Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:13

Olam.uz портали ўзига қўйилган айбловларни инкор қилди


Ўн кундан буён ишламаётган Olam.uz ахборот сайти маъмурияти Facebookдаги саҳифасида таҳририятга қўйилган айбловларга оид хабарларни инкор қилди ва сайт ишламаётганига техник носозлик сабаб бўлгани ҳақида портал муассиси берган баёнотни такрорлади.


30 январ куни Olam.uz ахборот порталининг Facebookдаги саҳифасида эълон қилинган мурожаатда таҳририятга нисбатан жиноят иши очилгани, бир қатор жиддий айбловлар илгари сурилгани ҳақидаги хабарлар сариқ матбуотнинг "ўйлаб топилган гаплари" қабилида баҳоланди.

"Сайтнинг ишламай қолгани МУТЛАҚО техник сабаблар билан боғлиқ ва бу вақтинчаликдир. Носозликнинг муддатини аниқлаш ҳозирча имконсиз ва шунинг учун ишимизни қайта тиклаш муддатини аниқ айта олмаймиз. Сайт ишламаётганининг бошқа сабаблари ЙЎҚ", деган хабар қолдирилди порталнинг Facebookдаги саҳифасида.

Сўнгги 10 кун ичида сайтнинг таҳририяти билан боғланиш ва сайтнинг ишламаётгани ҳақида уларнинг ўзидан маълумот олиш ҳам имконсиз қолмоқда.

2011 йилнинг 11 мартида иш бошлаган ва ўша кезда таҳририятнинг раҳбари сифатида Ўзинфоком ташкилоти биносида матбуот анжумани ўтказган журналист Александр Камишев билан боғланишга ҳам муваффақ бўлмадик.

Дарвоқе, Камишев ўшанда ўз сайтининг тез орада .uz доменидаги энг кўп ўқиладиган сайтга айланишини ваъда қилган ва орадан бир йил ўтиб-ўтмай Olam.uz сайти кўп ўқиладиган сайтлардан бирига айланган эди.

Аммо, сайтнинг ишламай қолгани сабаблари ҳақида 29 январ куни дастлабки хабарни берган CA-NEWS ахборот агентлиги ўз манбасидан олинган маълумотларга таяниб, портал муассиси ва унинг бош муҳаррири устидан ўтган йилнинг ноябрида жиноят иши очилгани, уларга нисбатан бир қатор оғир характердаги айбловлар илгари сурилгани ҳақида хабар қилди.

30 январ куни Olam.uz ахборот таҳририятининг товламачиликда айбланаётгани ҳақидаги навбатдаги хабарни Ўзбекистон ҳукумат тизимларида ишончли манбалари борлигини айтиб келадиган Uzmetronom интернет нашри тарқатди.

Нашрнинг ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, ўтган йилнинг кузида Olam.uzнинг ходимлари Miсroсredit банкидан товламачилик воситасида реклама учун ҳақ ундиришга урингани аниқланган.

Бунинг ортидан жиноий иш қўзғатилганидан сўнг эса нашриётнинг идорасидаги компютер ва бошқа ахборот ташувчи мосламалар экспертизага тортилган ва текшириш чоғида бу манбаларда порнографик характердаги маълумотлар ҳам топилган ҳамда жиноий ишга тиркалган.

Сўнгги хабарлар хусусида Miсroсredit банки раҳбариятидан ҳозирча аниқ муносабат олишнинг имкони бўлмади.

"Бу ҳақда банкда бирор гап бўлмаган", деди қисқагина қилиб банкнинг Озодлик мухбирига микрофонсиз сўзлаган мулозимларидан бири.

Айни пайтда, CA-NEWS ахборот агентлигида берилган хабар ортидан 29 январ куни Озодликка сўзлаган портал муассиси Mobile Mass Media раҳбарияти ҳам сайтнинг "техник сабабларга" кўра ишламаётганини билдирган эди.

.uz доменидаги Gzt.uz, Polit.uz, Gozirzont.uz, Press-uz.info каби ахборот сайтларидан бирининг очилишида иштирок этган ва исми сир қолишини сўраган тошкентлик журналистга кўра, Olam.uz порталига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги хабарларда асос бор.

"Мен бу сайтни доимий равишда ўқиб бораётган эдим. Хабарлари у ёқдан, бу ёқдан олинган енгил хабарлар эдику, аммо шарҳлар кучайиб кетаётган эди. Ҳозир мамлакат ичкарисидаги кўпчилик жамоат ташкилотларига фақат .uz домени сайтлари очилади. Бу домендаги кўпчилик сайтлар, масалан мен ишлаган сайт ҳам Совбез (Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши - Таҳр.) томонидан ахборот хуружларига қарши очилган. Назаримда, Olam.uz шарҳларини эркин қўйиб, бегилаб берилган чегарадан чиқиб кетди", дея тахмин қилди исмини ошкор қилмаётганимиз тошкентлик журналист.

Унинг сўзларига кўра¸ аввалига .uz доменида очилган Gzt.uz, Polit.uz, Gozirzont.uz, Press-uz.info каби сайтлар унча самарадор бўлмагани боис Ўзбекистонда Оlam.uz мазмунидаги енгил ва кўнгилочар сайтларни очишга қарор қилинган.

2011 йилнинг 1 мартидан иш бошлаган ва сўнгги пайтларда ўз фойдаланувчиларига 19 йўналишда тезкор хабарларни бериб келаётган Olam.uz ахборот портали 2011 йилда ФондФорум ташаббусида ўтган танловда .uz доменидаги энг яхши электрон ахборот воситаси номинацияси бўйича ғолиб топилган.

Beeline Club сайтида берилган хабарга кўра, Olam.uz иш бошлаганидан 11 ой ўтиб, .uz доменида энг кўп ўқиладиган сайтга айланган, alexa.com рейтинги бўйича Ўзбекистонда энг кўп ўқилаётган глобал интернет сайтлар рўйхатида 9-ўринга қўйилган ҳамда бу сайтга бир кунда 40 мингдан ортиқ фойдаланувчи кирган.

XS
SM
MD
LG