Линклар

Президент спикер билан парламентда айтишиб қолди


Эрон - Али Ларижоний, Эрон парламенти - Мажлис спикери, 2013 йил, 3 феврал

Эрон - Али Ларижоний, Эрон парламенти - Мажлис спикери, 2013 йил, 3 феврал

Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод парламент раисини ва унинг яқинларини коррупционерликда ҳамда хизмат ваколатларини суиистеъмол қилганликда айблади. Бу айбловлар жорий йил июнига режалаштирилган Эрон президенти сайлови арафасида янгради.

Эрон парламентининг якшанба кунги мажлисида чиқиш қилар экан, президент Аҳмадийнажод қўл остидаги вазирларидан бирини ҳимоя қилиб гапирди.

Парламент меҳнат вазири Абдулризо Шайхулисломийга ишончсизлик билдирган ва лавозимидан бўшатган эди. Вазирнинг ишдан олинишига унинг Теҳрон шаҳри собиқ бош прокурори Саид Муртазавийни мамлакат Ижтимоий хавфсизлик жамғармаси раҳбарлигига тайинлаши сабаб бўлди.

Бу тайинлов ўз вақтида эътирозларга сабаб бўлган ва 2010 йили парламент комиссияси Теҳрон шаҳри собиқ бош прокурорини аксилҳукумат намойишларида иштирок этган камида уч кишининг Теҳрон турмасида ўлгани учун жавобгар, деган хулосага келганди.

Эрон парламенти - Мажлиснинг якшанба кунги сессиясида президент Аҳмадийнажод депутатларга бир аудиоёзувни эшиттирди. Унда, президентнинг айтишича, Саид Муртазавий билан парламент спикери Али Ларижонийнинг бир туғишгани Фозил Ларижоний ҳамда мамлакат судлов тизими раҳбари Садеғ Ларижонийлар ўртасидаги ўзаро суҳбат акс этган.

Аудиоёзув сифати ёмон бўлгани учун Аҳмадийнажод унинг мазмуни туширилган матнни ўқиб эшиттирди ва у президент фикрича, ака-ука ларижонийларнинг коррупционерлар эканлигини исботловчи далилдир.

Аҳмадийнажоднинг иддаосича, Фозил Ларижоний Мажлиснинг қўлловини таъминлаш учун сиёсий ва қонунга зид бизнес фаолиятига оид айбловларни ёпиш учун юридик кўмак кўрсатишни ваъда қилган ва бунинг эвазига пора тама қилган.

-Жаноб Фозил Ларижоний жаноб Муртазавийга “келишувга эришмоқчи бўлган одам эҳтиёт бўлиши, ҳеч кимга ва ҳеч қаерда ким қўллаётгани тўғрисида гапириб юрмаслиги керак” деган, деди Аҳмадийнажод.

Эрон президентининг айтишича, ларижонийларга оид бундай ҳужжатлар унинг қўлида етарличадир.

Президент айбловларига жавобан Ларижоний ҳам “ўт очди”. Унинг айтишича, Аҳмадийнажод ўзининг яқин иттифоқчиларига қарши терговларга тўсқинлик қилган.
Ларижоний фикрича, Аҳмадийнажод аудиоёзувдан ишончсизлик билдириш жараёнига тўсқинлик қилиш мақсадида фойдаланди. У президентни “мафиясифат” муомалада бўлганликда, одоб меъёрларини бузганликда айблади.

-Дарвоқе, бир ҳисобда “мен сизга айтсам, мен сизга айтсам”, деб чайналаверадиган сиздай бир одамнинг бу ерда лента қўйиб берганингиз яхши бўлди, энди одамлар сизнинг қандай одам эканлигинигизни яхшироқ билиб олади, деди Ларижоний.

Аҳмадийнажод ва Ларижонийларнинг ўзаро айбловларидан сўнг парламент сессиясининг тўполони чиқиб кетди, ҳар томондан депутатларнинг айбловларию заҳархандалари янграйверди.

Президент Аҳмадийнажод билан консерватив кучлар кўпчиликни ташкил қиладиган Мажлис ўртасидаги муносабатлар 2011 йил апрелида разведка вазири ишдан бўшатилиши муносабати билан Аҳмадийнажод парламент олдида ҳисоб берганида бузилган эди.

Вазирнинг ишдан бўшатилиши Аҳмадийнажоднинг олий уҳровий етакчи Оятуллоҳ Али Хаменеийга нисбатан қўрслиги сифатида қабул қилинган ва охир-оқибат вазир сўнгги сўз айтиш ҳуқуқига эга Оятуллоҳ томонидан ишга қайта тикланган эди.
2012 йил мартида парламент Аҳмадийнажоднинг мамлакат иқтисодиётини бошқариш қобилиятига шубҳа билдирган эди.

Президентлик лавозимида қаторасига икки муддат ўтирган Аҳмадийнажод июнда ўтажак президент сайловида қатнаша олмайди, лекин кузатувчилар фикрича, у ўз таъсирини сақлаб қолишга уринади.

Али Ларижоний 2005 йилги президент сайловида номзод сифатида иштирок этган эди, бироқ бўлажак сайловга номзодини қўйиш-қўймаслиги тўғрисида ҳозирча маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG