Линклар

logo-print

Москвада метро бекатига "Фарғона" номи берилмайди


Москвада янги қурилиши режалаштирилаëтган метро бекатларидан бирига Фарғона номи берилмайдиган бўлди.

Москвада янги қурилиши режалаштирилаëтган метро бекатларидан бирига Фарғона номи берилмайдиган бўлди.

28 январ куни Номларни ўзгартириш бўйича Москва шаҳар комиссияси пойтахтнинг Вихино-Жулебино туманларига етиб борган Кожуховская метро линияси бекатларидан бирига "Фарғона" номини бермаслик масаласини муҳокама қилди. Шаҳар маъмурияти метрополитен станциясини “Фарғона” деб номлаш миллатчилар ва маҳаллий аҳоли норозилигини келтириб чиқаришидан чўчимоқда.



“Фарғона” ўрнига “Балакиревская”

Москва метросининг Вихино ва Жулебино туманларига етиб борган Кожуховская линиясининг янги қурилган станцияларидан бирига “Фарғона” номини бериш лойиҳага киритлган эди, лекин бу амалга ошмай қолиши мумкин.

Москва шаҳар ҳудудий бирликлар, кўчалар ва метрополитен станциялари номларини ўзгартириш бўйича муассасалараро Комиссия қарорига кўра, Москванинг Фарғона ва Тошкент кўчаларига чиқадиган янги метро бекатининг номи маҳаллий аҳоли талабига биноан ўзгартирилади. Москванинг номларни ўзгартириш бўйича шаҳар комиссияси бу масала юзасидан 28 январ куни ўтказилган йиғилишида Фарғона кўчасига чиқадиган метро бекатининг янги номи ҳозирча эълон қилинмаслигини билдиришди.

​Россия пойтахтининг Жануби-Шарқий округи (ЮВАО) префекти Владимир Зотов маҳаллий фуқаролар бу кўча номини XIX асрда яшаган машҳур рус композитори Милий Балакирев номига “Балакиревская” деб номлашни таклиф этаётгани инобатга олинганини айтди.

Туман ҳокими “жамоатчилик норозилиги, тўполони ва мунозаралари олди олиниши учун бундай номни” қўймасликка қарор қилганини билдирди.

- Станция номи масаласида маҳаллий аҳоли таклифларини ҳисобга олиб биз ўша атрофда жойлашган кўчалар – Фарғона ва Тошкент кўчалари номларини қўймасликка бир вақтнинг ўзидаёқ келишдик. Биз “Братеево - Олма-Ота” станцияси билан боғлиқ жанжалга ўхшаш вазият юзага келишини истамаймиз,- деди “Известия” нашрига берган интервьюсида Жануби-Шарқий округнинг ижтимоий тараққиёт бошқармаси бошлиғи Олга Бахчиева.



“Братеево” метро станцияси 2011 йилнинг охирларида ишга туширилган ва Қозоғистон Республикаси раҳбарияти илтимосига биноан унга “Олма-Ота” станцияси номи берилган. Ўшанда братееволиклар 7 мингга яқин овоз йиғиб Москва мэрияси, шахсан шаҳар мэри Сергей Собянинга ва ҳатто судга мурожаат қилган. Бироқ, шаҳар раҳбарияти “иттифоқдош” Қозоғистон билан муносабатларни ёмонлаштирмасликка қарор қилган, кўринади: миллатчи гуруҳлар ва аҳоли норозилигига қарамасдан 2012 йилнинг 24 декабрида Москвада янги “Олма-Ота” метро станцияси ишга тушди.

Шунга қарамасдан, ЮВАО префектураси расмий вакили Светлана Кликова қурилмаган бекат атрофида ҳозирча шов-шув кўтаришга асос йўқ, деган фикрда.

- Барча қурилаётган станциялар ўзининг ишчи номига эга. Ҳозирча бу станциянинг ишчи номи “Фарғона кўчаси”. Улар қуриб битганидан кейин, станцияларни номлаш масаласига албатта аҳоли жалб қилинади. Оммавий ахборот воситаларида гўё бу номга қарши маҳаллий аҳоли норозилик намойишлари ўтказгани хабар қилинди. Бунинг ҳаммаси ёлғон!- деди Озодлик билан суҳбатлашган Жануби-Шарқий окгур префектураси расмий вакили Светлана Кликова.

Бекатни “Балакиревская” деб номлаш ташаббуси билан биринчи навбатда ўша ерда жойлашган Милий Балакирев номидаги болалар санъат мактаби ўқитувчилари ва талабалари чиқишган. Бу санъат мактаби Москванинг Фарғона ва Тошкент кўчалари кесишган жойида жойлашган.

“Бизга фарқи йўқ...”

Озодлик билан суҳбатда Фарғона, Тошкент ва Самарқанд кўчаларида яшаётган аҳолининг асосий қисми янги метро бекати номи “Фарғона” ёки “Тошкент” деб номланишига мутлақо қарши эмаслигини билдирди.

Ўзини Чапай деб таништирган 60 ёшлардаги фуқаро Тошкент тор кўчасида кўп йиллардан бери яшаётганини айтади.

- “Фарғона” бекати дейсизми... Буни ўйлаб ҳам кўрмабман. Менимча, нима деб номлашнинг фарқи йўқ. Мен мана Тошкент тор кўчасида яшайман. Оддий одамлардек яшаб юрибманку, ҳеч нарса бўлиб қолганим йўқ,- деб кулади Чапай амаки.

Фарғона кўчасида суҳбатлашиб турган қўшнилар Галина Фёдоровна ва Анна Владимировналар ҳам “Фарғона” бекати номига мутлақо қарши эмасликларини айтади.

- Бизга бунинг унчалик аҳамияти йўқ. Бизда ҳам Фарғона кўчаси, ҳам Фарғона тор кўчаси мавжуд. Мана Самарқанд булвари бор: нима фарқи бор экан. Майли, “Фарғона” бўлаверсин бекат, биз розимиз, дейди бир овоздан “фарғоналиклар”.

Маҳаллий аҳоли орасида янги станциянинг “Фарғона кўчаси” деб номланишига қарши чиқаётганлар ҳам учради. Ўзини Лариса деб таништирган аёл номларни такрорлашнинг зарурати йўқлигини ва бирор “русча” ном билан ифодалаш кераклигини гапиради.

- Албатта бошқа қўйилиши керак. Мана атрофнинг ҳаммаси Фарғона, Самарқанд, Тошкент кўчалари номлари қўйилган. Мен “Балакиревская” деб номланишига қарши эмасман, чунки мана рўпарангизда мусиқа мактаби унинг номига қўйилган. Шахсан, мен шунга ўхша буюк руслардан бирортасини номини қўйган бўлардим,- деди Лариса.

Фарғона кўчасида иш билан шошилиб ёки шунчаки сайр қилиб юрган кўплаб марказий-осиёликларни учратиш мумкин. Биз фарғоналик 22 ёшли фаррош Бахтиёрга “Янги метро бекатининг “Фарғона деб номланишига муносабатингиз қанақа?”- деб мурожаат қилдик.

- Билмадим, ака, мен бирон нима деёлмайман. Нима ҳам дердим - менга фарқи йўқ бунинг. Мен бу ерга августда келганман. Мен атрофдаги кўчаларни тўлиқ билмасам ҳам ҳар қалай номерлари бор – 28/7, 10/2... Лекин бу кўчанинг номини билмадим,- дейди Москванинг Фарғона кўчасида фаррошлик қиладиган фарғоналик Бахтиёр.

“Фарғона кўчаси” станция бекати 2011 йилнинг кўзида қурилиш режасига киритилди. Бу метро бекати Москванинг иккита гавжум ва транспорт масаласида қийин аҳволда бўлган Вихино ва Жулебино туманларини шаҳар маркази билан боғлаши керак. Икки вестибюлли чуқур бўлмаган бу метро станцияси Тошкент ва Фарғона кўчаларига чиқиши мўлжалга олинган.

Станциянинг бош лойиҳачиси – Мосинжпроектдан олинган маълумотга кўра, 2012 йилнинг 4 майидаги Москва шаҳар ҳукумати қарорида “Фарғона кўчаси” станцияси 2016 йил декабрида қуриб битказилиши ва ишга тушиши режалаштирилган.

Кожуховская линиясининг янги қурилаётган қолган олтита станцияси номланиши юзасидан префектура ва шаҳар ҳокимиятида ҳеч қандай муҳокама ва мунозаралар бўлмаслиги айтилмоқда. Бу станцияларга - "Некрасовка", "Косино-Ухтомская", "Салтыковская", "Косино", "Окская", "Нижегородская" номларининг берилиши режалаштирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG