Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

Свет-гази йўқ қишлоқликлар шаҳардан ижарага уй оляпти


Аксар қишлоқларда газ плитаси кўргазма воситасига айланган, бор пишир-куйдир эса йиллардан буён ўчоққа кўчган.
Аксар қишлоқларда газ плитаси кўргазма воситасига айланган, бор пишир-куйдир эса йиллардан буён ўчоққа кўчган.
Қишга ғамлаган ўтин, кўмир ва маблағининг таги кўриниб қолгани боис айрим қишлоқликлар шаҳардан ижарага уй олмоқда.

Озодликнинг "Эркин микрофон"ига боғланган тингловчилардан бири Ўзбекистоннинг электр ва газ таъминоти ўта оғир бўлган ҳудудларида ёш болаларни совуқдан асрашнинг яна бир анъанаси пайдо бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

Ўзини самарқандлик, деб таништирган ва исмини ошкор қилмасликни сўраган тингловчига кўра, ёш болалари бўлган оилалар қишки заҳира — ўтин, кўмир ва Россияда баҳор, ёз, кузги мавсумий ишларда ишлаб, топган маблағи тугаётгани боис газ таъминоти нисбатан яхши бўлган туман марказлари ва шаҳарлардан ижарага уй олиб яшамоқдалар.

Жумладан, Самарқанд шаҳридан 1-2 хонали ихчамгина уйни шу кунларда ойига 300 - 400 минг сўм атрофида ижарага олиш мумкин бўлмоқда.

- Ёш болаларимиз бор. Қишлоқда яшашнинг умуман иложи бўлмай қолган, шаҳардан ижара олишга мажбур бўляпмиз. Ойига 400 минг сўмгача ижара олишга мажбур бўляпмиз, - деди самарқандлик тингловчи.

Самарқанд вилоятининг чекка қишлоқларидан бирида яшайдиган бу тингловчининг ўзи вилоятдаги корхоналардан бирида ишлаши ва ойига 200-300 минг сўм атрофида пул топишини айтмоқда.

Аммо, унга ўхшаб шаҳардан ижара қидирганларнинг аксари баҳор-ёз-куз мавсумларида Россияга бориб пул ишлаб келганлар эканини айтмоқда.

- Ойлик 200, нари борса 300 минг сўм бўлса, квартира ҳаққи 300-400 минг сўм бўлса?! Бу муаммони реал ҳал қилиб берадиган борми Ўзбекистонда? Қоғозда, қуруқ ваъда билан эмас, ҳақиқатда ҳал қилишнинг иложи борми бу муаммони?! Аёллар кўтарилиш қилди ҳам ҳал бўлмаяптику бу масала, нима қиламиз энди, - деди самарқандлик тингловчи йиллардан буён Озодлик тингловчилари тилидан тушмай келаётган саволни такрорлаб.

Шу йилнинг декабр ойида Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидаги Самарқанд маҳалласида истиқомат қиладиган юзга яқин аёл ғўзапоя ва автомобилларнинг эски шиналарини кўтариб, Тошкент-Самарқанд автомагистралига чиққан эди.

Аёллар ярим соат давомида йўлдаги қатновни тўхтатиб қўйган, магистрал йўлда 3 километрга чўзилган машиналар пробкаси вужудга келган эди.

Воқеа жойига Булунғур тумани, Самарқанд вилояти ҳокимиятларидан амалдорлар, милиция ходимлари борган ҳамда газ ва электр таъминотини яхшилашни ваъда қилган эди.

Ўша куни оқшом таъминот бироз яхшиланган, бир неча кундан сўнг эса яна эски абгор ҳолига қайтган эди.

Эслатиш жоиз, 2012 йилнинг 1 октябридан газ нархини 14 фоизга оширган республика расмийлари аҳоли ва кичик бизнес эгаларини 2012-2013 йилги куз-қиш мавсумида яна газ таъминотидан узилишларидан огоҳлантирган.

Аммо, ҳар йилгидек бу огоҳлантирув ортидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясига оид бирор чора-тадбир олинмаган, республика аҳолиси қишли-қировли кунларда яна ўз ғамини ўзи ейишга маҳкум этилган эди.

Маълумки, Ўзбекистон газ қазиб чиқариш бўйича дунëдаги энг йирик ўнлик сафига киради ва постсовет ҳудудида Россия ва Туркманистондан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Россия йилига Ўзбекистондан қарийб 15 миллиард куб метр газ сотиб олади ва 2012 йилда Газпром ҳар минг куб метр газ учун 220 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаганини эълон қилди.

Жорий йилдан Хитой ҳам ўзбек газининг яна бир йирик импортëрига айланди ва расмий матбуотнинг ëзишича¸ 2012 йил баҳоридан бошлаб Ўзбекистон Хитойга йилига 10 миллиард куб метр газ узатишга доир 2010 йилда имзоланган келишувни бажаришни бошлаган.

Хориж экспертлари тахминича¸ 1¸6 триллион куб метрдан кўпроқ табиий газ заҳирасига эга Ўзбекистонда¸ аксинча¸ газ қазиб чиқариш ҳажми йилдан йилга камаймоқда. Масалан¸ 2010 йилда мамлакатда 59¸1 миллиард куб метр газ ўзлаштирилган ва бу 2009 йилгига нисбатан 1¸5 фоизга камдир.

“Ўзбекнефтегаз” расмий хабарига кўра¸ мамлакатда йилига 70 миллиард куб метр газ қазиб олиш қуввати бор. 2008 йилда Ўзбекистон ички эҳтиëжи учун 52 миллиард куб метр газ ишлатилган ва кузатувчилар кейинги уч йил ичида бу кўрсаткичнинг кескин қисқариб кетганини таъкидламоқдалар.

Тахминларга кўра¸ хорижга газ экспорт қилиш ҳажми айнан ана шу қисқариш эвазига оширилмоқда.
XS
SM
MD
LG