Линклар

Москвада куйиб ўлган мардикорларнинг аксари ўзбеклар


Москванинг Качалово бозорида чиққан ёнғинда 17 нафар ўзбек муҳожири ҳалок бўлган эди.

Москванинг Качалово бозорида чиққан ёнғинда 17 нафар ўзбек муҳожири ҳалок бўлган эди.

Москва жануби-ғарбидаги "Gazoil City" кўп қаватли бино ертўласида содир бўлган ёнғинда куйиб ўлган 9 нафар ишчиларнинг аксари Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин. Полиция ёнғин жойида Ўзбекистон фуқаролари паспортлари топилганини маълум қилди.


26 январ куни Москванинг Херсонская кўчасида янги қурилаётган 24 қаватли бинонинг гараж қисмида чиққан ёнғинда нобуд бўлганларнинг кўпчилиги Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин.



Оммавий ахборот воситаларида тарқаган бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси Юлия Аносова ҳозирча нобуд бўлганларнинг бири ва жароҳат олганлардан етти нафари Ўзбекистон фуқароси экани аниқланди, деди.

- Ҳозирча биз фақат уч кишининг шахсини анқладик, холос. Улардан иккитаси Тожикистон фуқаролари ва биттаси Ўзбекистон фуқаросидир. Гап шундаки, жароҳатланганлардан бири билан полиция ходимлари гаплашганда у ўлганларнинг барчаси юртдошлари эканини айтган. Бироқ, натижада ёнғин жойида бир нечта республика фуқаролари бўлганини тахмин қиляпмиз. Ўлганлар шахсини аниқлаш ишлари давом этяпти,- деди Озодликка Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси расмийси Юлия Аносова.

Полициядан олинган маълумотга кўра, ҳодиса жойида полиция ходимлари Ўзбекистон фуқароларига тегишли бир нечта паспортни топган.

Москванинг Ёнғинга қарши кураш бошқармаси вакиллари "Gazoil City" биносининг ер ости қисмидаги ёнғинга қурилишдан чиққан ахлат ёнида мардикорлар ишлатган ошхона плитаси ва унга уланган газ баллонидан келиб чиққанини тахмин қилишмоқда.

Шанба куни кундузги соат бирларда ёнғин бошланганида Херсонская, 43 манзилида жойлашган бинонинг гараж қисмида 24 меҳнат муҳожири бўлгани аниқланган. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Москва шаҳри бўйича Бош бошқармаси бошлиғи муовини Елена Смирних буларни маълум қилди.

- Ўт ўчирувчиларнинг оператив ҳаракатлари туфайли у ердан 10 киши эвакуация қилинди. Аниқланган маълумотларга биноан, 15 киши жароҳат олди. Афсуски, улардан 9 киши нобуд бўлди, 6 киши эса Москванинг турли даволаниш масканларига юборилди,- дея маълум қилди Елена Смирних.

Маълум бўлишича, қурилиш ахлати ёнишни бошлаганида, 43-уйнинг подвалида асосан ёши 20дан 50 гача бўлган ўзбеклардан иборат қурилиш бригадалари ишлаётган бўлган.

Полиция ходимлари жиддий жароҳат олган ва асосан ўзбекистонликлар экани айтилаётган мардикорлардан бирининг кўрсатмаларига таянаётгани аниқланди.

"Мен ошхонага овқатланишга кириб, у ерда олов чиққанини кўриб қолдим. Қўрққанимдан хонамга кириб кийимларимни йиғишни бошладим. Кимдир “Ёнаяпмиз!”, деб бақириб қолди. Бир дақиқа ичида ҳамма ёқни қора тутун босди. Мен сумкамни кўтариб чиқишга отилганимда йўлда хушимни йўқотиб қуладим. Ўзимга “Тез ёрдам” машинасида келдим", дея жабрдийда ўзбек мардикорининг сўзларини келтирмоқда маҳаллий матбуот.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Озодликка ўт ўчирувчилар пастки қаватдан, ёнғиндан олиб чиққан 15 кишидан етти нафари нафас йўллари куйишидан “тез ёрдам” машинасида ўлганини хабар қилишди. Ўт ўчирилгандан кейин хоналардан бирида яна икки мурда аниқланган.

Москванинг Ўт ўчириш хизмати бошқармаси бошлиғи Сергей Чедин ҳодиса жойини шахсан текшириб чиқиб, кўтарилган аланга муҳожирлар учун гараждан чиқишнинг ягона йўлини беркитиб қўйганини журналистларга тушунтирди.

- Подвал кенглиги жуда катта – 7 минг квадрат метр. У ерда ер ости автомашиналар турар жойи қурилиши белгиланган. Шу сабабли, чиқишнинг ҳам фақат битта йўли ёпилиб қолган. Ўлганларнинг кўпи оловдан эмас, заҳарли тутундан заҳарланиб ўлганини қўшимча қилишим мумкин, деди Сергей Чедин.

Ҳодисадан бир неча соат ўтиб, полиция бинонинг эгаси саналган "Gazoil City" компанияси директори 35 ёшли Дамир Гисматулинни ҳибсга олди ва сўроқ қилди.
Лекин, бинода барча қурилиш ишларини пудрат асосида олиб бораётган “Ташир Констракшин” ширкати вакиллари подвалда қурилиш ишлари аллақачон тугатилгани ва куйиб ўлган ишчилар объектда рухсатсиз яшаб келганини айтишмоқда.

Бироқ, ширкат расмийлари қандай қилиб 24 киши рухсатсиз, қўриқланаётган подвалда яшаб келганини тушунтириб бера олмаяпти.

Москва шаҳар Миграция бошқармасида бу бино бир неча маротаба текширилгани ва у ерда ноқонуний меҳнат қилаётган муҳожирлар масаласида “Ташир” ширкатига қатор огоҳлантиришлар берилганини билдиришди.

Херсонская кўчасидаги ёнғин факти асосида Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 219-моддаси 3-қисми (“Икки ва ундан ортиқ одамларнинг эҳтиётсизликдан ўлимига олиб келган ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилиши”) жиноий иш очилди.

Полиция ўлган мардикорларнинг шахсини аниқлашни давом этмоқда.

Россияда ўзбекистонлик мардикорларнинг бахтсиз ҳодисларда ҳалок бўлиши тез-тез учрайди.

2003 йилнинг май ойида “Алые паруса” комплексининг ер остида қурилаётган уч қаватли гаражда ҳам шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган эди: подвлда чиққан ёнғин оқибатида у ерда ҳам айнан 10 мардикор жони узилган, 50 та ишчи эвакуация қилинган.

2005 йилнинг 22 февралида Москванинг Одинцово тумани Лапино қишлоғи ёнида еттита қурувчи тириклайин ёниб кетган.

2006 йил 19 апрелда Красногорск туманидаги қурилишдлардан бирида чиққан ёнғинда 12 ишчи нобуд бўлган.

Шунингдек, Россия пойтахтидаги Качалово бозоридаги омборда чиққан ёнғин оқибатида 17 ўзбек муҳожири ҳалок бўлгани тўғрисида Озодлик аввал хабар берган эди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Россияда нобуд бўлиши масаласи 18 январ куни Ўзбекистон ҳукумати мажлисида ҳам кўтарилди. 2012 йил якунларига бағишланган мажлисда Ислом Каримов илк бор хориждаги ўзбек мардикорлари масаласига тўхталиб, Россия телеканали хабаридан Москвада фаррошлик қилган ўзбек йигитининг ўлдирилгани тўғрисида эшитганини таъкидлади.

Хабар агентликлари президентнинг, исми келтирилмаган бу йигит тақдирига ачиниб, "нима қиларди, у ерга бориб", деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG