Линклар

2012 йилда НАТОга Ўзбекистондан ҳарбий таълим соҳасида ёрдам кўрсатиш ҳақида талабнома келиб тушган.


Бу ҳақда НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссеннинг ўтган ҳафтада Брюсселда очиқланган йиллик ҳисоботида айтилади.

“Ҳарбий таълимни теранлатиш дастури Афғонистон, Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон ва Молдова билан амалга оширилмоқда. 2012 йилда бу соҳада биз билан Ироқ ва Мавритания ҳамкорлик қила бошлади, Украина ва Ўзбекистон эса ҳамкорлик ҳақидаги илтимос билан мурожаат қилишди”, дейилади НАТО бош котиби ҳисоботида.

НАТО маълумотларига кўра, “Ҳарбий таълимни теранлатиш дастури” (DEEP) дастлаб 2007 йилда Қозоғистонда амалга оширила бошлаган. Мазкур дастурни НАТОнинг “Тинчлик учун ҳамкорлик” дастури бўйича хавфсизлик муаммоларини тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи Ҳарбий академиялар ва институтлар консорциуми таркибида фаолият юритувчи Таълимни ривожлантириш ишчи гуруҳи тузган. “Тинчлик учун ҳамкорлик” консорциуми 59 мамлакатда хавфсизлик муаммолари билан шуғулланувчи 800 дан зиёд ҳарбий академиялар ва институтларни бирлаштирган.

1998 йилда тузилган мазкур консорциумнинг бошқарув органи Австрия, Канада, Германия, НАТО халқаро персонали, Швейцария ва АҚШ вакиллари кирган Катта маслаҳат кенгаши бўлиб ҳисобланади.

“Ҳарбий таълимни теранлатиш дастури” (DEEP) НАТО ҳамкори бўлган давлатларнинг ҳарбий билим юртларини барпо қилиш, ривожлантириш ва ислоҳ қилиш бўйича уринишларини қўллаш учун ишлаб чиқилган. Бу қўллов мазкур ўқув юртлари учун ўқув дастурларини тузишда кўмаклашиш ва ҳарбийларни тайёрлаш усуллари сифатини ошириш бўйича ёрдам кўрсатишда акс этади.

Ўзбекистон НАТОнинг “Тинчлик йўлидаги ҳамкорлик” дастурига 1994 йил 13 июлидан қўшилган. 1996 йилдан Ўзбекистон ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш, илм-фан ва фуқаро мудофааси соҳасидаги ҳамкорлик каби йўналишларни ўз ичига олган Якка тартибдаги ҳамкорлик дастурларида НАТО билан бирга ишлаб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG