Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:53

HRW: Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини яхшилаш йўлида мазмунли иш қилмаган


World -- Human Rights Watch logo,undated
World -- Human Rights Watch logo,undated

Ҳюман Райтс Уотч чиқарган янги ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи абгорлигича қолмоқда, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш йўлида бирор мазмунли иш қилмаган.


Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг пайшанба куни эълон қилган ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистон жиноий адлия тизимида қийноқлар мунтазам қўлланилади, мамлакат қамоқхоналарида қийноқлар кенг ва систематик тус олган.

Ҳукумат фуқаролик жамияти фаоллари, мухолифат аъзолари ва журналистларни, мустақил диндорларни таъқиб этишда давом этмоқда.

"Расмийлар фуқаровий жамият фаоллари, мухолифат аъзолари ва журналистларни нишонга олишда ва давлатнинг кучли назоратидан ташқарида ибодат қилувчи диндорларни таъқиб этишда давом этмоқда", дейилади Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида.

Ташкилот ҳисоботида ҳозир қамоқда қолаётган камида ўн нафар ҳуқуқ фаоли ва журналистлар, жумладан Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Нозим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Ғанихон Маматхонов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов каби журналист ва ҳуқуқ ҳимоячилари номлари келтирилади.

Ўтган йил июл ойида товламачиликда айбланиб, етти йилга қамалган Гулноза Йўдошева шу ой бошида "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан амнистия ҳақида"ги қарорига асосан озод этилди.

Аммо, амнистия узоқ йиллардан буён қамоқда қолаётган сиёсий маҳбусларга нисбатан қўлланилмай келади.

Ўн уч йиллик қамоқ жазосини ўтаб, ўтган йил феврал ойида озодликка чиқиши керак бўлган 58 ёшли сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати 4 йил 8 ойга узайтирилди.

Ёши етмишдан ошиб қолган таниқли адиб Мамадали Маҳмудов ҳамда Юсуф Рўзимуродовларнинг соғлиғи ёмонлашганига қарамай, улар қарийб 14 йилдан буён қамоқда қолишмоқда.

Сўз эркинлигига чекловлар

Ҳюман Райтс Уотч чиқарган янги ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ўта чекланган бўлиб, ҳукумат мустақил журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилишда давом этмоқда.

Ўтган йил Ўзбекистон ҳукумати камида икки хорижлик журналистни мамлакатга киритмай, ҳеч қандай сабаб келтирмасдан Тошкент аэропортидан ортга қатариб юборди.

Булар Би-би-си журналисти Наталя Антелава ва Россияда чиқадиган “Новая газета”нинг фотомухбири Виктория Ивлевалардир.

2012 йилнинг март ойида журналист Виктор Кримзалов тухмат айблови билан судга тортилди.

Апрел ойида яна бир русийзабон журналист Елена Бондар "миллий, ирқий ва диний адоват қўзғаш"да айбдор деб топилиб, маҳкама тарафидан 3700 АҚШ доллари миқдоридаги жаримага тортилди.

Ҳюман Райтс Уотч ўз ҳисоботида, шунингдек, ўтган йил январ ойида руҳий шифохонадан чиқарилганидан кўп ўтмай ғойиб бўлган жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримовнинг тақдири ҳануз мавҳум бўлиб қолаётгани борасида ҳам хавотир билдирган.

Ҳуқуқ фаолларига нисбатан таъқиблар

Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолларига нисбатан зўравонлик ва қўрқитиш амаллари одатий ҳолга айланган,"- дейилади Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида. Ташкилотга кўра, айни холат 2012 йилда ҳам давом этган.

Қарши шаҳрида маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Гулшан Қораева ва унинг оиласига нисбатан босимлар, унинг уйи деворига номақбул сўзлар ёзилиб, уятсиз суратлар чизиб кетилди.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳамда қийноқлар муаммоси ҳақида бонг уриб келган жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев ўтган йил айни пахта терим мавсумида безориликда айбланиб, 15 суткага қамалди.

Тошкентда мардикорлар ҳимоясига отланган инсон ҳуқуқлари фаоллари Фахриддин Тиллаев, Нуриддин Жуманиёзов ҳамда Абдулла Тожибой ўғли маҳкамага тортилиб, ҳар бири 7 миллион сўмлик жаримага тортилди.

Мажбурий меҳнат

Ҳисоботда шунингдек, Ўзбекистонда пахта йиғим-терими пайтида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш давом этаётгани, болалар ва мажбурий меҳнат муаммоларини ёритишга уринган журналист ва ҳуқуқ фаоллари таъқибга учрагани қайд этилган.

Ҳюман Райтс Уотчнинг айтишича, 2012 йилги мавсумда жазолаш билан пўписа қилиниб, миллиондан ортиқ одам - болалар ва катталар - жумладан, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамширалар мажбуран сафарбар этилган.

Шунингдек, ташкилот ҳисоботида Ўзбекистон ҳукумати йиғим-терим жараёнидаги вазият юзасидан хабар беришга уринган маҳаллий фаоллар ва журналистларга тазйиқ ўтказганини тилга олади.

Ҳюман Райтс Уотчнинг айтишича, 2012 йилги мавсумда жазолаш билан пўписа қилиниб, миллиондан ортиқ одам - болалар ва катталар - жумладан, ўқитувчилар, шифокорлар ва ҳамширалар мажбуран сафарбар этилган.

Ҳисоботда айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати йиғим-терим жараёнидаги вазият юзасидан хабар беришга уринган маҳаллий фаоллар ва журналистларга тазйиқ ўтказганини тилга олади.

"Ўзбекистон ҳукумати тўрт йилдирки, Халқаро меҳнат ташкилоти кузатувчиларини мамлакатга киришларига изн бермайди. Мажбурий меҳнатга оид вазиятни ёритишга уринган маҳаллий фаоллар ва мустақил журналистларни эса, ҳибсга олади ва қўрқитади", дея билдирди Ҳюман Райтс Уотч ўз ҳисоботида.

Андижон қирғини

Ҳюман Райтс Уотч ўз ҳисоботида яна бир бор Ўзбекистон ҳукуматни 2005 йил Андижон шаҳрида содир этилган "қирғин" юзасидан адолатни тикламаганликда танқид қилди.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон ҳукумати, Андижон воқеаларидан етти ярим йил ўтган бўлса ҳам мустақил текширув ўтказишга розилик бергани йўқ.

Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларига гувоҳ бўлганларни ҳамон таъқиб этмоқда.

Ташкилот ўз ҳисоботида АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳануз Андижон қирғини учун Ўзбекистон ҳукуматидан ҳисоб сўрамаётганидан таассуф билдирган ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг аянчли аҳволи манзарасида АҚШ ва ЕИнинг Тошкент билан яқин алоқаларини танқид остига олган.

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотнинг шарти сифатида ундан Иттифоқнинг жазо чораларида кўзда тутилган мажбуриятларни бажаришни талаб қилиши керак, дейилади Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида.
XS
SM
MD
LG