Линклар

logo-print

АҚШ Давлат департаменти расмийси ҳуқуқ фаоллари билан учрашди


Жим Бигус (ўнгдан иккинчи) ўзбекистонлик фаоллар билан.

Жим Бигус (ўнгдан иккинчи) ўзбекистонлик фаоллар билан.

АҚШ Давлат Департаментининг Инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича Жанубий ва Марказий Осиё бўлими директори Жим Бигус Тошкентда ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашди. Мулоқот чоғида инсон ҳуқуқлари аҳволи, ижтимоий-иқтисодий вазият ва бошқа муаммолар муҳокама қилинди.

АҚШ Давлат Департаменти масъули Жим Бигус 26 январ куни Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов билан учрашди.

Икромовга кўра, мулоқот чоғида АҚШ мулозими ҳуқуқ ҳимоячиларини қандай муаммолар ташвишга солаётгани билан қизиққан.

- Сиёсий ва диний мотивлар билан қамалишлар, қийноқлар масаласида гапириб бердик. Бундан ташқари, иқтисодий масала, жумладан, Ўзбекистон иқтисоди қай аҳволда экани, электр, газ йўқлиги сабабли аҳоли қишни оғир ўтказаётгани тўғрисида гапириб бердик. Жим Бигус мажбурий меҳнат ҳақида сўради. Биз болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳақида гапириб бердик.

Болаларнинг мажбурий меҳнати камайтирилган. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг айрим жойларда болаларни мажбурий пахта теримига жалб қилишаяпти. Буларни гапирдик. Катталар, асосан бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани тўғрисида гапирдик, - деди Суръат Икромов.

Унинг айтишича, Жон Бигус билан учрашувда таниқли хонанда, диссидент Дадахон Ҳасанов ҳам иштирок этган.

АҚШ Давлат Департаментининг Инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича Жанубий ва Марказий Осиё бўлими директори Жим Бигус шанба куни Ўзбекистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш алянси вакиллари ва Бирдамлик ҳаракати раҳбари Малоҳат Эшонқулова билан ҳам учрашган.

Алянс раҳбари Елена Урлаева Озодликка ҳуқуқ фаоллари АҚШ мулозимига Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволи билан боғлиқ долзарб муаммолар ҳақида сўзлаб берганларини айтди.

- Сўнгги учрашувда мусулмонларнинг таъқиб қилиниши, қийноқлар, ҳуқуқ ҳимоячиларининг болалари ўғирланиши, хусусан, Ким Аделаида ва Лариса Григорева билан бўлган воқеалар, ҳокимият вакилларининг ўзбошимчалиги муҳокама қилинди. Бувайда туманидан келган Неъматжон Сидиқов вилоятларда бир неча йилдан бери электр, газ, сув йўқлиги ва бу одатий ҳаётга айланиб қолганини айтиб берди.

Кейин сиёсий ва диний сабабларга кўра қамалганлар амнистияга тушмаслиги каби масалалар кўтарилди. Шунингдек, фуқаролик ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар кўрилди. Болалар мажбурий меҳнати, сўз эркинлиги ва милиция ҳақидаги қонун йўқлиги муҳокама қилинди, деди Ўзбекистон ҳуқуқни ҳимоя қилиш алянси раҳбари.

Елена Урлаевага кўра, АҚШ расмийси билан учрашувда қатнашган Бирдамлик ҳаракатининг Ўзбекистондаги вакили Малоҳат Эшонқулова фаолларнинг таъқиб этилиши, сўз эркинлиги йўқлиги, аёлларнинг мажбуран стерилизация қилиниши ва бошқа муаммолар ҳақида сўзлаган.

АҚШ Давлат Департаментининг Инсон ҳуқуқлари ва меҳнат масалалари бўйича Жанубий ва Марказий Осиё бўлими директори Жим Бигуснинг ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашувида Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг иккинчи котиби Эрик Коллингс ва элчихона ходими Мамед Асқаров иштирок этган.
XS
SM
MD
LG