Линклар

logo-print

“Ўзбекистон ҳаво йўллари”да ичиш тақиқланди


Ўзбекистонликлан самолёт бортида ичкилик тақиқланишига турлича муносабат билдирмоқда.

Ўзбекистонликлан самолёт бортида ичкилик тақиқланишига турлича муносабат билдирмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ўз йўловчиларининг Duty-free дўконларидан сотиб олинган спиртли ичимликларни парвоз вақтида ичишини тақиқлади.



Шу ой бошидан кучга кирган тақиқ Ўзбекистон Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспециясининг ўтган йил декабр ойидаги буйруғига асосан жорий этилмоқда. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий ширкатининг ўзини таништиришни истамаган вакили Озодлик билан суҳбатда мазкур қарорни изоҳлаб берди.

– Бу ерда гап Duty-free дўконларидан сотиб олинган ва елимланган спиртли ичимликларни учқич бортида очмаслик ва ичмаслик ҳақида кетяпти. Йўловчилар Duty free дўконларидан алкоголли ичимликларни сотиб олиб, самолёт бортига олиб киришлари мумкин, лекин елимланган пакетни очмасликлари керак бўлади, - деди “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ходими.

Бундан ташқари, Ўзбекистон миллий авиакомпанияси рейсларида электрон сигарета ва нос чекиш ҳам тақиқланади. Ўзбекистоннинг барча аэропортлари ҳудудида чекиш ўтган йилдан шундоқ ҳам тақиқланган.

Duty-free дўконларида (чегара назорати ортида бож тўловларисиз савдо қиладиган дўконлар-таҳр.) сотиб олинган алкогол маҳсулотларини учқич бортига олиб чиқишни тақиқлаш ташаббуси сўнгги вақтларда маст йўловчилар томонидан самолётлар бортида тўполон ва жандалларни келтириб чиқариши ҳолатлари кўпайгани билан боғлиқдир, дейди "Ўзбекистон ҳаво йўллари” вакили.

– Парвоз вақти алкогол таъсири кучли бўлади. Масала,н ерда ичилган 100 грам ароқнинг парвоз вақти таъсири икки-уч баравар кучлироқ бўлади. Буни айрим йўловчилар баъзида унитиб қўйишади,- дейди "Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ходими.

Ўтган ҳафта Москвадан Таиландга учаётган “Аэрофлот” самолётида йўловчилардан бири ичиб олиб жанжал қилгани сабаб учқич фавқулодда Тошкент аэропортига қўнишга мажбур бўлди.


(“Аэрофлот” самолётидаги жанжал тасвирга олинган видео Youtube сайтидан олинди)

Айни пайтда, Россиядаги бошқа авиаширкатлар ҳам шундай чора қўллаш масаласини мухокама этмоқда.

Учқич бортида спиртли ичимлик истеъмолига тақиқ бўйича ўзбекистонликлар турлича муносабат билдиришади. Тошкентлик Баҳодир ака, самолёт бортида ичкиликбозлик тақиқланиши тарафдори.

– Тўғри қилишибди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” мусулмонлар яшайдиган бир мамлакатнинг авиаширкати эканини ҳам унутмаслик керак-да,- дейди тошкентлик Баҳодир ака.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг доимий мижозларидан яна бири Арслон ака эса бундай тақиқ тарафдори эмас:

– Ҳар ким ўз меъёрини билса яхши. Ҳамма нарсани тақиқлайвериш ҳам яхши эмас, бунақада ҳаво йўллари, айниқса, россиялик мижозларини йўқотади,- дейди тез-тез учиб турадиган Арслон ака.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Ўзбекистонда монопол авиаташувчи ширкати ҳисобланади ва тўлалигича давлатга тегишлидир. У Европа, Америка, Яқин Шарқ, Осиё мамлакатларидаги 21 шаҳарга, МДҲ ҳудудидаги 22 шаҳарга, шунингдек, 11та маҳаллий йўналишлар бўйича парвозларни амалга оширади.

2012 йил якунларига кўра, авиакомпания 2,6 миллион йўловчини манзилига етказган. Бу ундан аввалги йилдагига қараганда 13,5 фоизга кўпроқдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG