Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:05

Янги чекловлар валюта "қора бозори"ни йўқ қилолмади


Ўзбекистонда хорижий валютани Марказий банк белгилаган нарх бўйича фақат халқаро тўлов карточкасига ўтказиш тартиби жорий этилганига қарамай мамлакатда "қора" валютафурушлик тўхтагани йўқ.



Чет эл валютасига четдан мол олиб келиб сотадиган савдогарлар долларни одатдагидек “қора бозор”дан ҳарид қилаётганликларини айтишмоқда.

Хитойдан мол олиб келиб, Тошкентнинг "Ипподром" бозоридаги дўконларида сотадиган тошкентлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, Ўзбекистонда янги тартиб-қоиданинг жорий этилиши билан ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.

- Долларни аввал қўлда қандай сотиб олган бўлсак, ҳозир ҳам шундай сотиб оляпмиз, чунки банкда чеклов бор, кварталига икки минг дейди, карточкага хоҳлаганча тушириб бермайди. Лекин, тушириб берадиганини оламиз, қўлдан ҳам оламиз. Махсус одамларимиз бор, алмаштириб олиб келиб беришади. Бир – икки кун олдин "қора бозор"да доллар озгина кўтарилиб олди. Ҳозир бир доллар 2850 сўм,- дейди тошкентлик тадбиркор.



Ўзбекистонда 1 февралдан кучга кирган янги тартибга мувофиқ, банкларга жисмоний шахсларга нақд валюта сотиш тақиқланди.

Хорижий валютани Ўзбекистон Марказий банки белгилаган нарх бўйича халқаро тўлов карточкасига ўтказиш йўли билан сотиб олинадиган бўлди.

Лекин, валюта ҳарид қилишда лимит — ҳар чоракда икки минг доллар олиш чеклови тадбиркорларни барибир “қора бозор”га етакламоқда.

Бажариб бўлмайдиган шартлар

Тошкентлик Комил ака хорижий валютани Ўзбекистон Марказий банки белгилаган нарх бўйича халқаро тўлов карточкасига ўтказиш йўли билан бемалол сотиб олиш мумкинлигини, лекин банк жорий қилган янги тартиб-қоидалар тадбиркорлар учун “қора бозор”дан бошқа танловни қолдирмаётганини айтади.

- Ҳозиргина карточка очиш ва икки минг долларни шу карточкага тушириш учун Миллий банкга бориб келдим. Жуда ёмон шартлар билан тушириб беришяпти. Масалан, “Виза травел” деган карточка бор. Шу карточкадан чет давлатда кунига фақат 100 доллар чиқариб олишга ҳаққингиз бор, деб айтди. Карточкани тайёрланиши учун 50 доллар тўлар экансиз. 120 долларни музлатиб қўйишлар экан, уни четда ишлата олмайсиз. Чет элда чиқариб олганингиз учун 6 фоиз ушлаб қолар экан. Чет давлатдаги шу банкоматни очган банк ҳам ҳизмат учун бир-икки фоиз олар экан. Ҳаммасини ҳисоблаб чиқсангиз бунга бош оғритиб ўтиришни ҳеч кераги йўқ экан, мен билан навбатда турганлар банкни шартларини кўриб, қўл силтаб чиқиб кетишяпти,- дейди Комил ака.

Ўнлаб пластик карточка билан четга

Банклар чекланган миқдорда доллар алмаштириб бериши боис айрим тадбиркорлар бир неча одам номига пластик карточка очиб, четдан мол олиб келишга ҳаракат қилишади.

Ўтган ҳафта оҳирида Тошкент аэропортида хориждан мол олиб келиш учун йўлга чиққан тадбикорлардан бири тўхтатилгани ва унинг ёнидан ўзи ҳамда бошқа шахслар номига очилган 80га яқин пластик карточка топилгани хабар қилинди.

Тошкент аэропорти ходимларидан бири бу ҳолатдан хабари йўқлигини айтди, лекин йўловчи ёнидан ўзга шахс номига очилган пластик карточка топилса, мусодара этилишини тасдиқлади.

– Карточка фақат ўзининг номига очилган бўлиши керак. Учинчи шахс номига очилган карточкани олиб юриш қонунга хилофдир,- деди Тошкент аэропорти ходими.

Тошкентлик Комил аканинг айтишича, Ўзбекистонда банклардан бир неча одам номига пластик карточка очиб, уни чет давлатда “обналичка қилиш схемаси” аввалдан мавжуд.

– Банклар олдида кўпчилик асосан шунинг учун турибди. Бировларга бервораман, у ёқда пулни ечиб олиб келиб беради, деган умидда туришибди. Ҳеч бўлмаганда Қозоғистонга бориб алмаштиришади. Ўнта одамни номига карточка очтирса 20 минг доллар бўлади. Четга бориб шу пулга мол олиб келади. Шу молни бер неча баравар қимматроққа сўмга сотади ва яна банк орқали карточкага туширади шу пулни. Айримлар карточкага туширилган пулни ўзини олиб келиб, шуни ўзидан фойда қилар эди. Бултир яхши эди. Чет элда банкоматдан кунига 500 олиш мумкин эди, бу йил шуни 100 қилиб қўйибди, фойда қолмаяпти,- дейди Комил ака.

МДҲ ҳудудидаги "қора бозори" бор ягона мамлакат

Ўзбекистон Миллий банки мутасаддилари эса мамлакатда валюта ҳаридининг янги тартиби фуқаролар учун енгилликлар туғдирганини айтишади.

– Карточкаларга туширилган пулларни фуқаролар нақд қилиб олишлари мумкин, лекин фақат Ўзбекистон ташқарисида олишади. Чунки доллар мамлакат ташқариси учун, четга чиқаётганлар учун. Мамлакат ичкарисида миллий валютамиз сўм асосий валюта ҳисоболанади. Ҳамма нарса сўмда ҳарид қилинади Ўзбекистонда,- дейди Миллий банки ходимларидан бири.

Ўзбекистон валюта "қора бозори" сақланиб қолаётган пост-совет ҳудудидаги ягона давлат ҳисобланади.

Ўзбекистон расмийлари сўнгги чекловлар мамлакат миллий валютаси қурбини кўтариш ва "қора бозор"ни йўқотиш йўлида қилинаётган чора эканини айтмоқда.

Бироқ, бу чекловлар тадбиркор ва хориж валютаси билан ишлайдиган бошқа одамлар орасида саросима келтириб чиқарди ва ҳозирча сўмнинг, аксинча, хориж валютасига нисбатан қадрсизланишига олиб келди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси қошида олди-сотдида валюта муомаласини назорат қилиш учун махсус қўмита тузилгани хабар қилинди.

Ушбу қўмитага жисмоний ва юридик шахсларнинг бирор бир товар, маҳсулот сотиб олганларида, кўрсатилган хизмат учун нақд хорижий валюта тўлашларига йўл қўймаслик вазифаси юкланди.

Аммо, кузатувчилар Ўзбекистондаги чекловлар хорижий валюталарнинг "қора бозори"ни йўқ қилолмайди, деган фикрдалар.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:00 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG