Линклар

logo-print

Қочқин имомнинг суди қолдирилди


Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун собиқ ўзбек имомини ҳимоя қилаётганлардан бири.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун собиқ ўзбек имомини ҳимоя қилаётганлардан бири.

Ўзбекистон сўрови билан Бишкекда қамоққа олинган ўзбекистонлик қочқин Ҳабибулло Сулаймоновга нисбатан суд жараёни бир ҳафтага қолдирилди. Қирғизистон ҳуқуқ ҳимоячилари кенгаши Бишкек расмийларидан Ҳабибулло Сулаймоновни Тошкентга топширмасликни илтимос қилмоқда.

Мазкур воқеа юзасидан тарқатилган айрим хабарларда айтилишича, Франция, АҚШ, Швеция ва Россиядаги айрим ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари ҳам мана шундай илтимос билан Қирғизистон Бош прокуратурасига мурожаат жўнатган. Бироқ Бош прокуратура ҳозирча бу каби мурожаатлар олинганини тасдиқлагани йўқ.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Қирғизистон ҳуқуқ ҳимоячилари кенгаши расмий Бишкекдан Ҳабибулло Сулаймоновни Тошкентга топширмасликни илтимос қилаётганини айтди.

Ҳабибулло Сулаймонов ўтган йилнинг 7 октябрида Ўзбекистон сўрови билан Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан Бишкекда қўлга олинган. Расмий Тошкент уни Конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбламоқда. Қирғизистон Бош прокуратураси Сулаймоновни Тошкентга қайтариш ҳақида қарор чиқарган эди.

- Ҳабибулло Сулаймонов Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши ҳаракатлари, Конституциявий тузимга таҳдид солувчи фаолияти учун айбланиб, халқаро қидирувда бўлган, -деб билдирди Қирғизистон Бош прокуратураси расмийси Канатбек Султанов.

Қирғизистон Бош прокуратурасининг Ҳабибулло Сулаймоновни Тошкентга қайтариш қарорига нисбатан адвокат Токтогул Абдиев томонидан киритилган шикоят аризаси 28 январ куни Бишкек шаҳар судида кўриб чиқилиши лозим эди. Бироқ суд мажлиси бошланмасдан туриб, бошқа кунга қолдирилган.

Ҳабибулло Сулаймоновнинг ўз номини эшиттирмаслик шарти билан Озодлик радиосига суҳбат берган яқинларидан бирининг айтишича, суд мажлиси бир ҳафтадан сўнг- 5 феврал куни бўлиб ўтиши айтилган. Маҳкаманинг нима сабабдан қолдирилгани маълум эмас.

Ҳабибулло Сулаймонов 1957 йил 30 январида Фарғона вилоятида туғилган. 1989 йилда Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри масжиди имом ҳатиби бўлди. Кейинроқ Тошкентдаги маҳалла масжидига имомлик қилган. 1997 йилда масжидда “ваҳобий”лар таъсирини кучайтириб юборгани учун деган айблов билан ишдан бўшатилган.

Хабарларда айтилишича, Ҳабибулло Сулаймонов ўзига нисбатан таъқиблардан қочиб, 2001 йили Бишкекка келган ва бу ерда савдо-сотиқ билан шуғулланган.У 2012 йилнинг 19 ноябрида Қирғизистон расмий идораларига бошпана изловчи шахс мақомини бериш илтимоси билан ариза киритган. Бироқ ариза шу кунгача рўйхатга олинмаган.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун қирғиз ҳукуматига Ҳабибулло Сулаймоновга қочқин мақомини бериш юзасидан илтимоснома киритган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG