Линклар

logo-print
Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари 1 февралдан икки давлат чегарасидаги Водил-Қадамжой назорат-ўтказиш пунктини очиш ҳақида келишиб олдилар.

12news.uz сайтининг хабар қилишича, Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Давлат чегараларини қўриқлаш бўйича қўмитаси раиси Рустам Эминжонов, Сўх туман ҳокими Таваккал Раҳимов ҳамда Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилояти бўйича махсус вакили Жениш Раззақов, Қирғизистон давлат чегара хизмати раҳбари Тўқўн Мамитов ва Боткен туман ҳокими Сеитмурат Қалиқов иштирокидаги учрашув Сўхнинг Шарқобод қишлоғида ўтказилган.

Қирғизистон чегара хизмати маълумотига кўра, учрашувда ҳар иккала томон маҳаллий аҳолининг Сўх ва Шоҳимардон эсклавлари орқали тўсқинлик ўтиши мажбуриятини ўз зиммаларига олганлар.

Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасидаги бошқа назорат пунктларини очиш юзасидан музокаралар олиб борилаётгани айтилмоқда.

Январ ойининг дастлабки ҳафтасида Сўх туманининг Хушёр қишлоғи аҳли ва қирғиз чегарачилари ўртасида содир бўлган тўқнашувдан сўнг ҳудудда жойлашган назорат-ўтказиш пунктлари ёпиб қўйилганди.

Қирғизистон чегара хизмати хабарига кўра, жума куни Шарқободда Сўх ва Боткен туманлари аҳлининг ярашиш маросими ҳам ўтказилган.
XS
SM
MD
LG