Линклар

Замонавий гладиаторлар ёҳуд Тошкентдаги қоидасиз жанглар


Қоидаси жанглар Тошкентнинг чекка ҳудудларида, турар жой бинолари ертўласи ёки махсус ижарага олинган жойларда ўтказилади.

Қоидаси жанглар Тошкентнинг чекка ҳудудларида, турар жой бинолари ертўласи ёки махсус ижарага олинган жойларда ўтказилади.

Тошкентда қоидасиз жанглар ўтказиладиган яширин клублар гуллаб-яшнамоқда. Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR) тарқатган хабарга кўра, ҳозирги кунда Ўзбекистон пойтахтида шафқатсиз ва муросасиз қонли жанглар ўтказиладиган камида ўнта хуфия ринг мавжуд.



Ўзбекистонда бедана, хўроз, ит, қўчқор уруштириш азалдан мавжуд. Сўнгги йилларда эса Тошкентда одам уриштириш, яъни қоидасиз жанглар ташкил этила бошланди.

Ўзбекистонда спортнинг бу турига тақиқ қўйилганига қарамай, Тошкентдаги маҳфий рингларда ўнлаб бақувват ёш йигитлар "гладиаторлар" каби жонини гаровга қўйиб, қоидасиз жанг қилишади, соғлиги ва ҳатто ҳаётларини тикишади.

Ишсизлик ва мамлакат аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил этадиган Ўзбекистонда қоидасиз олишувларнинг оммалашаётгани, бежиз эмас.

Руслан Чагаев, Мухаммадқодир Абдуллаев, Артур Григорян каби машхур боксчиларни етиштириб чиқарган бу мамлакатда иқтидорли курашчи спортчилар қашшоқликдан қутилиш ва яхши даромад, келажакда яхшироқ иш топиш истиқболи эвазига махфий рингларда қоидасиз жанг қилишни афзал билмоқда.

- Сабаби қоидасиз жангларда қатнашадиган курашчиларга катта миқдорда гонорар тўланади, уларга келажакда куч ишлатар тизимларида иш ваъда қилинади,- дейди ўз исмини айтмаган тошкентлик журналистлардан бири.

Бундай шафқатсиз ва муросасиз қонли жангларда қатнашадиган спортчилар ойига 1000-1500 доллар топишлари мумкин. Бу Ўзбекистон ўлчамида оз ойлик эмас.

Спортчилар пул ва карьера учун жонини тикишга тайёр

Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбирига кўра, 22 яшар андижонлик боксчи Беҳзод ўтган йил спортдаги карьерасини тиклаш ўйида Тошкентга келган. Лекин, узоқ йил бокс билан шуғулланган ва кўплаб халқаро мусобоқаларда қатнашган спортчига катта гонорар эвазига нолегал рингдаги қоидасиз жангда қатнашишни таклиф қилишган, Беҳзод бунга рози бўлган.

Ўз исмини айтмаган бошқа бир спортчи эса қоидасиз жанглар қилиб соғлигини йўқотгани, жигари ва бўйрагини майиб қилганини айтади.

"Россияга кетишдан кўра, бу ерда ҳаётимни тикиб бўлса ҳам, пул ишлашни афзал билдим", дейди у IWPR мухбирига.

Ўзбекистонда қоидасиз жанглар расман тақиқланган. Шу боис Тошкентда муросасиз олишувлар кўзлардан нари, чекка ҳудудларида, турар жой бинолари ертўласи ёки махсус ижарага олинган жойларда ўтказилади.

- Жангда қатнашадиган спортчилар ўз исмлари билан чиқишмайди. Улар, ҳар хил лақаблар, масалан “Буқа”, “Оқ айиқ” каби номлар билан рингга тушишади. Олишувлар бўладиган жой махсус қўриқланади, у ерга ҳамма-ҳамма ҳам киритилмайди, фақат махсус одамлар учун очиқ у ер,- дейди тошкентлик журналист.

Бизда қоидасиз жанг тақиқланганку

Тошкентдаги Шарқий якка кураш маркази бош котиби Эдуард Ли Ўзбекистонда муросасиз жанглар ўтказиладиган хуфия клублар мавжудлигини рад этди.

- Бизда қоидасиз жанг тақиқланганку. Бундай клублар бўлса, дарҳол ёпишади,- дейди Эдуард Ли.

Ўзбекистон Тхэквондо уюшмаси вакиллари ҳам Тошкентда қоидасиз жанглар ўтказиладиган ринглар борлигидан бехабар эканликларини айтишди.

Тхэквондо уюшмасининг ўз исмини айтмаган мураббийларидан бири муросасиз жанг ўтказилишига қарши эканини айтади.

- Бунақа беспределни ҳач кераги йўқ бизга. Спорт бу жанг эмас, спорт бу соғомлаштириш, санъат, бу маҳорат. Бир бирини қонга белатиб, уриш яхши эмас. Энг зўри ўзимизни тхэквондо. Бизда электрон протекторлар бор, оёқ сал тегса бўлди, чироқ ёнади, очко ҳисобланади ўша. Бир бировни тепиб, озор бериш керак эмас,- дейди Ўзбекистон Тхеквандо уюшмаси мураббийси.

Аммо, Тошкентдаги Кикбоксинг уюшмасининг ўз исмини айтмаган масъулларидан бири Ўзбекистонда қоидасиз жанг қила оладиган курашчилар кўп экани ва улар халқаро мусбоқаларда қатнашаётганини эътироф этади.

- Қоидасиз жанг Ўзбекистонда тақиқланган. Лекин ўзбекистонликлар бошқа давлатларда бўладиган муросасиз жангларда қатнашишади. ММА бўйича спортчиларимиз бор, чунки улар кикбокс билан ҳам, тайланд бокси билан ҳам, жанговор самбо билан ҳам шуғулланишади. Бу жангларни қоилмақом қиладиган камида 20-25 нафар йигитларимиз бор,- деди Кикбоксинг уюшмасининг вакили.

Ўзбекистонликлар орасида қоидасиз жанг бўйича чемпионлар ҳам чиққан.

Самарқандлик Суннат Илёсов 2003 йилда спортнинг бу тури бўйича жаҳон чемпиони титулини қўлга киритган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG