Линклар

Томск ўзбеклар жамияти яна биносиз қолиши мумкин


Томск шаҳридаги Ўзбеклар жамиятига ваъда қилиниб, тортиб олинаётган бино.

Томск шаҳридаги Ўзбеклар жамиятига ваъда қилиниб, тортиб олинаётган бино.

Томск маъмурияти шаҳардаги тарихий биноларидан бирини йўқ қилишда маҳаллий ўзбеклар жамиятини айблаб, бу бинони қайтариб олмоқчи. Ўзбеклар диаспораси раҳбарияти мэрияни қинғир ишлари устидан судга ва шахсан Россия президенти Путинга мурожаат қилишини айтмоқда.



Томскда бир неча ойдирки, шаҳар ҳокимияти ва “Ўзбекистон” миллий-маданий автономияси ўртасида Никитина кўчаси 2-уй манзили бўйича жойлашган тарихий бино устида можаро давом этмоқда.

2012 йил февралида тарихий деб тан олинган икки қаватли ëғоч бино “Ўзбекистон” маданий ташкилотига таъмирлаш ва шу ерда маданий марказ очиш шарти билан топширилган.

Томск мэрияси ўзбеклар жамиятини қарийб бир йил ўтганига қарамасдан реставрация ишлари бошланмаганликда айбламоқда. Шу важ билан Томск маъмурияти архитектура ёдгорлигини мусодара қилиш ва бошқа “масъулиятлироқ инвесторга” топширишга қарор қилганини билдирди.

Томск шаҳрининг тарихий ёдгорликларини мухофаза қилиш қўмитаси раиси Никита Кирсанов Озодлик билан суҳбатда маъмуриятнинг бу қарорини “бинонинг бепул фойдаланишга топширилгани”, тарихий ёдгорлик ҳовлисида йиғилган “ахлат олиб чиқилмаётганидан қўшни уйда яшовчилар норозилик билдираётгани” ва “бинода икки маротаба ёнғин чиққани” билан изоҳламоқда.

- Куни кеча бу масла юзасидан Миллатлараро муносабатлар бўйича комиссияси махсус йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия Томск шаҳар мэриясига “Ўзбекистон” жамияти билан шартномани бекор қилишни тавсия қилиш қарорига келди. Бунинг асосий сабаби этиб ўзбеклар жамиятига юкланган вазифаларнинг бажарилмагани ва давлат ҳимоясида бўлган бинонинг қаровсиз аҳволга келиб қолгани қилиб кўрсатилди. Биз жамиятга бинони тиклаб олиб ундан кейинчалик фойдаланиш шартини қўйган эдик, холос. “Биз бу бинони таклай олмаймиз”, деб олдинроқ айтишганда муниципалитет бошқа бино топиб берарди уларга, дея Томск Думаси комиссияси қарорини Озодликка изоҳлади Никита Кирсанов.



Депутатлар “Ўзбекистон” жамияти билан шартнома бекор қилиниши ва тарихий ёғоч меъморчилиги намунаси саналган бу бинони “қайта тиклаш учун чоралар қўлланилиши” масаласини ҳам кўтардилар.

Томскда жойлашган “Ўзбекистон” миллий-маданий автономия раиси Ҳамза Ҳамроев, Озодлик билан суҳбатда, бинони топшириш тўғрисида оғзаки қарор ўтган йил бошида чиқарилганига қарамасдан, шартнома 2012 йилнинг сентябр ойида имзоланганини айтади.

У мэриядаги айрим манфаатдор шахслар шунчаки “ўзбеклар” қўли билан бу бинони бузиб, уни тиклаш пудратини ўзларига қарашли фирмаларга катта давлат грантлари асосида топшириш ниятида эканини гапиради.

"Биз бу бинода аллақачон ҳашар йўли билан анча ишларни қилиб бўлган эдик: 25 КАМАЗ ахлат олиб чиқдик", дейди жамият бошлиғи Ҳамза Ҳамроев.

- Шартнома бўйича биз бу бинони тиклашимиз керак эмас. Бизга фақат бинони фойдаланиб туришга берилди. Биз кўтарилаяпмиз, бизнинг талабларимиз ошяпти бошқаларга нисбатан. Ёғоч уйлар авария ҳолатида-да. Уни тиклашга шаҳарда пули йўқ. Мен буни устидан президентгача шикоят қиламан, чунки бизни шунчаки “использовать” қилишди. “Биз сизлар учун плошчадкани тозалаб бердик, энди сизлар бу бинони тўлиқ бузвориб, сотасанлар ерни”, дедим уларга. Буларнинг бошидан мақсади шундақа бўлган. Бизга “Давай, бузинглар!”, деб олдинга суриб, эндиликда бизни виноват қилдирмоқчи!- дейди ўзбеклар мухторлиги раиси Ҳамза Ҳамроев.

Ушбу бинода ҳеч қандай ёнғин чиқмаганини айтган Ҳамза Ҳамроев Томск шаҳар маъмуриятини бино реставрацияси лойиҳаси ва сметасини жамоатчиликдан яшираётгани, сувоқова ва шаҳар электр тармоғи ташкилотлари техник талабларини бажармаганлик иддаосини қўлловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаётганини айтади.

”ВКонтакте” ижтимоий тармоғида Томск мэриясининг тарихий обидаларни ҳимоя қилиш “уринишларини” танқид қилаётган махсус саҳифа ҳам очилди.

Ҳамроев бугунги кунда сон жиҳатидан кўпайиб бораётган ўзбеклар учун Томскда алоҳида бино об-ҳаводек зарур, дейди.

Диаспора раҳбари маданий марказ ёнида ўзбек миллий таомлар ошхонасини очиш ва вилоятга келаётган ўзбекларга ёрдам кўрсатиш учун барча қулайликларга эга марказ тузиш режалари билан ўртоқлашди. Бироқ, у асосий кучини маҳаллий қоғозбозлик тизими билан курашга сарфланаётганидан афсусланди.

- Бино бизга берилганида биз “рус-ўзбек марказининг” Низомини ёзиб чиқдик. Биз у ерга кичкинагина мигрантлар учун болалар боғчаси, мигрантлар болалари учун мактаб, мигрантлар учун рус тилини ўрганиш курсларини ташкил этмоқчи эдик. Томскка ҳар йили 25 минг мигрант келади (муал.Ўзбекистондан). Уларнинг кўплари оилалари билан келяпти. Болакайлар садикни билмайди, таълим ололмайди. Ҳатто маҳаллий россияликлар болаларини садикка олиб бора олмайди – жой етишмайди. Устига-устак, мигрантлар янги қонун бўйича рус тилидан экзамен топшириши керак. Бу институтларга вазифа қилиб берилган. Лекин у ерда бир йиллик курси 90 минг рубл, битта тест олиниши – 5 минг рубл. Биз шуни ҳаммасини бепул қилиш ниятида эдик, дея ўз реджалари билан ўртоқлашди Ҳамза Ҳамроев.

Маълум бўлишича, Томскдаги “Ўзбекистон” миллий-маданий автономия ҳозирда Ленин кўчаси 82”А” биносида битта хонани эгаллаб келмоқда.

“Ўзбекистон” жамияти раиси келтирган маълумотга кўра, 2012 йили Томскка 45 минг мигрант, жумладан 25 минги Ўзбекистондан келган. Шунингдек, маҳаллий ўзбеклар сонининг ўзи бугунда шаҳарда 5 минг кишига етгани айтилди.
XS
SM
MD
LG