Линклар

Жиззах шаҳрида яшовчи милиция полковниги, 42 яшар Тўлқин Довурбоев маҳкамага тортилди. Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг одам ўлдириш ва ўқотар қуролларни қонунга хилоф равишда сақлашда айбланаётган собиқ милиция ходимининг иши юзасидан чиқарилган айблов хулосаси жиноят ишлари бўйича Жиззах вилояти судига ўтказилди. Ўз укаларини отиб ўлдирганликда айбланаётган собиқ милиционер устидан суд мажлиси куни ҳали белгилангани йўқ.


Вилоят проркуратураси томонидан олиб борилган жиноят иши тафсилотларига кўра, Тўлқин Довурбоев кўп йиллар Жиззах вилояти Пахтакор тумани ИИБ бошлиғи, Зомин тумани ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаб, 2011 йилда истеъфога чиққан. Собиқ полковник 2012 йилнинг 31 декабрь куни вилоятнинг Зомин тумани Аччи қишлоғида яшовчи ота-онасини янги йил байрами билан қутлаш баҳонасида келган укалари Дилшод ва Муҳаммадни отиб ўлдирганликда айбланмоқда.

Суд баллистик экспертизаси хулосасига кўра, собиқ милиция бошлиғи тарафидан 16 калибрли ов милтиғидан отилган ўқ Дилшод Довурбоевнинг юрак кўкрак соҳасини тешиб ўтган. Қочишга уринган Муҳаммад Довурбоевнинг эса орқа мия қисмига текан. Суд тиббий психологик экспертизаси полковникни кучли руҳий зўриқиш оқибатида жиноятни содир этганини аниқлаган. Укалар 2013 йилнинг 1 январь куни Зомин туманида дафн қилинган.

Зоминликларнинг айтишича, можарога оилага қарашли моддий бойликлар устида чиққан жанжал сабаб бўлган. Зомин тумани ИИБда профилактика нозири бўлиб ишлаган Дилшод Довурбоев акаси, полковник Тўлқин Довурбоев билан пул масласида ота уйида жанжаллашган ва сўнгра даҳанаки жанг ўлим билан якунланган.

Милиция полковниги мамлакат қонунларига кўра, 20 йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиниши мумкмин.

Жиззах вилояти ИИБнинг шахсий таркиб билан ишлаш бошқармаси вилоятдаги бу ҳодиса юзасидан мажлис ўтказгани ва ходимлар хонадонларда сақланаётган ноқонуний қуролларни йиғиб олишга сафарбар қилингани ҳақида маълумотлар бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG