Линклар

ҲРУ: Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти аянчли бўлиб қолмоқда


Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият 2012 йилда умуман ўзгармади ва аянчли бўлиб қолмоқда. Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти пайшанба куни эълон қилган ҳисоботида ана шундай хулосани берди.

665 саҳифалик ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисми Тошкент ҳукуматининг ҳамон мажбурий болалар меҳнатини қўллаётгани, Андижон қирғини бўйича адолат қарор топмагани, инсон ҳуқуқлари фаоллари ва мустақил журналистлар қамоқда қолаётгани ва таъқиб қилинаётгани, қамоқда қийноқлар кенг қўлланилаётгани каби муаммолар кўтарилган. Бу муаммоларнинг ҳар бирига оид конкрет мисоллар ҳам келтирилади ҳужжатда.

Шунга қарамай, дея қайд этилади ҲРУ хулосаларида, Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи 2012 йилда ҳам, Афғонистондаги уруш масаласида ҳамкорликка эришиш ниятида, расмий Тошкент билан муносабатларни яхшилашда давом этди.

90 дан ошиқ давлатда инсон ҳуқуқларига оди вазиятга баҳо берилган ҳужжат бу мамлакатларнинг аксарида демократия дуч келаётган муаммолардан ҳам огоҳлантиради.

Яқин Шарқ минтақасида рўй берган сўнгги воқеаларга баҳо берар экан, ҲРУ янги ҳукуматлар инсон ҳуқуқларини қанчалик ҳурмат қилиши Араб баҳори деб номланган халқ исёнлари натижасида бу мамлакатларда демократия ёки янги авторитар режимлар ҳукмрон бўлишини белгилаб беришини таъкидлайди.

Россиядаги вазият ҳақидаги ҲРУ хулосаларида президентликка қайтган Владимир Путин “фуқаровий жамиятга қарши мисли кўрилмаган репрессияларни бошлади”, дейилади.

Пайшанба куни очиқланган ҳужжат ҲРУнинг дунё давлатларидаги вазиятга оид 23-йиллик ҳисоботидир.
XS
SM
MD
LG