Линклар

logo-print

Мавзуга қайтилди: "Консулликда муносабат яхшиланди"

  • Барно Анвар

Кореялик йигитга турмушга чиққан ўзбек қизи Дилхумор.

Кореялик йигитга турмушга чиққан ўзбек қизи Дилхумор.

Озодлик махсус эшиттиришидан сўнг Кореяга келин бўлиб тушган қизлар Сеулдаги элчилик муносабати янада яхшилангани, Россиядаги ўзбекистонликлар эса консуллик биноси олдидаги турнақатор навбатнинг ғойиб бўлганини хабар қилдилар.


“Ўзбек элчихонаси эшигида...” эшиттиришининг шу кунга қадар 4 та сони ҳавога узатилди ва бу эшиттиришлар ортидан билдирилган фикр-муносабатлар орасида ижобий ўзгаришлар ҳақида хабар қилинди.

Ушбу эшиттиришда ана шу муносабатлардан баъзиларига тўхталдик ва шу кунга қадар фаолиятига тўхталганимиз элчихоналарга яна боғланишга уриниб кўрдик.

Дастлаб айрим хушхабарларга тўхталамиз.


"Сеулдаги элчиликнинг муносабатидан мамнунмиз"

Илк ижобий хабарни эшиттиришимизнинг Сеулдаги ўзбек элчилиги консуллик хизмати фаолиятига бағишланган сонида иштирок этган ва ҳужжат муаммоси боис Ўзбекистонга бора олмаётганидан арз қилган Нигорадан олдик.

Аввалги эшиттиришимизда у Сеулдаги консуллик хизматига телефон орқали боғланиш қийинлиги, боғланган тақдирда ҳам саволларга тўлиқ жавоб олиш имконсизлиги, аксар ҳолларда ходимларнинг муносабати қўполлигидан норози бўлган эди.

Муҳими, Нигора Жанубий Кореяда туғилган ва Корея фуқароси бўлган фарзанди билан Ўзбекистонга бора олмаётгани, бунинг учун элчиликдан тегишли ҳужжатларни олиш имконсиз бўлиб қолганини айтган эди.

Консуллик муносабати ўзгарганидан мамнунлиги битилган икки сатрдаги мактубини олгач, унга қўнғироқ қилдик.

- Ҳозир муносабат ўзгарган. Аввал телефонига тушиш қийин эди. Ҳозир эса иккита қизни қўйиб қўйишган, бири ўзбек, бири рус тилида гаплашади. Нима ҳужжатлар кераклигини яхшилаб тушунтиришади. Кейин болаларга ҳужжат проблема бўлаётган эдику, қизлар айтишдики, уларнинг болаларига тезда ҳужжат қилиб беришибди. Бир-иккита қизларимиз уйига кетишди, деди Нигора.

Эслатиш керак, шу кунга қадар “Ўзбек элчихонаси эшигида...” лойиҳаси доирасида боғланганимиз ўзбек консулликлари орасида айнан Сеулдаги консуллик мурожаатларимизга ўз вақтида ва ваколати доирасида жавоб берди.

Озодлик саволларига Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Феннинг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Бахтиёр Ибрагимов жавоб берган эди.

Шунингдек, ёзма мурожаатимизга консул Қаҳрамон Долимовдан ҳам ҳамкорликка ҳозирлиги тўғрисида ёзма жавоб олган эдик.

“Ўзбек элчихонаси эшигида...” лойиҳаси доирасидаги изланишлар жараёнида ўрнатилган ҳамкорлик учун Сеулдаги элчилик ходимларига миннатдорчилик билдириб қоламиз.


"Россиядаги элчилик ёнида турнақатор навбат ғойиб бўлди"

Яна бир позитив муносабат битилган мактубни ўзини Россияда юрган ўзбекистонлик Нишон, деб таништирган тингловчидан олдик.

Бу тингловчининг ёзишича, у 2010 йилда Москва шаҳрида паспортини йўқотган ва шунинг ортидан Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллик хизматига борган.

Одатан, элчихона олдида турнақатор навбат бўлиши ҳақида эшитган Нишонбой эрталаб соат 6 да консуллик дарвозаси ёнига етиб борганини ёзган.

Қуйида унинг мактубидан айни олинган иқтибосни келтирамиз:

“Soat 8 larda 120 kishini ismini yozganman 2-й Казачий переулок odamlar bilan tulib ketdi yuldan utayotgan rus shafyorlar kulib birovi yulni bushat deb sukib tashlardi.9da ichkaridan konsullik oxranasi chiqib qulimdagi qogozni oldi va qarab chiqib bu yirda xech qanaqa spisok bulmaydi birinchi ayollar bir tarafga uting deb yirtib tashladi.men xam ayollardan kiyin birinchilardan bulib kirdim ichkarida yana bitta eshik bor ekan u yirdan faqat dokumeti yitarli bulganlarni tekshirib utqizyabdi”, деб ёзади Нишонбой.

Нишонбой мактуби давомида йўқолган паспорти ҳақида тегишли маълумотномани олиш учун зарур ҳужжатларни тўлдириб, топшириб чиққанида кун яримлаб қолгани ва консуллик остонасида ҳали ҳам одам йиғилиб турганини ёзган.

Яна мактубдан иқтибос:

“Soat 4da tayyor dokumetlar tarqatiladi ketib qolmang dedi kuchada somsa sotadigan bobodan somsa olib yib utirdik ichkaridayam magazin boru qimmat ekan.xox ishoning ishonmang kimki uterya ga kelgan bulsa xamma kirib topshirib chiqdi va soat 4dan boshlab tarqata boshladi men soat 6 larda dokumetimni oldim ish vaqti 6gacha bulsada yana odamlar dokumentini olishda davom etardi”, деб ёзади Нишонбой.

Паспортининг йўқолганини тасдиқловчи ҳужжатни бир кунда олган Нишонбой бу жараённинг сурилиб кетиши ёки бундай ҳужжатни ололмасликка аксар ҳолда ҳамюртларининг ҳужжат ишларига эътиборсизлиги ёки саводининг етмаслиги сабаб, деб билишини хулоса қилган.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси консуллиги ҳақидаги эшиттиришимизда иштирок этган айрим ўзбекистонликлар у ерда навбатнинг катталиги, оддий маълумотнома олиш учун 3 кунлаб навбат кутиши, вебсайтдаги телефонлар билан боғланиш деярли имконсизлиги ва муҳими, консулликнинг қоровулларидан тортиб, ходимларига қадар келган фуқароларга қўпол муносабатда бўлишидан норози бўлган эди.

Биз элчихонанинг ўзини консулнинг катта ёрдамичиси Арсен Ибрагимов, деб таништирган ва - 7 (499) 230-00-54 телефон рақамига такрор-такрор қўнғироқлардан бирига жавоб берган ходимидан баъзи маълумотларни олишга муваффақ бўлган эдик ва бу ходим шикоятлардаги аксар айбловларни рад этган эди.

У ҳам консулликдаги турнақатор навбатларнинг сабаби Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони кўплигию консуллик ходимларининг озлиги, топширилаётган ҳужжатларда хатоларнинг кўплиги билан изоҳлаган эди.

Москвадаги элчихона консуллик хизмати ҳақида эшиттириш тайёрлаганимиздан сўнг Москвадан яна бир яхши хабар олдик.

Янги йил - 2013 йилнинг бошидан буён консуллик дарвозаси олдидаги турнақатор навбат ғойиб бўлган.

Биз бунинг сабабини сўраб, элчихонанинг матбуот хизматига боғланганимизда, матбуот ходими бу ҳақда кейинроқ тўлиқ маълумот берилишини ваъда қилди.

Энди эса ҳануз элчиликлар остонасида сарсон қолаётганлардан олинган мурожаатларга тўхталсак.


"Она ватанимиз консуллигида на ҳурмат бор, на бейж"

Ўзбекистоннинг турли давлатларидаги консуллик хизматлари фаолиятидан норози бўлаётган тингловчилар ҳануз кўп.

“Ўзбек элчихонаси эшигида...” лойиҳасини бошлаганимиздан бери кети узилмаётган танқид ва шикоятларнинг аксариятида консуллик хизматларининг расмий сайтларида берилган телефон рақамлари ва электрон манзиллар орқали улар билан боғланиш жуда қийинлиги айтилади.

Хусусан, Москвадаги консуллик ҳақида шу кунларда Озодликка боғланган ва ўзини ўзбекистонлик Феруз, деб таништирган йигит шу кеча кундузда гувоҳ бўлгани ҳодисани сўзлаб берди.

- Менинг тоғам 9 йилдан бери Россияда, Новосибирскда. У паспортини йўқотиб қўйди. У менга боғланди, ёрдам сўраб. Биз ўтган ҳафта бордик элчихонага. Бизга Ўзбекистондаги доимий яшаш жойидан РУВДнинг спарвакасини олиб келинг, дейишди. Қариндошларимиз жўнатишди. Мен справкани уларнинг факсига икки марта, кеча ва бугун жўнатдим. Эрталаб тоғам борса, олдинига ҳужжатни келмади, дейишибди. Кейин бўлса: "Келди, лекин буни скан қилиб жўнатинг", дейишибди, дейди Феруз.

Тоға-жиян консуллик талабини бажарибди.

- Кейин сканер қилиб маълумотнома нусхасини жўнатдик. Кейин бўлса, паспортнинг копиясини олиб келинг, дейишибди. Ахир вебсайтда паспорт йўқолган бўлса ё унинг нусхаси, ёки доимий яшаш жойидан маълумотнома бўлсин, деб ёзилганку, дейди Феруз.

Ферузнинг тоғаси билан консуллик ходимлари ўртасида яна бир муаммо туғилибди.

- Сиз фикримга қўшиласизми ёки йўқми, агар расмий сайтга бланка жойлаштирилган бўлса, уни кўчириш ва тайёр ҳолда тўлдириб олиб бориш мумкинми ёки йўқми?! Тоғам тайёр бланка билан консулликка борса: "Сиз буни қаердан олдингиз?" дейишибди. "Жияним сайтингиздан олди", дебди. Улар бўлса: "Агар жиянинг шунақа ақлли бўлса, унда маълумотномани ҳам у қилиб берсин!" дейишибди. Бу қанақа муносабат? Аслида биз уларнинг ҳам, ўзимизнинг ҳам ишимизни енгиллаштираяпмизку! - деди жиғибийрон бўлиб сўзлаган Феруз.

У тоғасига бўлган муносабатдан сўнг ўзи ҳам консулликка боргани, аммо унга нисбатан ҳам шундай қўпол муносабат бўлгани ва муҳими, шундай муносабатда бўлган ва ўзини консуллик ходими, деб тақдим қилган шахснинг бўйнида кимлиги, лавозими битилган бейжнинг йўқлигидан ҳам норози бўлди.

- Ўз она ватанимизнинг элчихонасига келсангу, на бейжик, на нормал муносабатни кўрсанг?! Мен юмшоқ айтганда, бундан даҳшатга тушдим. Ҳозир интернетни титкилаб ўтириб, сизларнинг радиодаги махсус эшиттиришни топдим сизларга боғландим, деди Феруз.

Биз бу ўзбекистонликдан олганимиз танқид ва Нишонбой исмли тингловчидан олганимиз олқишни бирлаштириб, яна бир карра Москвадаги элчихонага боғландик.

Элчихонанинг матбуот котиби Обид Каримов тингловчиларнинг олқишларию, танқидлари бобидаги мурожаатларга консуллик томонидан, албатта жавоб берилажаги ва бунинг учун бироз фурсат беришмиз кераклигини айтди.

Биз консул жанобларидан тўпланиб қолган зарур саволларимизга жавобан интервю беришини илтимос қилдик ва Обид Каримов яна хабарлашишга келишдик.

Аммо, унга қадар етказиш керак бўлган яна бир кичик хабарча бор.


Москвадаги консуллик топширилажак ҳужжатларни осонлаштирди

Москвадаги элчихона Россияда юрган ўзбекистонликларнинг сони кундан кунга ортиб бораётгани ва уларни қабул қилиш учун кўп вақт кетаётганини инобатга олиб, бланкаларни тўлдириш жараёнига енгиллик киритди.

Элчиликдан тез орада бу енгиллик нимадан иборатлиги, элчихона биноси олдидаги турнақатор навбат қаерга ғойиб бўлгани ва ҳоказо, саволларга тўлиқ жавоб олишга умид қилиб қоламиз.


"Лондондаги элчихонага ҳам боғланинг"

“Ўзбек элчихонаси эшигида...” деб номланган эшиттиришимизнинг охирги сонида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтон ва Ню Йоркдаги консуллик хизматлари ҳақида тўхталган эдик.

Эътироф этиш керак, Москва, Новосибирск, Сеул, Пекин, Шанхайдаги консулликлар орасида боғланиш мутлақо имконсиз бўлгани АҚШдаги консулликлар бўлиб чиқди.

На расмий сайтдаги телефон рақамлари, на электрон манзиллари орқали Вашингтон ва Ню Йоркдаги консулликларга боғланишга муваффақ бўлдик. Тақдим этилган электор манзилларга ёзилган мактубларга ҳам жавоб келмади. Бир электрон манзилдан мактуб қайтиб ҳам келди.

Табиийки, Озодлик мухбири Вашингтон ёки Ню Йоркдаги ўз манбалари орқали бу икки консуллик хизмати ходимлари ёки консул жанобларига боғланишнинг имконини топиши мумкин.

Аммо, “Ўзбек элчихонаси эшигида...” деб номланган эшиттиришни тайёрлашдан мақсад топағонликни намойиш қилиш эмас, балки АҚШда юрган оддий ўзбекистонликларга уларнинг хориждаги биринчи кўмакчиси этиб масъул қилинган консуллик ходимларига боғланиш учун берилган имкониятни ўрганиш ҳамдир.

Афсуски, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси Вашингтон ва Ню Йоркдаги консуллик хизматлари билан берилган расмий манзиллар орқали боғланиш учун уч кун кетма-кет уриниш натижа бермади.

Озодликка ушбу консулликларга иши тушиб боғланган ўзбекистонликлар ҳам айни натижага дуч келиши ва одатан, оддий масалаларда ҳам сарҳадлари кенг бўлган АҚШнинг турли штатларидан олис йўлни босиб ўтиб, консулликка боришга мажбур бўлишини сўзлаб берган эдилар.

Бизга ўзини ғариб девона, деб тақдим қилган ва Лондондан мактуб йўллаган ўзбекистонлик эса айни манзарани Лондондаги элчиликда ҳам кузатгани ҳақида ёзди.

Қуйида унинг мактубидан айнан олинган иқтибосни ўқинг:

“Аssalomu alaykum ozodlik aka, bugun elchixonalar haqidagi eshittirishlaringizni eshitib juda ham hursand quldim,... agar sizlarda imkoniyat bulsa Londondagi elchinoxa concillik bulimini mana shunday yani NY nikidek qilib tekshirib kursalaringiz xalq uchun katta yahshilik qilgan bulardingizlar.Iltomos, londondagilarga ham yordam berish elchixonaga telefon qilib, faoliyatini bir bilib kuriylar", деб ёзди тингловчи.


"Мен Лондонда, паспортим Ўзбекистонга қандай бориб қолди?!"

Бизга каттагина мактуб ёзган ва исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган яна бир тингловчи эса Лондондаги элчилик билан боғлиқ бутун бошли ҳикоясини йўллади.

Қуйида унинг мактубидан ҳам айнан олинган иқтибосни ўқинг:

“SALOM, ... men angliyada yashayman lekin vizam tugaganligi sababli passportimni yangi viza olish uchun angliya posolsvasiga yuborganman, passportim qaysidir sabablarga ko'ra qaytib kelmadi, men bu yerdagi uzbekiston posolstvasidan yangi passport berishlarini, chunki passportim qaytim kelmaganligini aytdim , ular menga faqat travel documents bera olishlarini aytishdi, va judaham sovuq muomalada bo'lishdi men bilan. bir qancha vaqt o'tgach men uydagilarga telefon qilganimda, menga dadam uyga mahalladan odamlar kelganini ve men haqqimda sorashganini aytdi, ulardagi ma'lumotga qaraganda men angliyadan deport bo'lgan ekanman va mening passportim ularda ekanini aytishgan. ... bu orada men segan qizim bilan uylandim angliyada, turmush ortog'im. ... o'zbekiston echihonasi menga travel document tayyorlashi ancha vaqt oldi va men u yerga har safar borib so'raganmda hali bo'lmadi sizni dokumentlar deyishardi, hatto "posol'" do'q qililishni boshladi va bu 4-5 oy davom etti. Aytingchi men angliyada turib passportim qanday qilib o'zbekitonga borib qolgan? ...”, деб ёзди Лондондаги элчиликнинг муносабатидан норози эканини айтган ўзбекистонлик.

Табиий унинг мактубидан кўриниб турибдики, бу ерда бир нечта муаммо ва тушунмовчиликт бор, уларга ойдинлик киритиш зарур.

Биз бу мурожаатга кейинги сафар батафсил тўхталиш ниятидамиз. Зеро, кейинги эшиттиришимизда айнан Лондондаги консуллик хизмати фаолияти ва бу борадаги мурожаатларга тўхталмоқчимиз.

Ҳозирдан Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси консуллик хизматининг биз билан ҳамкорлик қилишига, уларга мурожаат қилаётган ўзбекистонликларда туғилаётган асосли саволларга тўлиқ жавоб олишга, ассосиз норозилик, тушунмовчиликларга эса ойдинлик киритишда кўмаклашишига умид қилиб қоламиз.

Зеро, хорижда юрган ўзбекистонликлар орасида ҳужжат ишларига хомроқ бўлган, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тўлиқ билмайдиган, шунинг учун ҳам консулликлар остонасига бош уриб боришга мажбур бўлаётган фуқаролар кўп.

Аҳволи қандай бўлишидан қатъий назар, хориждаги ўзбекистонликларга ёрдам беришга масъул бўлган консуллик ходимлари учун эса хизмат ваколати ва шароитидан ташқари вазифани тўкис бажаришга етарли тоқат, қўшимча эътибор ҳам кераклигини тушунамиз.

Зеро, "Ўзбек элчихонаси эшигида..." лойиҳасини ташкил қилишдан мақсад хорижда сони ортиб бораётган ўзбекистонлик оддий фуқаролар учун зарур ҳужжат масаласида туғилаётган қийинчиликлар ва тушунмовчиликларни бартараф этишга хизмат қилишдир.


"Ўзбек элчихонаси эшигида..." лойиҳасида иштирок этинг!

Хуллас, "Ўзбек элчихонаси эшигида..." туркумидан эшиттиришларимиз давом этади ва сиз тингловчининг ёрдамига ҳам умид қилиб қоламиз.

Марҳамат, агар сизда ёки сиз таниган-билган ўзбекистонликларда ўзбек консулликлари билан боғлиқ конкрет ҳолатлар бўлса, бизга билдиринг.

Лойиҳада иштирок этинг ва қўлингиздаги фуқаролик паспортида ёзиб қўйилган ҳуқуқингиздан фойдаланишга ҳаракат қилинг:

"Паспорт Ўзбекистон Республикасининг мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир!"

Мурожаат учун манзил:

мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com, isakovab@rferl.org

қўнғироқ қилинг: +420 221 123 437, +420 608 549 460

Ушбу лойиҳа доирасида Озодлик билан ҳамкорлик қилаётган тингловчилар ва консуллик хизматларига чуқур миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG