Линклар

Депутат видеотасвирдаги президент Каримов тўғрисидаги сўзларни инкор этди


Қирғиз Республикаси Жўғўрқу Кенеши депутати Улукбек Кочкоров.

Қирғиз Республикаси Жўғўрқу Кенеши депутати Улукбек Кочкоров.

Интернетдаги ижтимоий тармоқларда Қирғиз Республикаси парламенти – Жўғўрқу Кенеш депутати Улукбек Кочкоровнинг айтганлари шов-шувга сабаб бўлди.


Кабарлар.kg сайтида эълон қилинган видеотасвирда депутат Кочкоров Қирғиз Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев билан 2012 йилнинг кузида учрашгани, учрашув чоғида президент Ўзбекистон чегарасини назарда тутиб, “чегара масаласи Ўзбекистон президенти оламдан ўтгандан кейин” ҳал бўлади, деганини айтган.

Бироқ 28 январ куни Булбул.kg сайти эълон қилган видеотасвирда депутат олдинги тасвирдаги гапларини инкор этди.

Тасвири Жўғўрқу Кенеш депутати Улукбек Кочкоровники, деб ишонилаётган қарийб 6 дақиқали видотасвир Кабарлар.kgнинг Facebookдаги саҳифасида турибди.

Депутат ўз сайловчилари – Боткен вилояти аҳолиси билан учрашувда уларга Сўх анклави ва чегара масалалари бўйича амалга оширган ишлари тўғрисида ҳисобот берганини ҳикоя қилади.

Айтишича, бу масалаларни ҳал қилиш юзасидан ўз таклифларини айтиш учун, депутат ўтган йилнинг 2 августидан бошлаб бир ярим ой кутгач, президент Атамбаевнинг қабулига кирган.

Видеотасвирдаги депутатнинг (кўкрагида депутатлик нишони бор) айтишича, у президент билан 45 дақиқа суҳбатлашган.

Суҳбат давомида депутат чегара билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиб беришни президентдан сўраган ва унинг айтишича, президент гўё мана бундай деган:

“Қирғизистон армиясининг бугунги кундаги аҳволини ўзинг биласан. Ўзбекистоннинг аҳволини ҳам биласан. Агар чиндан ҳам уруш бўладиган бўлса, жанубни бир кунда олиб қўяди. Шунинг учун сизлар тушунинглар, Каримов ҳам вечно яшамаса керак. 3-4 йилда ўлса керак, ўлса, кейин ҳал қилармиз, деган эди президент”, дейди видеотасвирдаги депутат нишони бор одам.

Бу видеотасвир кетидан, 28 январ куни Булбул. kg сайтида “Улукбек Кочкоров опровергает” деган сарлавҳа остида видеотасвир эълон қилинди.

Бу лавҳадан Кабарлар.kgда эълон қилинган видеотасвирдаги шахс депутат Улукбек Кочкоров экани билинади.

Депутат Кабарлар.kg эълон қилган видеотасвирни “қалбаки”, деб баҳолади.

- Айрим сайтларда менинг Сўх анклави бўйича айтганларим бурмаланган видеоматериаллар эълон қилинди. Бу қалбаки видеотасвирнинг менинг шахсий позициямга ва Боткен аҳолиси орасида айтганларимга ҳеч қандай боғлиқлиги йўқ. Кимлардир менинг сўзларимни бурмалаб икки қардош халқ ва икки давлат раҳбарлари ўртасида тушунмасликни, ишончсизликни ўрнатишга уринмоқда, дейди депутат Улукбек Кочкоров.

У Озодлик радиоси Қирғиз хизмати мухбири билан суҳбатда президент Атамбаев билан яқин орада учрашмаганини айтган.

Қирғиз Республикаси Президенти маъмурияти Озодлик радиоси Қирғиз хизматининг мавзу юзасидан мурожаатини жавобсиз қолдирди.

Қирғиз депутати Улукбек Кочкоровнинг шов-шувга сабаб бўлган видеотасвири 5 – 7 январ кунлари содир бўлган Сўх инцидентидан сўнг давом этаётган чегара муаммоси ўз ечимини кутиб турган кунларда пайдо бўлди.

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги Сўх ва Шоҳимардон эксклавларининг ҳамда Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги Барак эксклавининг чегаралари куни кеча инсонпарварлик ёрдами етказиш учунгина очилди.

5-6 январ кунлари Сўхда маҳаллий аҳоли ва Қирғизистон чегара пунктига электр ўтказиш учун симёғочлар ўрнатаётган қирғиз чегарачилари ўртасида можаро чиққанидан бери 60 минг аҳолига эга бўлган Сўх тумани атрофидаги йўллар ёпиб қўйилган.

Сўх тумани расмийларига кўра, низо чиққан пайтда қирғиз чегарачилари ўт очгани оқибатида беш нафар сўхлик яраланган.

Воқеада сўхликлар 30 нафар қирғизистонликни, қирғизлар эса олти нафар Ўзбекистон фуқаросини гаровда ушлаб турган. Кейинроқ уларнинг ҳаммаси қўйиб юборилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG