Линклар

Афғонистондаги халқаро кучлар 2014 йил охиригача бу мамлакатдан олиб чиқилиши режаланган. Ўзбекистон Ғарб ҳарбий юклари ўз ҳудуди орқали ўтиши эвазига НАТОдан транспорт ва ҳарбий техниканинг бир қисмини Ўзбекистонда қолдириб кетиш ҳақида келишувга эришишни истамоқда. Айни пайтда бу Россияни ташвишга солмоқда.


Ню Йорк Таймс газетасида Афғонистондаги Ғарб кучлари Ўзбекистон орқали олиб чиқилиши эвазига Тошкент НАТОдан ортиқча транспорт ва ҳарбий техникани Ўзбекистонда қолдириб кетиши ҳақида келишувга эришишни истаётгани ҳақида мақола эълон қилинди.

“НАТО Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишга қизғин тайёргарлик кўраётган бир пайтда Ўзбекистон расмийлари ортиқча транспорт ва бошқа ҳарбий ускуналарни қолдириб кетсангиз, чиқиб кетиш учун йўл берамиз, қабилида келишувга эришишни хоҳламоқда”, дейилади муаллиф Эндрю Крамернинг Ню Йорк Таймс газетасида 31 январ куни чоп этилган мақоласида.

Жаҳон бўйлаб коррупция билан боғлиқ вазиятни кузатиб борувчи Transparancy International ташкилоти Ўзбекистонни дунёдаги корпупциялашган олтинчи давлат сифатида эътироф қилган.

Мақолада қайд этилишича, ўзбек қамоқхоналарида сиёсий маҳбуслар нобуд бўлгани ва мамлакатда инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмон бўлгани боис АҚШ ва Европа давлатлари Ўзбекистонга қуроллар сотишга эмбарго жорий қилган.

Шунга қарамай, Ўзбекистон расмийлари Афғонистонда ўз қўшинларини олиб чиқаётган АҚШ, Британия ва Германияга махфий тарзда мурожаат қилиб, зирҳли машиналар, мина детекторлари, вертолётлар, навигация қурилмалари ва тунда кўриш ускуналарини қолдиришни таклиф қилган.

Муаллиф Эндрю Крамер фикрича, Ғарб давлатлари Ўзбекистоннинг бу таклифига эътибор қаратгани Россияни ғижинтирган.

Россияда чиқадиган "Независимая газета"нинг ҳарбий масалалар бўйича шарҳловчиси Владимир Мухин Озодлик билан суҳбатда бунинг сабабини қуйидагича изоҳлади.

- Бу ҳақда 1,5-2 йилдан бери гапирилаяпти. Бу НАТО ва АҚШнинг Марказий Осиёда ўз манфаатларини мустаҳкамлаш йўлидаги сиёсатининг бир қисмидир. Ҳарбий техникани қолдириб кетиш НАТО томонидан пухта ўйланган юриш. Албатта, бу Россия манфаатларига тўғри келмайди. Шу боис бунга Москванинг рашк назари билан қарашини тушунса бўлади, - дейди россиялик таҳлилчи.

Келаси икки йил давомида НАТО кучлари Афғонистондан 70 минг автомобил ва зирҳли техника ҳамда 120 минг дона юк контейнерлари олиб чиқишни режалаган.

Бунча миқдордаги техника ва юк контейнерларини олиб чиқиш учун темир йўл ва автомобил йўллари зарур.

Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали юклар транзит ўтиши эвазига Ғарбдан қуроллар ва ҳарбий техниканинг бир қисмини қолдириш таклифини илгари сура бошлаган.

Владимир Мухин, агар Ғарб давлатлари ҳарбий техникасининг бир қисмини Ўзбекистонда қолдирса, бу Россия ҳарбий саноати учун йўқотиш бўлишини қўшимча қилди.

- Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар каби Ўзбекистон ҳам асосан Совет Иттифоқи ва Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий техникага эга. Агар НАТО бу республикаларни қуроллар билан таъминласа, Россия учун йўқотиш бўлади, ҳарбий-техникавий ҳамкорликка путур етади. Шу сабабли Россия бу масалага салбий муносабатда бўлиши асосли, - дейди Россияда чиқадиган "Независимая газета"нинг ҳарбий масалалар бўйича шарҳловчиси Владимир Мухин.

Ўзбекистон Ғарб қуролларига эга бўлиш йўлидаги уринишига жавобан Россия Қирғизистон билан бир миллиард долларлик ҳарбий шартнома имзолаш ҳаракатини бошлаган.

Ўзбекистон МДҲ доирасида тузилган Коллектив хафвсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг 2012 йил 19 декабрда Москвада бўлиб ўтган саммитида ташкилотга аъзолигини расман тўхтган.

1 феврал куни КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа Новости-Казахстан ахборот агентлигига КХШТга аъзолиги тўхтатилганидан кейин Ўзбекистонда Америка ҳарбий базаси пайдо бўлиши ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди.

Бордюжа Ўзбекистон ташкилотдаги муҳим аъзолардан бири бўлгани ва бу мамлакат иштирокисиз у ёки бу дастурларни амалга ошириш қийин эканини урғулади.

Унга кўра, Ўзбекистон ўз аъзолигини тўхтатгани ташкилот фаолиятига жиддий таъсир этмайди.

КХШТ 1992 йил 15 майда имзоланган Коллектив хавфсизлик шартномаси асосида тузилган.

Коллектив хафвсизлик шартномаси ташкилотига Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон аъзо бўлиб қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG