Линклар

logo-print

Аҳолига чет эл валютаси сотишнинг янги тартиби кучга кирди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Марказий банки хабарига кўра, янги тартиб жисмоний шахсларга чет эл валютасини халқаро тўлов карточкасидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда сотиш усулини қўллашни кенгайтиришни назарда тутади.



Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб, Ўзбекистон банкларида исталган жисмоний шахс VISA пластик карточкасига бир кварталда 2000 АҚШ доллари сотиб олиши мумкин.

Тошкентдаги “Ҳамкорбанк” филиалларидан бирининг ўзини таништирмаган ходими янги амалиётнинг тартибини тушунтирди:

- Бизда VISA карточка очганингиз билан баравар миллий сўмга ҳам карточка очасиз. Ёнингиздаги нақд сўмингизни сўм карточкангизга кирим қиласиз. Кейин қўлингизга квитанция беришади. Сиз конвертация бўлимига борасиз ва бу пулни долларга айлантириб, сизнинг карточкангизга ташлаб беришади. Бир кварталга икки минг АҚШ долларигача алмаштиришингиз мумкин,- дейди банк мулозими.

Унинг айтишича, VISA карточкалари Ўзбекистонда ишламайди, ундан фақат хорижга чиққанда фойдаланишиз мумкин:

- Чет давлатга чиққанингизда бу карточкадан бир кунда 200 доллар олишингиз мумкин. Бунда 5 фоиз хизмат ҳақи олинади. Терминаллар орқали эса чекланмаган миқдорда харид қилишингиз мумкин. Остаткамиз, яъни куймайдиган депозит 100 доллар бўлди. VISA карточкасини очишнинг нархи 50 АҚШ доллари, сўм карточкаси эса 5 доллар,- дейди банк ходими.

Банк мулозимига кўра, фуқаро чет элга чиқмаса ҳам ҳар кварталда икки минг АҚШ долларигача сўм айирбошлаб, VISA карточкасига қўйиш ҳуқуқига эга.

Шу пайтгача, хорижга чиқаётган ўзбекистонликлар фақат самолёт чиптаси ва хорижий мамлкат визасини кўрсатган тақдирда миллий сўмни 2000 АҚШ долларигача айирбошлаш ҳуқуқига эга эдилар.

Ўзбекистон Марказий банкининг ишонч телефони (+998 71 212-60-18) орқали Озодлик билан гаплашган мутахассисига кўра, бундай тартиб янги қонунда кўзда тутилмаган:

- Қонун ҳужжатлари бўйича шахсий сўм пластик карточкангиз билан шахсингизни тасдиқловчи гувоҳномангиз бўлса бўлди. Самолёт чиптасини кўрсатишингиз шарт эмас,- деди Марказий банк мулозими.

Ўзбекистон Марказий банки хабарига кўра, Ўзбекистондаги барча тижорат банклари “VISA International”, “MasterCard” ва бошқа нуфузли халқаро тўлов тизимларининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади ва улар реал вақт режимидаги банклараро тўловларни амалга ошириш имконини берувчи “СВИФТ” халқаро тизимига уланган.

Ўзбекистон резидентларидан ва чет эл фуқароларидан чет эл валютасини сотиб олишнинг амалдаги тартиби ўзгармасдан қолади. Шунингдек, юридик шахслар учун жорий халқаро операцияларни амалга оширишда чет эл валютасини сотиб олишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.

Ўзбекистондаги банклар бундан сўнг жисмоний шахсларга нақд шаклда валюта сотмайди.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, мамлакатдаги йигирмадан ортиқ ваколатли тижорат банки томонидан халқаро тўлов карточкалари муомалага чиқарилмоқда ҳамда улардан 233 мингдан ортиқ жисмоний шахслар фойдаланяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG