Линклар

12 яшар мактаб ўқувчисига тан жароҳати етказганликда айбланиб маҳкамага тортилган Ўзбекистон фуқароси Баҳром Хуррамов 4 феврал куни Москва шаҳар Зюзино туман суди залида озод қилинди. Жабрланган томоннинг ўзбек фаррошига даъвоси йўқлигига қарамасдан, прокуратура суд қарори устидан шикоят қилишини билдирди.


"Айбланувчи Хуррамов озод этилсин!"

Жорий йилнинг 7 январ куни Москванинг Жануби-Ғарбий округидаги Изюминская кўчасида жойлашган 2008-сонли ўрта мактабда супурги сопи билан 12 яшар бола жағини уриб синдирганликда айбланган ўзбек муҳожири Баҳром Хуррамов қарийб бир ойлик қамоқдан кейин суд залида озод этилди.

- Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 112-моддаси 2-қисми “б” банди асосида айбланаётган Хуррамов Баҳром Панджиевичга нисбатан жиноий иш тергови, жабрланганларнинг айбланувчи билан ўзаро ярашуви туфайли, тўхтатилсин. Жазо сифатида ҳибсда сақлаш чораси бекор қилинсин ва у суд залида озод этилсин, дея эълон қилди маҳкама раиси. Судга йиғилган журналистлар, Хуррамовни қўллаб-қувватлагани келган москваликлар ва маҳкамага кузатувчи сифатида келган Ўзбекистон элчихонаси вакиллари суд ҳукмини қарсаклар билан кутиб олди.

Москва вилоятининг ўзбек жамияти томонидан 50 минг рубл товон тўланиши ортидан 4 феврал куни Зюзино туман судида томонлар яраш битимини имзолади.

Суд Хуррамовнинг ўз айбига иқрор бўлгани, Ўзбекистонда икки нафар вояга етмаган фарзанди қолгани ва жиноятни қасддан содир этмаганини инобатга олиб фаррошни суд залида озод этиш тўғрисида қарор чиқарди.


Озодлик билан суҳбатда Баҳромнинг адвокати Санал Дорджиев суд қароридан жабрланувчи тараф ҳам, судланувчи ҳам қониққанини таъкидлади.

- Бу қарорни энг маъқул деб биламан, чунки у жиноий иш иштирокчиларининг барчасида қониқиш ҳосил қилди. Ҳозир уни рафиқаси ва укаси кутиб олади. Унинг озодликка чиқишида ўзбек миллий диаспораси вакиллари жуда катта ёрдам кўрсатди. Бу ишни назорат остига олган Россия Жамоатчилик палатаси уни ишга жойлаштиришда ҳам ёрдам беришни ваъда қилди, кўрамиз,- деди адвокат Санал Дорджиев.

Хуррамовнинг адвокати шунга қарамасдан прокуратура суднинг қарори устидан шикоят қилиши мумкинлигини Озодликка маълум қилди.


Жабрланган Артём Хотеевнинг онаси Лариса Баҳромга ҳеч қандай даъвоси йўқлигини суд маҳкамасида маълум қилди. Суд залида озодликка чиқарилган Баҳром Хуррамовни унинг рафиқаси Жамила Мустафоева ва укаси Шуҳрат кутиб олди.

Баҳром Хуррамов: “Ишни давом эттираман!”

Суд ҳукми чиқмасдан олдин Баҳром Хуррамовнинг рафиқаси Жамила Мустафоева ўша куни бўлган воқеа тафсилотларини гапиради.

- Мени хўжайининг ўша территорияга – 28-дом, 1-корпусда 3-4 йилдан бери ишлайди. Мусорини тозалайди, қорини курайди. Иккаламиз ишлаймиз ўша ерда. Ўша куни хўжайиним супураётган бўлган. Учта бола келиб ҳақоратлаган, тегинган, ёмон сўзларни гапирган. Улар қўлидаги супурги дасталарини синдириб ташлаган. “Кетинглар боллар, менга ҳалақит бермаларинг”, деган. Бу кетган, кейин соат бешларда катта боллар билан келиб бири-биридан кечириш сўрашган. Қўл ташашиб кетган тарқаб. Энди суддагилар нима дер экан,- дея ҳаяжонланди Жамила.

Жамила оилавий қийинчиликларни бошидан кечираётгани туфайли эри ортидан 2 йил олдин Қашқадарёнинг Яккабоғ тумани Мевазор қишлоғидан келганини айтди.

Судга келган Баҳромнинг укаси Шуҳрат акаси оиладаги 9 нафар фарзанднинг энг каттаси экани ва икки йил олдин отаси вафот қилганидан кейин онаси ҳам оғир касал бўлиб қолганини қўшимча қилди.

Жамиланинг сўзларига кўра, у 4 ва 6 ёшдаги иккита фарзандини кўрмаганига икки йил бўлган ва ҳозирда болалар қайнонасиникида яшамоқда.

35 ёшли ўзбекистонлик Баҳром Хуррамов озодликка чиққач саноқсиз фото ва телекамералар ёруғи ва ёғаётган қалин қор остида биринчи навбатда рафиқаси Жамила билан қучоқлашиб кўришди ва телефон орқали уйдагиларига ҳибсдан чиқарилганини хабар қилди.

Озодлик билан суҳбатда Баҳром Хуррамов ўзининг кейинги режалари билан ўртоқлашди.

- Мен ишлайман энди яна. Ишимни давом эткизаман. Оилада энг каттаси мен. Отамдан қолган мана битта шу кичкина қолди (таҳр.укаси Шуҳратга кўрсатиб). Фарзандларимни охирги маротаба 2009 йилда кўрувдим. Соғинаман, албатта. Худо хоҳласа, насиб қилса, шу йил қайтаман уйга,- деди оқланиб чиққан Баҳром Хуррамов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG