Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:34

500 га яқин маҳкум амнистия боис уйига қайтди


"Энг узоқ қамоқда қолаëтган журналист" деб эътироф этилган Муҳаммад Бекжонга бу сафар ҳам амнистия қўлланилмади.
"Энг узоқ қамоқда қолаëтган журналист" деб эътироф этилган Муҳаммад Бекжонга бу сафар ҳам амнистия қўлланилмади.

Конституциянинг 20 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия асосида жазодан озод бўлганларнинг яна бир гуруҳи уйига қайтди.



Ўзбекистон расмий нашрлари Фарғона вилоят ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Адҳамжон Эсоновга таяниб, амнистия билан озодликка чиқарилган 17 маҳкумнинг уйига қайтганини ëзишди.

Эсоновнинг маҳаллий матбуотга айтишича¸ айни пайтда бу 17 маҳкумни қайта тарбиялаш мақсадида махсус суҳбатлар олиб борилмоқда.

Амнистия жараëнини кузатаëтган инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромов ўз тасарруфидаги маълумотларга таяниб¸ 500 га яқин маҳкум авф қилиниб, уйига қайтганини айтади:

- Амнистияга тушганлар кунда 35 кишилик группа қилиниб, уйига жўнатилмоқда. Шу пайтгача менда бор маълумотларга кўра, 500 га яқин маҳкум уйига қайтди. Масалан, Тошкентдаги аëллар колониясидаги 2000 маҳкумдан 150 нафари амнистияга тушиб, уйига қайтгани ҳақида бизда маълумот бор. Энди бу рақамлар ўзгариб турибди¸ чунки амнистия жараëни давом этмоқда¸- дейди Суръат Икромов Озодлик билан суҳбатда.

Олтин амнистия

Чинозлик 56 яшар деҳқон Йўлдошали ака Йўлдошев амнистияга тушган қизи Гулноза Йўлдошеванинг қамоқ эшигидан чиқиб келган кунни ҳаëтидаги бахтли дақиқа деб ҳисоблайди:

- 4 январ куни қизингни қамоқдан чиқарамиз¸ соат 11 га келинг¸ дейишди. Эрталабдан бориб қамоқхона эшигида кутиб турдим. Чиқишини роса пайсалга солишди. Кун жуда совуқ эди. Кеч 9 ларда қизим эшикдан чиқиб қучоғимга отилди¸- дейди амнистия боис озод қилинган маҳкуманинг отаси.

Суҳбатдошга кўра, ўша куни Гулноза Йўлдошева билан бирга яна ўнлаб маҳкума аëл амнистия боис қамоқхонани тарк қилишган.

Қозоғистонда қулликка тушган ака-укалари учун адолат излаб, маҳаллий мулозимлар билан зиддиятга киришган 26 яшар инсон ҳуқуқлари фаоли Гулноза Йўлдошева ўтган йили тамагирликда айбланиб, қамалган эди.

Гулноза Йўлдошева Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти тарафидан “ўз ҳаққини ҳимоя қилгани учун тазйиққа учраган” фаол сифатида таърифланган маҳкумадир.

Йўлдошеванинг ўзи амнистия боис озод қилинган кунни яхши эслашини Озодлик билан суҳбатда гапирди:

- Ўша куни мени ишлаëтган жойимдан чақириб кетишди. Кейин амнистияга илиндинг табриклаймиз¸ дейишди. Аризага қўл қўйдиришди. Кейин чиқдим¸- дейди амнистия боис озод бўлган собиқ маҳкума.

Гулноза Йўлдошеванинг отаси Йўлдошали ака шунча йил яшаб амнистия деган калиманинг аҳамиятини қизи қамоққа олинганидан кейин тушуниб етганини айтади:

- Илгари амнистия чиқибди¸ фалончи амнистияга тушибди деган гапларга парво қилмаганман. Аммо қизим Гулноза туҳмат билан қамалганидан кейин амнистия нималигини тушундим. Ëзмаган жойим қолмади. Туҳмат билан қамалган қизимни қамоқдан олиб чиқиш учун инсон ҳуқуқлари фаоллари билан биргаликда қаттиқ ҳаракат қилдим. Олтин амнистия дейишувди¸ мен учун қизимни қамоқдан озод бўлиши олтиндан ҳам қиммат¸- дейди Йўлдошали ака.

Айни пайтда, суҳбатдош ўғри¸ қароқчи ва қотилларнинг амнистия қилинишига қарши эканини айтади.

Фарғона маҳаллий матбуоти талончилик ва ўғрилик қилиб, қамалган 30 яшар Акбар исмли йигитнинг амнистия боис қамоқдан озод бўлиб уйга қайтгани ва фойдали меҳнат билан шуғулланаëтганини ëзади.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган оддий фарғоналиклар амнистия боис озод бўлган ўғри ва талончилар ўз қилмишларини яна давом эттираëтганидан ташвиш билдиришди.

Эътиқод маҳбуслари амнистияга тушмади

Озодлик билан суҳбатда Гулноза Йўлдошева амнистия актига биноан озод қилиниши керак бўлган камерадошларининг кўпи қамоқда қолиб кетганини айтди:

- Жиноий иши ва бошқа ҳолатлари бўйича амнистия актига тушадиган маҳкумаларнинг тўрт маротаба амнистия чиққанда ҳам қамоқда қолганига гувоҳман. Энди менга келсак мен қаттиқ ҳаракат қилдим. Ариза ëздим. Қолаверса, жамоатчилик резонанси ҳам бўлди¸- дейди Гулноза Йўлдошева.

Амнистияга тушмайдиганлар

Айни пайтда жамоатчилик ташвишига сабаб бўлаëтган ўнлаб сиëсий маҳбус амнистиядан мосуво қолмоқда.

Шулардан бири ëзувчиларнинг Халқаро ПЕН клуби тарафидан виждон тутқуни деб аталган 75 яшар адиб Мамадали Маҳмудов 14 йилдан бери қамоқда қолмоқда.

Унинг 14 йиллик қамоқ муддати шу йил февралида ниҳоясига етиши керак, аммо ҳозирча унинг авф этилиши борасида яқинларига ҳеч нарса айтилмаган.

Диний воиз Хайрулла Ҳамидовга нисбатан амнистия қўлланмаслиги эҳтимоли юқори деб айтилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, "Эрк" партияси фаоли Мурод Жўраевнинг қамоқ муддати яна узайтирилди.

Мурод Жўраев Ўзбекистонда энг узоқ муддат тутқунликда бўлган сиёсий маҳбусдир.

У 1994 йилда давлат тўнтаришига уринишда айбланиб қамалган.

Халқаро журналистлар қўмитаси тарафидан "шу кунда энг узоқ қамоқда қолаëтган журналист" сифатида қайд қилинган Муҳаммад Бекжонга ҳам амнистия қўлланмади.
XS
SM
MD
LG