Линклар

"Покистонлик толиблар" ҳужумидан 26 киши ҳалок бўлди


Покистон армияси ҳарбийси.

Покистон армияси ҳарбийси.

Покистонда жанггарилар ҳарбий базага ҳужум қилгани оқибатида хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолидан 26 киши ҳалок бўлди. Ҳужум учун масъулиятни "покистонлик толиблар" ўз зиммасига олди.

Покистоннинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Ҳайбер Пахтунхва вилоятида шанба куни тонгда жанггарилар ҳарбий базага ҳужум қилгани оқибатида хавфсизлик кучларининг камида 15 аъзоси, тинч аҳолидан 11 киши нобуд бўлди.

Хавфсизлик хизмати расмийларига кўра, Лакки Марват туманининг Сарой Навранг минтақасидаги базага ҳужумда жанггарилар автоматлар ва гранатомётлардан фойдаланган.

Сарой Навранг полицияси бошлиғи Гул Ҳамид Хон Озодликка етти соат давом этган отишмада хавфсизлик кучлари беш нафар жанггарини ўлдирганини айтди.

- Бу ерда ўн битта жасад бор. Ўлганлардан уч ёки тўрттаси болалар, уч нафари аёллар, қолганлари эркаклар. Чегара Корпуси хавфсизлик кучлари аъзоларидан уч киши, армия аскарларидан уч киши шаҳид бўлди. Бу ерда беш нафар террорчининг жасади ҳам бор. Улар портловчи камзул кийган. Таналарига гранаталар боғлаб олган, деди полиция идораси бошлиғи.

Покистон расмийларига кўра, жанггарилар ўлдирган тинч аҳоли вакиллари воқеа жойига яқин уйларда яшайдиган одамлар бўлган.

Покистон ҳарбийлари базасига ҳужум уюштирилишидан бир кун олдин Ҳайбер Пахтунхва вилоятининг Хангу туманидаги шиалар масжиди яқинида худкуш ҳужум амалга оширилган эди.

Вилоят расмийларига кўра, жума кунги портлаш оқибатида камида 20 киши ўлган.

Иккала ҳужум учун масъулиятни “покистонлик толиблар” номи билан танилган Терики Толибон Покистон гуруҳи ўз зиммасига олди.

Номаълум жойдан Озодликка қўнғироқ қилган гуруҳнинг матбуот котиби Эҳсонуллоҳ Эҳсон ҳужум АҚШнинг пилотсиз учқичи яқинда амалга оширган ҳаво ҳужумида толибларнинг икки қўмондони ҳалок бўлганига жавобан уюштирилганини айтди.

Эҳсонуллоҳ Покистон хавфсизлик кучларини АҚШнинг пилотсиз учқичларига ёрдам бераётганликда айблади.
XS
SM
MD
LG