларига кўра, шу кунларда идорага тақдим этилаётган қўлёзмалар сони кўпайган.

- Иш вақтимнинг 50 фоизи қўлёзмаларни кўриб чиқишга сафраланади, десам хато бўлмайди. Уларни мазмуни, имло хатоларини ҳам кўриб чиқамиз, таҳрир қилиб, ўзимизнинг соф ислом таълимотига мос бўлса, маъқуллаймиз. Агар 50 фоизга зид бўлса қайтариб ҳам юборамиз. Биз диний жиҳатини кўриб чиққандан кейин қўлёзмани Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитага берамиз. Улар сиёсий, дунёқараш жиҳатдан, мантиқий, фалсафий жиҳатдан мазмунини кўриб чиқиб, хатолари бўлса тузатиб, агар умуман тўғри келмаса, рад этишга ҳам ҳақли, деди шайх Абдулазиз Мансур.

Унга кўра, кейинги йилларда Ўзбекистонда йилига ўртача 20-30 номдаги диний адабиёт чоп этилмоқда. Аммо, уларнинг умумий адади ҳақида маълумот берилмади.

Шунингдек, Ўзбекистонда китоб ёзаётган имомлар сони ҳам ортмоқда ва уларнинг кўпчилиги мамлакат ҳукуматининг сиёсатига эътиборлидир.

Шайх ҳазратлари кейинги йилларда асосий эътибор тажрималардан кўра кўпроқ мамлакат ичкарисидаги шунақа муаллифлар ижодини кенгайтиришга қаратилганини урғулаб ўтди.

- Таржималар аввал кўп эди. Ҳозир янги асарлар ҳам яратишяпти. Масалан, ўтган йиллардан бири "Оила йили" бўлгани учун кўп уламоларимиз ҳам оила мустаҳкамлиги, ота-оналарнинг вазифалари каби мавзуларда ёзишди. Мен ўзим бир нечасини кўриб берган эдим, деди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур.


"Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф - энг фаол уламодир"

Кейинги йилларда Ўзбекистонда чоп этилаётган диний адабиётлар сон ва мазмун жиҳатдан чеклангани, асосан жуда оз сонли муаллифнинг ҳукумат томонидан маъқулланган руҳдаги асари чоп этилиши ҳақидаги танқидлар бот-бот такрорланиб келмоқда.

Бундан ташқари, бармоқ билан санарли китоб дўконларида ҳам китоблари сотилаётган бир муаллиф Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари экани ҳақидаги мулоҳазаларга жавобан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур "Ҳа, бу тўғри", деб жавоб берди.

- Ҳа, бу тўғри. Чунки, шайх ҳазратлари ҳақиқатда ҳам жуда кўп диний китобларни ёзяптилар. У киши ёзган китоблар ҳамма расталарда бор. Ҳамма ўқийди. Бу дегани, бошқаларнинг китоблари чиқмаяпти, дегани эмас. Фақат у киши 50 фоиздан кўпроқ вақтини шу китоб ёзишга бағишлаяптиларда. "Тафсири Ҳилол"нинг 6 томини ёзиб тугатдилар, халқ катта қизиқиш билан ўқияпти, қайта ва қайта нашр қилинаяпти. Шунга вақт ажратиб, ёздиларда, деди Мусулмонлар идораси раиси ўринбосари.

У киши шайх ҳазратларидан бошқа муаллифларнинг асарлари ёки умуман, Ўзбекистонда диний адабиётлар сони ва мазмунига чеклов мавжудлиги ҳақидаги танқидларни инкор қилди.

- Бизда диний китоб ёзаётган муаллифлар кўп ҳозир. Мирзо Кенжабек бор, Сайфитдин Рафитдинов бор, Абдуқаҳҳор Иброҳимов. Ҳозир кўпчиликларининг номи ёдимга келмай турибди. Лекин кўп, диний китобларни ёзаётган уламолар, имомлар ҳам кўпяяпти кейинги даврларда, деди Мусулмонлар идораси расмийси.


Ҳали бирор қўлёзмасига рад жавоби олмаган муаллиф

Мусулмонлар идораси расмийсидан олинган маълумотлардан сўнг биз Ўзбекистонда чоп этилаётган диний адабиётларнинг айримлари муаллифи, айримларининг тақризчиси, айримларининг эса муҳаррири бўлган адабиётшунос, исломшунос олим, тасаввуф адабиётининг Ўзбекистондаги йирик тақиқотчиларидан бири Сайфитдин Рафитдинов билан боғландик.

Исломшунос олим, умумиятла Ўзбекистонда чоп этилаётган диний адабиётларнинг мазмуни ва миқдоридан қониқишини айтди.

У, шунингдек бундай адабиётларнинг 93 фоиздан ортиғи мусулмон бўлган Ўзбекистоннинг 30 миллионлик аҳолиси учун ўта оз экани ҳақидаги танқидий қарашларга ҳам қўшилмаслигини айтди.

- Мустақиллик йилларидан кейин диний адабиётлар, айниқса тасаввуфий адабиётлар жуда кўп чоп этилди. Турк тилларидан таржималар чиқди. Совет даврида тақиқланган диний китоблар чиқди, мен шахсан ўзим жуда кўп китобларнинг нашр этилишида иштирок этдим, деди олим.

Айни пайтда у бугунги ўзбекистонликларнинг эҳтиёжи ҳақидаги кузатувларни ҳам айтиб ўтди.

- Бугунги мусулмонларни ҳақиқий Ислом қандай дин, пайғамбарлар, авлиёларнинг қиссалари кўп қизиқтиради. Мен яқинда бир нашриёт билан гаплашганимда шу пайғамбарлар, авлиёларнинг қиссаларига, ҳадиси шарифларга қизиқиш катталигини айтишди, деди Сайфитдин Рафитдинов.

У кишидан: "Бугунги ислом, глобал дунё ва мусулмонлар олами ўртасида туғилаётган янги ижтимоий-сиёсий масалалар, зиддиятлар ҳақида ҳам китоблар чоп этилаяптими?" деб сўрадик.

- Бор, бор. Бунақа китоблар ҳам чоп этиляпти. Масалан, "Ислом террорга қарши", "Ислом ҳазораси" деган китоблар таржима бўлди. Умуман, ислом ва сиёсат, бугунги мусулмонлар ҳақида китоблар чиқяпти. Мақолаларам кўп ёзиляпти, деди диний китоблар муаллифи.

Сайфитдин Рафитдинов Ўзбекистон мустақилликка эришган сўнгги 20 йил давомида Мусулмонлар идораси ёки Дин ишлари бўйича қўмита томонидан бирор марта қўлёзмаси қайтарилмаганини айтди.

- Аслида кўп нарса муаллифларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Изланиб, янги-янги китобларни ёзишлари керак, яхши китобларни тақдим қилишлари керак. Мен Ўзбекистонда мусулмонларнинг эҳтиёжига яраша китоблар чиқяпти, деб ўйлайман. Мусулмонлар идораси, Дин ишлари бўйича қўмита бу масалада кўп иш қилди, деди адабиётшунос, исломшунос олим, тасаввуф адабиётининг Ўзбекистондаги таниқли тақиқотчиларидан бири Сайфитдин Рафитдинов.


Диний матнни чоп этиш учун махсус рухсат керак

Тошкентдаги бир қатор нашриётларга қилган мурожаатларимиз натижасида диний мазмундаги китобларни чоп этиш алоҳида, саноқли нашриётлар масъулиятида экани, бу нашриётлардан бошқа нашриётларда чоп этилажак китобларда ҳам Қурон оятлари ёки ҳадислардан намуналар бўлса, албатта махсус рухсат этилган нашриётлар кўригидан ўтиши керак, деган қатъий талаб борлигига гувоҳ бўлдик.

- Диний китоб чиқариш учун Ўзбекистон Давлат Матбуот қўмитаси махсус рухсат беради. Яъни, қўмита берган лицензияда чоп этишга рухсат берилган адабиётлар рўйхати бўлади. Шу рўйхатда кўрсатилмаган бўлса, диний мазмундаги адабиётни ҳеч ким чоп эта олмайди, деди, жумладан Тошкентдаги хусусий нашриётлардан бирининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими.

Бир қатор нашриётлар ходимлари сўзларига кўра, диний адабиётлар энг кўп чоп этилаётган ва катта тиражларда чоп этилаётган нашриётлар, асосан махсус рухсатга эга бўлган “Мовараууннаҳр” нашриёти ва Шарқ концернидир.

Озодлик мухбири номлари тилга олинган нашриётларга ҳам боғланди, аммо улардан бу борада маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Хусусан, Шарқ концернининг диний адабиётлар мазмунига масъул бўлими чоп этилаётган диний китоблар кўплигини таъкидлар экан, уларнинг адади ҳақида маълумот бера олмаслигини айтди.

Бизга яна бир карра - диний адабиётлар чоп этилишига асосий рухсатни берувчи Дин ишлари бўйича қўмитанинг Экспертлар гуруҳига мурожаат қилиш тавсия қилинди.

Аммо, қўмита Озодликнинг мунтазам мурожаатларини жавобсиз қолдириб келмоқда.


"Диний-экстремистик оқимлар ҳақида аниқ қўлланмалар йўқ"

Шу тариқа, Ўзбекистонда бугунги кунда чоп этилаётган диний адабиётлар – китоб, брошюра, журнал, аудио-видео материалларнинг аниқ ададига оид расмий маълумотларни олишга муваффақ бўлмадик.

Аммо, йиллар давомида Озодликка боғланиб келаётган ўзбекистонлик диндорлар томонидан ҳамда қатор халқаро ташкилотлар, жумладан АҚШ Давлат департаменти, "Форум 18", "Мемориал" ташкилотлари ҳисоботларида Ўзбекистонда чоп этилаётган диний адабиётларинг мазмуни ва ададига чеклов борлиги ҳақида айтиб келинади.

Ҳатто, Ўзбекистонда тақиқланган ва йиллар давомида диндорларга нисбатан илгари сурилаётган айбловларда номи тилга олинаётган диний оқимлар, жумладан "Ҳизбут Таҳрир", "Ваҳҳобийлар", "Салафийлар", "Жиҳодчилар", "Ўзбекистон исломий ҳаракати", "Туркистон исломий ҳаракати" каби тақиқланган диний-экстремистик оқимлар ҳақида аниқ қўлланмаларнинг йўқлиги айтилади.

Ушбу мавзуни ўрганиш жараёнида Тошкентдаги ягона диний китоблар дўкони саналган "Китоблар дунёси" савдо растасига бориб келган журналист Абдураҳмон Ташанов номи тилга олинган оқимлар ҳақида аниқ маълумот берувчи қўлланмага кўзи тушмаганини айтди.

Ўз вақтида диний адабиётлар Ўзбекистон пойтахти ва бошқа шаҳар қишлоқларидаги масжидлар, бозорларда сотилар эди.

2000 йилардан сўнг бундай расталар қисқара бошлади ва ҳозирга келиб, диний адабиётлар, асосан марказий ва маҳаллий ҳукуматлар рухсат берган оз сонли нуқталарда, ўта чекланган микдор ва мазмунда сотилаётгани айтилади.

- Аслида мен бугунги ислом қанақа, унинг мавқеи қанақа, дунёдаги проблемаларни қандай ҳал қилаяпти, бугунги исломнинг ислоҳий дастурлари, замон талабларига нақадар жавоб бераётгани ҳақидаги актуал масалаларда ёзилган китобларни ўқишни истар эдим. Афсуски, бизда бунақа масалаларни таҳлил қиладиган олимларнинг ўзи кам, деб ҳисоблайди мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Аммо, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўрибносари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларига кўра, бундай мазмундаги китобларга Ўзбекистонда эҳтиёж катта эмас.

Шайх ҳазратлари билан бу борадаги суҳбат, шунингдек Ўзбекистонда чоп этилаётган диний адабиётлар мазмуни ва савдоси, диний китобларга халқнинг эҳтиёжига оид бошқа маълумотлар, фикр-мулоҳазаларни қуйида — "Ислом ва мусулмонлар" эшиттиришининг навбатдаги сонида тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:57 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG