Линклар

Швециянинг TeliaSonera телекоммуникация ширкати президенти Ларс Нюберг 2007 йилда ширкат номидан Ўзбекистонда музокараларда қатнашган Серкан Элдендан кечирим сўради. Туркиялик бизнесмен Элден 2007 йилда TeliaSonera асосий акциядори бўлган Fintur Holdings ширкатининг бош ижрочи директори лавозимини эгаллаган. Яқинда Швеция прокуратураси ошкор қилган имейл ёзишмаларига кўра, Элден TeliaSonera Ўзбекистон бозорига кириши учун Гулнора Каримова одамлари билан музокаралар олиб борган.

Серкан Элдин - "гуноҳ эчкиси"?

Швеция расмийлари томонидан Ўзбекистонда юзлаб миллион доллар пора берганликда айбланаётган TeliaSonera ой бошида пресс-релиз эълон қилиб, Серкан Элден 2007 йилнинг июн ойида Fintur Holdings бош ижрочи директори лавозимидан бўшатилганини маълум қилди.

2013 йил 8 январ куни очиқланган пресс-релизда TeliaSonera жаноб Элденнинг ишдан олинишига унга нисбатан “ишончнинг йўқолгани” сабаб бўлгани таъкидланади.

TeliaSonera расмийлари “ишончнинг йўқолгани” деганда нима назарда тутилганини изоҳлашмади, лекин кўпчилик буни “Ўзбекистонда ноўрин ишлар қилинган бўлса, асосий жавобгар Серкан Элден”, деган мужда деб қабул қилди.

Лекин Серкан Элденнинг Озодликка маълум қилишича, TeliaSonera президенти Ларс Нюберг 22 январ куни ундан расман узр сўраб мактуб йўллаган.

Нотўғри талқин қилиниши мумкинлигини тушунамиз, лекин...

Жаноб Элден Озодликка 28 январ куни юборган имейл мактубига Ларс Нюберг номидан битилган узр хатини ҳам илова қилди. Унда TeliaSonera бошлиғи 8 январ кунги хабарномадаги сўзлар “нотўғри талқин қилиниши мумкинлигини тушуниши” ва ширкатнинг “бундай нияти йўқлиги”ни таъкидлайди. Fintur Holdings ширкати ҳам Элденнинг бош директор лавозимидаги фаолиятини юқори баҳолагани қайд этилади расмий узрномада.

Лекин TeliaSonera раҳбари ўз мактубида Серкан Элден “ишончнинг йўқолгани” боис ишдан олинганини аниқ-тиниқ рад этмайди. TeliaSonera расмий сайти эълон қилинган пресс-релиздан бунга оид фикрлар ҳам олиб ташланмаган.

TeliaSonera биринчи вице президенти Сесилия Эдстром, Озодлик билан суҳбатда, 58 фоизидан ортиғи швед ширкатига тегишли Fintur Holdings собиқ бош ижрочи директори Серкан Элденнинг унга нисбатн “ишончнинг йўқолгани” сабабидан ишдан олинганига оид баёнот TeliaSonera томонидан расман рад қилинмагани, ҳамда Ларс Нюбергнинг узрномаси эълон қилинмаганини бундай изоҳлади.

- Биз узр мактубини эълон қилмадик. Биз жаноб Серкан Элденга бу ҳақда мактуб жўнатдик. Сиз тилга олган 8 январ кунги пресс-релиздаги маълумот, шунчаки, масала тарихига бир назар ташлаш мақсадида берилган эди. Лекин шу билан бирга жаноб Элден 2007 йилда ишдан кетаётган пайтда ўзаро келишувимиз бўлгани, лекин пресс-релизда бу келишувга амал қилмагинизни тушунамиз ва тан оламиз, дея мужмал жавоб қайтарди TeliaSonera вице президенти.

Озодликнинг “демак, буни TeliaSonera Серкан Элденнинг 2007 йилда “ишончнинг йўқолгани” важидан ишдан олинганини инкор қилмайди деб тушунса бўладими?”, ва агар шундай бўлса “унга нисбатан “ишончнинг йўқолгани” 2007 Ўзбекистондаги музокаралар чоғида унинг номақбул ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйганини англатадими?”, деган саволларига Сесилия Эдстром жавоб беришдан бош тортди. Лекин шу билан бирга TeliaSonera расмийси Серкан Элден 2007 йилда Fintur Holdings бошлиғи сифатида Ўзбекистондаги музокараларга етакчилик қилганини тасдиқлади.

- У ўша пайтда Fintur Holdings раҳбари бўлган ва бу жараённи бошқарган. У музокаралар учун жавобгар бўлган. Лекин Ўзбекистонда номақбул ҳаракатлар ҳақида ҳозир изоҳ бера олмайман, айтиб ўтганимдек жаноб Элден билан келишувимиз бўлгани ва бу келишувга амал қилмаганимизни тан олишимизни айтишим мумкин, деди TeliaSonera вице президенти.

Сесилия Эдстром, сешанба кунги суҳбат давомида, Швеция бош прокуратураси очиқлаган имейл ёзишмаларини ҳам изоҳламади. Бу имейллар TeliaSonera шу пайтгача илгари суриб келган, ширкат Ўзбекистондаги фаолияти давомида Гулнора Каримова билан алоқа қилмаганига оид иддаоларни инкор қилади.

Айни пайтда 8 январ кунги пресс-релизда TeliaSonera 2007 йилда Ўзбекистонда мобил операторини сотиб олиш масаласини рақиб ширкат – МТС бош директори Бехзод Аҳмедов билан музокара қилганини тан олган. Шунингдек, пресс-релизга кўра, маҳаллий ҳамкор Takilant фирмаси билан келишув 2007 йилнинг декабрида имзоланганда унинг ягона хўжайини Гаянэ Авакян бўлган. Бу фирманинг ортида Гулнора Каримова турганига оид гаплар “миш-миш” даражасида бўлгани ва бу иддаолар TeliaSonera тарафидан текширилиб, ўз тасдиғини топмагани ҳам таъкидланади хабарномада.

Эдстром хоним, Озодликнинг “рақиб ширкат бўлган МТС бош директори Беҳзод Аҳмедов билан, унга алоқаси бўлмаган мобил операторини сотиб олиш борасида музокара қилиш қанчалик мантиққа тўғри келган?”, “TeliaSonera ижрочиларида бу борада шубҳалар туғилмаганми?”, деган саволини ҳам жавобсиз қолдирди.

- Ҳозир бу ҳақда тахминларни илгари суришни истамайман. Ҳозирда биз бу борада ички терговни якунладик ва унинг натижалари жума куни эълон қилинади. Ўшангача, бу ҳақда ҳеч нарса демаган бўлардим, деди TeliaSonera ширкати биринчи вице президенти Сесилия Эдстром.

Катта қисми Швеция ҳукуматига тегишли бўлган TeliaSonera Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш имкони эвазига президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганликда айбланмоқда. TeliaSonera бу айбловларни инкор қилиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG