Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

Нетаняҳу: Исроилнинг янги ҳукумати Эроннинг ядровий таҳдидига қарши туради


Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу.
Исроил Президенти Шимон Перес 2 феврал куни Бош вазир Бенямин Нетаняҳуга янги ҳукумат тузишни сўраб расман мурожаат қилди. Нетаняҳу янги ҳукуматнинг асосий вазифаси Эроннинг ядровий қуролни қўлга киритмаслигини таъминлаш бўлишини айтди.

Исроилда 22 январ куни ўтказилган парламент сайловдан кейин Бош вазир Бенямин Нетаняҳу бошчилигидаги ўнг қанот Ликуд-Бетейну фракцияси номзодлари 120 ўринли Канисода 31та ўринни эгаллади.

Нетаняҳу янги ҳукумат тузишга муваффақ бўлса, учинчи марта Исроил Бош вазири бўлади.

Бенямин Нетаняҳу коалиция ҳукумати тузиш мандатини олганидан кейин янги ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси Эрон ядровий қуролларни қўлга киритишининг олдини олиш бўлишини таъкидлади.

- Мен тузадиган ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси Эронни ядровий қуролланишдан тўхтатиш бўлади. Биз атрофимизда тўпланган ва шаҳар-қишлоқларимизга таҳдид солаётган бошқа қуроллар таҳдиди муаммосини ҳам ҳал қилишимиз керак бўлади, дея баёнот берди Бенямин Нетаняҳу.

Эрон ядровий қурол яратишга уринаётгани ҳақидаги Исроил ва Ғарб давлатлари иддаоларини рад қилиб келмоқда.

Хабарларга кўра, бошқа қуроллар деганда Нетаняҳу уруш ҳаракатлари бораётган Суриядаги қуролларни назарда тутган бўлиши мумкин.

Ўтган ҳафта Исроил учқичлари Сурия ҳудудида қуроллар олиб кетаётгани тахмин қилинган карвонга ҳужум қилган. Исроил расмийлари воқеани шарҳламаган.

Бенямин Нетаняҳу ўз ҳукумати фаластинликлар билан тинчлик келишувига эришишга ҳаракат қилишига ваъда бериб, Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббосни музокаралар столига қайтишга чақирди.

- Мен тузадиган янги ҳукумат тинчлик ўрнатиш йўлида саъй-ҳаракат қилади. Мен Абу Мазенни (Маҳмуд Аббосни) музокаралар столига қайтишга чақираман. Халқларимиз учун тинчлик ўрнатиш йўлларини топишда биз сўзлашувлар ўтказмаган кунни зое кетган кун, деб аташ мумкин, деди Бенямин Нетаяҳу.

Сўнгги икки йил давомида Исроил ва Фаластин расмийлари ўртасида аҳамиятга молик музокаралар бўлиб ўтмади.

Фаластинликлар бўлажак давлатлари ҳудудининг бир қисмига яҳудийлар учун янги уйлар қуришни тўхтатишни Исроилдан талаб қилиб, тинчлик музокаралари олиб боришдан бош тортган.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу олти ҳафта ичида янги коалиция ҳукуматини тузиш керак.

У кенг қамровли “миллий бирлик” ҳукумати тузишга умид билдирди.

Бенямин Нетаняҳу коалиция ҳукумати тузишга муваффақ бўлса, у сўнгги 50 йил давомида учинчи марта Исроил Бош вазири лавозимида ишлаган биринчи сиёсатчи бўлади.

Бенямин Нетаняҳу биринчи марта 1996-1999 йилларда Исроил Бош вазири бўлиб ишлаган.

Иккинчи марта Бош вазир лавозимига 2009 йилда келган Нетаняҳу шу кунгача мазкур лавозимда ишлаб келмоқда.
XS
SM
MD
LG