Линклар

Ўзбекистон Бош прокуратураси касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг диплом олиш учун мажбурий равишда топшираётган ишга жойлашганлик ҳақидаги маълумотномаларини текширишни бошлади.


12.uz нашри берган хабарга кўра, Ўзбекистон Бош прокуратурасида ўтган йиғилишда мамлакатда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳукумат дастурининг ижроси устидан назоратни кучайтириш қарори олинган.

Хабарда бундан буён вилоят прокурорларига аҳолининг бандлиги ва бу ҳақда берилаётган маълумотномаларнинг нақадар ҳақиқийлигини текшириш вазифаси юклатилгани айтилган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили 1 миллионга яқин яп-янги иш ўринлари яратилаётгани, хусусан олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими муассасаларини битираётган ёш кадрларнинг иш билан таъминланаётгани ҳақида ҳисоботлар бериб келмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2012 йил якунларига бағишланган йиғилишида президент Ислом Каримов ана шу ҳисоботларни шубҳа остига олди ва йилига 1 миллионга яқин иш ўринлари яратилаётган мамлакатнинг ёшлари Россияда нега мардикорлик қилиб юргани билан қизиқди.

Президент Каримов ҳукумат йиғилишида, кутилмаганда Россияда фаррошлик қилиб юрган ёшлардан бирининг вафотига тўхталди ва бунинг учун ижро ҳокимиятидаги амалдорларга қаттиқ дакки берди ҳамда Ўзбекистон Бош прокурорига аҳоли бандлиги устидан назоратни кучайтириш, айниқса, коллежни битираётган ёшларни иш билан тўлиқ таъминлаш вазифасини юклатди.

Россия миграция хизмати ҳисоб-китобларига кўра, бу мамлакатда 2,4 миллионга яқин ўзбекситонлик меҳнарт муҳожири бор.

Норасмий кузатувларга кўра, ҳозир 5 миллиондан 8 миллионга қадар ўзбекистонлик мамлакат ташқарисида меҳнат қилаётгани айтилади, уларнинг аксарият қисмини 16-18 ёшдан 25-30 ёшгача бўлганлар ташкил қилади.

Ўзбекистонда, одатан 15-16 ёшдан 17-18 ёшга қадар давом этадиган ўрта махсус ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим муассасаларида ўқиш мажбурийдир.

Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бир неча касб-ҳунар коллежлари раҳбарларидан олинган маълумотларга кўра, шу ҳафта бошидан Бош прокуратура назоратни кучайтириш қарори ижросига киришган.

Маҳаллий ҳокимиятларда коллеж раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказилган ва бундан буён битирувчиларнинг ишга жойлашганлик ҳақида келтираётган маълумнтномалар устидан текширув бўлишидан огоҳлантирилган.

- Текширув бошланди, деб айтишяпти. Агар билиб қолишса, шунақа қуруқ справка берган муассасаниям жавобгарликка тортишади, деб айтишяпти. Лекин ҳали бирорта коллежни шунақа текшириб, топишибди, деб эшитмадик, деди Тошкент шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг ходими.

Пойтахтдаги яна бир неча коллеж раҳбариятидан олинган маълумотга кўра, билим даргоҳини битирганлик ҳақидаги диплом ва унга иловани олиш учун, аввалгидек ишлаётганлик ҳақидаги маълумотнома топшириш шартлигича қолмоқда.

- Справкани олиб келмаса, диплом ҳам, илова ҳам берилмайди. Шунақа справка бўлса бўлди, уни ўқув бўлимига олиб келиб топширади, кейин дипломини олиб кетаверади, деди пойтахтдаги яна бир коллежнинг ходими.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили Ўзбекистондаги умумий таълим мактабларини 520 мингдан зиёд ўқувчи тамомлайди.

Уларнинг қарийб 500 мингга яқини мавжуд 1400 та касб-ҳунар коллежига, қолгани эса 135 та академик-лицейга ўқишга жойлаштирилади.

Мажбурий таълим доирасида нисбатан кўпроқ афзал кўрилаётган касб-ҳунар коллежларини тамомлаганлик тўғрисидаги дипломни олиш учун эса ишга жойлашганлик тўғрисидаги маълумотномани тақдим қилиш мажбуриятдир.

17-18 ёшли коллеж битирувчиси бирор ташкилотга иш сўраб борса, унга иш беришга рози бўладиган мутасаддининг озлигини коллежларнинг раҳбарлари ҳам тан олмоқдалар.

Шу боис, дипломни олиш учун келтириладиган маълумотномаларнинг, кўп ҳолларда, пора эвазига тамға босиб берилган сохта ҳужжат эканидан таълим муассасаларининг раҳбарилари билвосита хабардор эканлигини яширмайди.

- Энди мен нима қилишим керак, айтингда менга?! Спарвка бўлмаса, дипломни бермаларинг, дейишган. Менгаям керакмас ўша справка, болаларимни қийнагим келмайди мениям, бор иш топиб кел, дебда. Лекин талаб шу, бажаришим шарт, деди Озодлик мухбирига микрофонсиз сўзлаган Тошкент вилоятидаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, бу маълумотноманинг нусхалари Олий ва касб-ҳунар таълими вазирлиги ҳамда маҳаллий ҳокимиятларга тақдим қилинади.

Коллеж раҳбари бунинг Ўзбекистонда ҳар йили 1 миллион иш ўрни яратилиши тўғрисидаги расмий ҳисоботга тиркалишидан хабардорлигини айтар экан: "Бунақа масалаларга бизни аралаштирманг, илтимос. Биз вазифамизни бажараяпмиз!" деб жавоб берди.

Айни пайтда, касб-ҳунар коллежларига ушбу ўқув йили якунида ҳам битирувчиларининг ишга жойлангани ҳақидаги маълумотномаларни тақдим қилиш мажбурияти юклатилган.

12.uz нашрида берилган хабарга кўра, 2013 йилда Ўзбекистонда яна 972 минг 700 дона янги иш ўрнини яратиш режаланган.

Маҳаллий ҳукуматларга касаначилик ва оилавий тадбиркорлик ҳисобига 280 мингдан ортиқ одам, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасида эса яна 500 мингга яқин одамни ишлик қилиш вазифаси қўйилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG