Линклар

Йигирма тўрт йилдан буён Ўзбекистонни бошқариб келаётган Ислом Каримов бугун 75 ёшга кирди.


Илк бор 1989 йилда Ўзбекистон Коммунистик партияси бош котиби сифатида мамлакат бошқарувига келган Ислом Каримов шу кунгача иқтидорда қолмоқда.

Унинг президентлиги даврида, расмий матбуот таъкидича,Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тузум аҳволи ривожланган, халқаро ва мустақил матбуот ҳамда ташкилотлар кузатувича эса оғирлашган.

Каримов тўғрисида мулоҳаза билдирган мустақил кузатувчилар унинг диктатор эканини урғулаб, бунга Франция маҳкамасининг қарорини мисол келтиради. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева отасини “диктатор”, ўзини эса “диктаторнинг қизи” деб атагани учун 2011 йилда Франциянинг Rue89 Интернет нашрини судга берган, Франция суди эса бу даъвони қондирмаганди.

Айни пайтда мамлакат ичида Ислом Каримов сиёсатини ёқлайдиганлар ҳам анчагина.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 1938 йилнинг 30 январ куни Самарқандда туғилган. Мактабдан сўнг Ўрта Осиё политехника институти ва Тошкент Халқ хўжалиги институтини тамомлаган.

Унинг катта сиёсатдаги фаолияти 1983 йилда ЎзССР молия вазири лавозимини эгаллашдан бошланган. 1986 йилда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг раис ўринбосари бўлган Каримов кейинчалик Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, 1989 йилдан эса Ўзбекистон Коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котиби лавозимини эгаллаган ва шу кунгача Ўзбекистонни бошқариб келмоқда.

1990 йил 24 мартида Ўзбекистон ССР Олий Совети сессиясида у президент этиб сайланган.

1991 йил декабрида ўтган алтернатив сайловларда (мухолифат вакиллари бу сайловда натижалар сохталаштирилганини таъкидлаб келади) Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.

1995 йил 26 мартида ўтказилган умумхалқ референдуми натижаларига мувофиқ, унинг президентлик ваколатлари 2000 йилгача узайтирилди. Шу йили ўтган ва алтернатив сайлов экани иддао қилинган президентлик сайловларида Каримов яна осонлик билан ўз курсисида қолишга муваффақ бўлди.

2002 йил 27 февралида ўтказилган умумхалқ референдумида Ислом Каримовнинг президентлик ваколатлари 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

2007 йилнинг 23 декабрида ўтган сайловда яна президентликка сайланган Каримов мазкур олий мансабда 2014 йилгача ўтириш имкониятига эга бўлди.

Аслида Ўзбекистон Конституцияси ХIХ бобининг 90-моддасида “бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг Президенти бўлиши мумкин эмас”лиги қайд этиб қўйилган. Бироқ ўтган йиллар мобайнида турли пишангларни ишга солиб келган Ислом Каримов шу пайтгача иқтидорда қолишни уддаламоқда.

Ана шундай пишанг – қонунчилик ташаббусларидан бири 2011 йил охирида Каримов томонидан кўтарилган бўлиб, мамлакат Сенати маъқуллаган мазкур таклифга мувофиқ, Ўзбекистонда президентлик муддати 7 йилдан 5 йилга қисқартирилди.

Жорий президентлик ваколати 2014 йилда тугайдиган Ислом Каримовнинг бундай ташаббуси ортидаги асл муддао¸ таҳлилчилар тахминича¸ амалда унинг ваколатларини янада узайтириш бўлиши мумкин. Зеро, президентлик муддатини узайтириш ëхуд қисқартиришга оид қонун қабул қилиниши ортидан Каримовга ўзгартирилган муддат бўйича яна икки марта сайланиш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистон Конституциясининг 90-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин”лиги ёзиб қўйилган. Аммо президентликка сайланиш учун зарур бўлган минимал ёш қайд этилмиш мазкур моддада максимал ёш цензи белгилаб қўйилмаган.

Ўзбекистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2015 йилда бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Ислом Каримов тарихга қандай ном билан киради?

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, келажакда тарихда қоладиган Ислом Каримов шахсияти ҳақида жуда зиддиятли фикрлар бўлади:

- Менинг назаримда Каримов шахсига жуда ҳам зиддиятли фикрлар бўлади келажакда. Бу биринчидан, Каримов ҳокимиятдан кетишида ҳокимиятни кимга беришига боғлиқ. Иккинчидан, посткаримов даври қандай ижтимоий-иқтисодий вазият билан белгиланиши билан ҳам боғлиқ. Агар Каримов кетгандан кейин Ўзбекистонда ижтимоий-сиëсий бўҳронлар жуда ҳам кучли бўладиган бўлса, биринчидан, Каримовга салбий муносабат бўлади ва унинг даврини қўмсаш ҳам албатта сақланиб қолади. Лекин мана Каримовга одамлар баҳо бераëтганда биринчи ўринда барқарорликка кўпроқ эътибор беришади. Чунки Каримов кетгандан кейин мана шу барқарорлик ҳам Каримов билан бирга кетса керак деган фикрлар бор ва мен бу фикрларга қўшиламан. Чунки Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий барқарорликнинг асослари, илдизлари чуқур эмас.

Каримов тарихда қолади ва унинг бир қанча индикаторларини айтиш мумкин. Яъни дин соҳасида Каримов энг ëш ва энг динамик диннинг душмани сифатида тарихда қолади. Ислом ва мусулмонларга қилган тизимли жабр-зулмлари билан тарихда қолади. Куч ишлатиш орқали жамиятда барқарорлик ўрнатганлиги билан тарихда қолади. Мана шу ўтиш даврида, Ўзбекистонда ўтиш даври анча чўзилиб кетди, ўтиш даврида барқарорликни таъминлаганлиги билан ҳам тарихда қолади, дейди Камолиддин Раббимов.

“Ўтюраклар клуби” номли инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева, Ислом Каримов туғилган кунни “диктаторларга қарши кураш куни” деб аташни таклиф қилади:

- Ислом Каримов Ўзбекистон тарихига айнан қонхўр диктатор тамғаси билан киришига мен ишонаман. Боиси айнан Ислом Каримов мамлакатни бошқарган паллада ҳаддан ташқари репрессив режим фаолият кўрсатмоқда ва айнан Ўзбекистон қамоқхоналарида мусулмонларнинг, сиëсий маҳбусларнинг ҳамда адолатсиз судлов қурбони бўлган инсонларга нисбатан қўлланилаëтган қийноқларнинг чексизлиги ҳам бор. Ҳеч қайси бир Ўзбекистоннинг олдинги раҳбарлари даврида бундай нарса содир бўлмаган. Ўзбекистонда айнан Ислом Каримов ва унинг ëнидаги, шайкалари десак тўғрироқ бўладими, маълум бир гуруҳнинг манфаати, Ўзбекистон қонунлари ҳам айнан шу Ислом Каримов ва унинг оиласи, жиноий гуруҳи вакиллари манфаати учун ишлаяпти. Айнан мана шундай шароитнинг яратилишида шахсан Ислом Каримовнинг жиноятлари чексиздир, дейди Мўътабар Тожибоева.

АҚШда яшаётган ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, Ислом Каримов Ўзбекистон тарихида мамлакат ривожини тўхтатган энг қаттиққўл диктатор сифатида қолади:

- Энди асосий мен унинг хусусиятларини айтадиган бўлсам, конституциямизнинг 7-бандида “Давлат ҳокимиятининг ягона манбаи халқ” дейилган. Лекин аслида давлат ҳокимиятининг ягона раҳбари ва ягона манбаи деса ҳам бўлади, мутлақ ҳоким деса ҳам бўлади, бу Каримов. Ўзбекистонни бошқариб келаëтганига салкам 24 йил бўлаяпти. У халқнинг қўлидан бор ваколатларини, ҳуқуқларини ҳаммасини тортиб олган. Аниқроқ айтганда ўғирлаб олган деб ҳисоблайман мен. Энди шу ҳокимиятни умрининг охиригача қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилаяпти.

Энди менинг назаримда тарихда энг қаттиққўл диктатор сифатида қолади. Мамлакатнинг ривожини тўхтатган, халқни эса ночор қолдирган шахс сифатида қолади. Мамлакатда осойишталик бор. Лекин бу осойишталик фақатгина милициянинг сони, уларни қўллаб-қувватлаш туфайли, яъни куч ишлатувчи органларнинг кўплиги ва ўшалар ҳисобидан осойишталик сақланиб турибди. Халқ эса ҳам ҳукуматдан қўрқади, ҳам милициядан қўрқиб юради. Шунинг учун айтаманки, тарихда умуман қора из қолдиради. Ижобий из қолдирмайди, дейди Тошпўдат Йўлдошев.

Россиядаги “Московские новости” газетасининг сиёсий таҳлилчиси Аркадий Дубнов:

- Ислом Каримов албатта тарихда қолади. Бироқ, унинг фаолиятига баҳони унинг ўрнига келган шахс беради. Менимча, Ўзбекистонда ҳам, Марказий Осиёда ҳам унинг фаолиятига баҳо бермайдиган лоқайд одам бўлмайди. Ислом Каримовга мустақил Ўзбекистон давлатчилигини ташкил этган ва бу дунёвий давлатчиликни шариатнинг қаттиқ қонунларидан сақлаган донишманд раҳбар сифатида баҳо берилади. Бироқ шу билан бирга у, мустабид ҳукмдор, мусулмонларни таъқиб қиладиган шайтон, инсон ҳуқуқларини инкор қилувчи ва инсон қадриятларини поймол қилган шахс сифатида қораланади. Менинг назаримда Ислом Каримов шахсияти ва унинг президентлик фаолияти ана шундай қарашлар асосида талқин қилинади, дейди Аркадий Дубнов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG