Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:03

Аҳмадийнажод илк космонавт бўлишга тайёр – МакКейн уни “маймун”га қиёслади


Эрон Космос технологиялари миллий куни муносабати билан ўтказилган маросимда 65 ёшли Маҳмуд Аҳмадийнажод Исломий Республиканинг илк космонавти бўлишга тайёрлигини изҳор қилди.
Эрон Космос технологиялари миллий куни муносабати билан ўтказилган маросимда 65 ёшли Маҳмуд Аҳмадийнажод Исломий Республиканинг илк космонавти бўлишга тайёрлигини изҳор қилди.
Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг ўнқир-чўнқирларга бой бўлган президентлик даври якунига етиб, у иқтидордан кетгач ҳам ўз сиёсий таъсирини сақлаб қолишга қаттиқ уринаётгани яққол кўзга ташланиб қолган бир пайтда икки муддат президент бўлган Теҳроннинг собиқ ҳокими ўз ҳаракату баёнотлари билан кўпчиликни лол қолдиришда давом этмоқда.

Тунов куни Эрон Космос технологиялари миллий куни муносабати билан ўтказилган маросимда Эроннинг ўзида ишлаб чиқарилган иккита сунъий йўлдошни тақдим қилар экан 65 ёшли президент Исломий Республиканинг илк космонавти бўлишга тайёрлигини изҳор қилди.

Издиҳомда чиқиш қилар экан Аҳмадийнажод Эрон “ёшлари тўрт-беш йил ичида одамни фазога учириш” ниятларидан мамнун эканини билдирди.

“Мен мамлакатимиз олимлари қурбонликка келтирган биринчи эронлик бўлишга ва фазога учишга тайёрман. Бунинг учун бошқа кўплаб номзодлар борлигини ҳам тушунаман, албатта”, дея Аҳмадийнажоддан иқтибос келтирди Фарнс Пресс агентлиги.

Аҳмадийнажоднинг ҳазиломуз писандаси Эроннинг ўтган ҳафта фазога маймунни учиргани ва у эсон-омон Ерга қайтгани тўғрисидаги иддаолар юзасидан билдирилаётган шубҳалар ортидан қилинди. Боз устига Эроннинг “стелс” технологияси бўйича радарларга чап бериш имконига эга учиқичларни ясашда “жиддий” натижаларга эришганига оид иддаолари ҳам кўпчилик томонидан шубҳалар билан қабул қилинди.

Айни пайтда, Эрон етакчиларига нисбатан қаттиқ чиқишлари билан танилган АҚШ Сенатори Жон МакКейн Аҳмадийнажоднинг космонавт бўлиши орзуларига жавобан Эрон президентини маймунга қиëслади.

“Аҳмадийнажод фазога учган илк эронлик бўлмқочи экан – ўтган ҳафта фазога учган ўзи эмасмиди?” дея ҳазил қилди АҚШ президентлигига собиқ номзод МакКейн Twitter саҳифаси орқали.


Давлат раҳбарини маймунга қиёслаши танқидларга учраши мумкинлигига фаросати етган МакКейн буни ҳазилга йўйиб, вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди:

"Эрон фазоси ҳақидаги твитга изоҳ - ҳазилни тўғри тушунасиз", қабилидаги твитни қолдирди. Ҳақиқатан, МакКейннинг твити жиддий эътирозларга сабаб бўлди. Унинг Республикачилар партияси бўйича сафдоши АҚШ Вакиллар палатаси аъзоси Жастин Эмаш МакКейннинг ўз "твитини олиб ташламагани ва узр сўрамаганидан таассуфдаман", дея твит қолдирди. Эмаш сенатор МакКейннинг баёнотидан ирқчилик иси келишини таъкидлади.

2010 йилда Эрон фазога сичқон, тошбақа ва чувалчанглар солинган ракетани учирганини эълон қилган эди. 2011 йилдаги синов пайтида эса ракетага минган маймун ҳалок бўлган эди.
XS
SM
MD
LG