Линклар

Маҳаллий “Скат” авиаширкатига тегишли бўлган Bombardier Canadair Regional Jet - Challenger 200 бизнесс классдаги учоғи сешанба куни ҳалокатга учраши оқибатида экипаж аъзолари ва йўловчилардан иборат жами 21 одам ҳалок бўлган эди.

Қозоғистоннинг Кўкчатаув шаҳридан Олма отага учиб келаётган учқич Қизил ту поселкасида қулаб тушди.

Қозоғистон раҳбари учқич ҳалокати муносабати билан қилган баёнотида ҳукумат комиссияси ҳалокат сабабларини ўрганаётгани ва ҳалок бўлган йўловчилар ва экипаж аъзоларининг оила аъзоларига ёрдам берилишини айтди.

-Учқич ҳалокати сабабларини ўрганиш учун мени буйруғим билан ҳукумат комиссияси тузилди. Мазкур комиссия парвозлар хавфсизлигини кучайтириш чоралар дастурини ҳам ишлаб чиқади. Шунингдек, ҳалокат қурбонларининг яқинларига ҳар томонлама ёрдам бериш борасида ҳукуматга топшириқ берилди, - деди Назарбоев.

Қозоғистонда бундан бир ой муқаддам 25 декабр куни Чимкент яқинида ҳарбий АН-72 учоғи ҳалокатга учраганди.

Учоқ бортида бўлган 27 кишининг ҳаммаси ҳалок бўлган эди.

Айни пайтда, Қозоғистоннинг Олма ота шаҳрида сешанба кунги авиаҳалокатда ҳалок бўлганларнинг жасадлари аниқланмоқда. Учқич қора қутиси текшириш учун Россияга жўнатилди.

Авиация соҳаси мутахассислари ҳалокатга ёмон об-ҳаво шароити сабаб бўлгани, жумладан қалин туман учувчиларга ҳалақит қилганини таҳмин қилишмоқда.

"Скат" ширкати масъуллари эса таҳмин қилишга шошмасдан, экспертиза хулосаларини кутишни тавсия қилмоқда.

"21 одам ўлимига сабаб бўлган учқич ҳалокати сабабларини махсус комиссия ўрганмоқда, экспертиза хулосалари яқин кунларда эълон қилинади", - дейилган "Скат" ширкати баёнотида.

Қозоғистонда ҳалокатга учраган учқич Канадада тайёрланган ва 2000 йилда фойдаланишга топширилган эди.

Қозоғистоннинг "Скат" ширкати уни 2012 йилда сотиб олган.
XS
SM
MD
LG