Линклар

Миср маданият вазири мамлакат полициясининг намойишчиларга қарши қўллаётган зўравонлигини исботловчи видео чоп этилганидан сўнг ўз лавозимини тарк этди.

Видеода полициячилар президент саройи яқинида яланғоч эркакни дўппослаётгани тасвирга туширилган.

Давлатга қарашли “Ал-Аҳрам” нашри мамлакат вазирлар маҳкамаси матбуот котибига таяниб, вазир истеъфосини тасдиқлади.

АҚШ Давлат департаменти Мисрни куч ишлатар тизими вакиллари тарафидан амалга оширилаётгани айтилаётган ноқонуний ҳаракатларни тўлиқ текшириб чиқишга чақирди.

Давлат департаменти матбуот котиби Виктория Нуланд бундай қонунга зид ҳаракатларни олдини олишнинг энг яхши усули улар ортида турганларни жазога тортиш эканини таъкидлади.

Мисрда полиция ва намойишчиларнинг 10 кундан буён давом этаётган тўқнашувида ҳалок бўлганлар сони 60 га яқинлаб қолди.

Мухолифат вакиллари бундай қонли тўқнашувлар мамлакатда куч ишлатар тизимнинг ҳалигача ислоҳ этилмаганига далил эканини таъкидламоқда.

Мисрдаги ғалаёнлар 24 январ куни, яъни собиқ президент Ҳусни Муборак режими ағдарилишига сабаб бўлган исённинг икки йиллиги арафасида бошланган эди.
XS
SM
MD
LG