Линклар

Жарроҳлар Арманистон президенти лавозимига номзод бўлган Паруйр Айрикянга уюштирилган суиқасд пайтида унинг елкасига тиқилиб қолган ўқни олиб ташлади.

63 яшар Айрикян 31 январ куни кечқурун Ереванда ўз уйи олдида отиб кетилди. Ҳозирда полиция ҳужум қилган шахсларни қидирмоқда.

Арманистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Анаит Аитаян жума куни журналистларга жароҳат Айрикяннинг ҳаётига таҳдид солмаётганини айтди.

18 феврал куни Арманистонда ўтказиладиган президентлик сайловида Айрикян асосий даъвогар бўлмаган.

Саккиз номзод иштирок этадиган президентлик сайловида иқтидордаги президент Серж Саркисяннинг ғолиб чиқиши кутилмоқда.

Паруйр Айрикянни касалхонага бориб кўрган Арманистон Бош вазири Тигран Саркисян сиёсатчига қилинган ҳужумни қоралаб, уни ҳукуматга берилган зарба дея бахолади.

Арманистон конституциясига кўра, агар президентликка номзод сайловда қатнаша олмаса, сайлов икки ҳафтага кечиктирилади.
XS
SM
MD
LG