Линклар

Ўзбекистонлик кинорежиссер Рустам Обидовга буюк шоир Алишер Навоийнинг Самарқандда сиëсий қочқин мақомида яшагани ҳақидаги филмни суратга олиш учун изн берилмади.

Рустам Обидов кино учун зарур бўлган 750 минг доллар маблағ ва кинода иштирок этадиган 4000 кишини едириб-ичириш учун тижорий ҳомий топганини айтади.

Обидовнинг Озодликка айтишича, “Паноҳ” деб номланган бу филмни суратга олиш учун маблағ мавжудлигига қарамасдан, “Ўзбеккино” Давлат акциядорлик ширкати филмни суратга олишга рухсат бермаяпти.

Озодлик билан суҳбатлашган “Ўзбеккино” ДАК мутахассислари эса Алишер Навоий ҳақидаги филм сценарийсидаги диалоглар буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби яшаган давр руҳини бермаслиги ва Тошкент шевасига яқин тилда ëзилганлигига эътироз билдиришган.

Алишер Навой номидаги адабиëт институтининг сценарий билан танишиб чиққан мутахассислари киноасардаги бадиий тўқиманинг ҳаддан зиёд бўрттирилгани ва фойдаланилган ғазаллар хронометрияси нотўғри эканига эътироз билдиришган.

“Ўзбеккино” ДАК мутахассислари сценарий қайта ишлаш учун муаллифга қайтарилганини айтишди.

Навоий ҳақида тарихий кино олмоқчи бўлган кинорежиссер Рустам Обидов олим ва мулозимларнинг тижорий кино ҳақида тасаввури йўқлигидан нолиди:

- Агар мен улар айтгандек эски адабий тилда кино олсам, спонсорларга улар сарфлаган пулни қайтариб бера олмайман. Кино тижорий муваффақиятга эриша олмайди. Мен давлатдан бир тийин ҳам олмасдан, Навоий каби тарихий шахс ҳақида кино олмоқчиман, аммо изн беришмаяпти, - дейди Рустам Обидов.

Навоий ҳақида кино яратиш режаси Рустам Обидовда таниқли шоир Музаффар Мирзонинг “Паноҳ” қиссасини ўқиб чиққанидан кейин пайдо бўлган.

Қисса Алишер Навоийнинг Ҳиротдаги тазйиқлардан қочиб, Самарқанддан паноҳ топгани ҳақида ҳикоя қилади. Кейинчалик Музаффар Мирзо бу мавзуни "Шаъм ва шамшир" романида ҳам ëритди.

"Паноҳ" қиссасида Навоийнинг самарқандлик Гулрухсор исмли қизга ошиқ баëн қилинади.

Кинорежиссер Рустам Обидов киносценарий ëзиш чоғида шоир Музаффар Мирзо билан маслаҳатлашганини айтади.

Рустам Обидовнинг Навоий ҳақида филм олишини умумият-ла олқишлаган Музаффар Мирзо тил ва эркин талқин борасидаги танқидларни асосли, деб билади:

- Навоийни замонавий тилда гапиртириб бўлмайди. Худди Қодирий асаридаги Отабекни замонавий шевада гапиртириб бўлмагани каби. Қодирий тили деб атаганимиз гўзал тилни ëшлар тушунмайди, дейишга асос йўқ. Яна бир эътироз бадиий талқин ва эркин тўқима борасида. Навоий ҳаëти ўзи ва салафлари тарафидан ўта аниқ ҳужжатлашган. Шу маънода эркин талқин фақат бизни чалғитади, - дейди шоир Музаффар Мирзо Озодлик билан суҳбатда.

Суҳбатдошга кўра, яқин тарихда совет ëзувчилари Уйғун ва Иззат Султонлар тарафидан ëзилган “Навоий” спектаклидан ўрин олмиш чалкашликлар кўпчилик онгида Навоий ҳақида нотўғри тасаввур ҳосил қилган.

- Биз Навоий каби улуғ сиймо ҳақида кино олар эканмиз, етти ўлчаб бир кесишимиз керак, - дейди Музаффар Мирзо.

Ўзбекистонлик кинорежиссер Рустам Обидов эса ўзбек мулозимлари ва олимларининг ортиқча жиддий ëндашуви эркин ижод жараëнига халақит бераëтганидан тинчсизланган.

Обидовга кўра¸ шундай андишалар боис 20 йилдан бери Ўзбекистонда бирорта ҳам тарихий мавзудаги кино суратга олинмади.

62 ёшли киночи Рустам Обидов “Менга сен керак”, "Меним ëрим - ëлғончи “, “Совға” филмларини суратга олиб, тижорий муваффақиятга эришган.

Рустам Обидов Тошкентдаги “Усто Мажид – Файз” студиясининг асосчисидир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG