Линклар

Автомобил савдоси билан шуғулланувчи бир неча савдогар ва Сирғали ихтисослашган бозори маъмурияти, ҳукумат жойри қилган тақиққа қарамай шанба-якшанба кунги бозорда машинасини АҚШ долларида сотаётган 4 киши қўлга олингани бошқаларга сабоқ бўлганини айтмоқдалар.



Сирғалидаги машина бозорида 4 кишининг ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни тошкентлик машинафурушлардан бири Озодлик билан суҳбатда тасдиқлади. Шундан кейин бозорга машинасини сотгани чиққанлар "тавба қилишиб", фақатгина сўмга сотамизга ўтиб олшди, дейди суҳбатдошимиз.

- 1 февралдан бошлаб фақат ўзбек сўмига савдо бўлаяпти. Долларга умуман сотилмайди ҳеч нарса. Ўтган ҳафта долларга сотиш бўлди, лекин бу ўзини оловга отиш билан баробарда. Ўтган бозор бозорда эдим, тўрт кишининг мазаси қочди. Ҳамма шов-шув, дов-дув бўлиб кетди. Кейин бизам ўтирдик сўмда сотамиз, сўмда, деб,- дейди тошкентлик суҳбатдош.



10 миллион ўзбек сўмига баҳоланган ва Сирғали автомобил бозорида қолган машинасини ҳам фақат ўзбек сўмига сотажагини қўшимча қилди суҳбатдошимиз.

Сирғали бозоридаги машинафурушлардан олинган маълумотларга кўра, шу кунга қадар бемалол АҚШ долларида савдо қилган ва 3 феврал куни ҳибсга олинган 4 киши қисқа муддатдан сўнг қўйиб юборилган.

“Улар бир неча соат ичида қўйворилди уже. Баъзилари шу бозордан чиқмасдан ҳал қилди уже проблемасини. Ўзи ҳамма долларда сотиб ётувди, бирдан бости-бости бўлиб кетди. Кейин ҳаммамиз бирдан сўмга ўтдик, машиналардаги қоғозларни сразу алмаштирдик. Энди только сўмда сотамиз, бошқа гап йўқ”, деди Озодликка микрофонсиз сўзлаган Ласетти автомобили сотувчиларидан бири.

Ҳозирча Сирғали автомобил бозорида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қисқа муддатга ҳибсга олинган 4 кишининг шахсига оид маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлмадик.

"Сирғали ихтисослашган бозори" маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими ҳам 3 феврал куни бозорда бир неча киши ҳибсга олинганини тасдиқлар экан, якшанба кунги бозордан бошлаб автомобилларни АҚШ доллари ёки бошқа хорижий валютада сотиш мутлақо имконсиз бўлиб қолганини айтди.

Долларда харид қилиш учун автомобил қидириб бозор маъмуриятига боғланган харидорлар эса машинафурушларнинг ўзига йўлланмоқда.

- Келиб, ўзингиз кўрасизда энди. Автомобилларга машинафурушларнинг телефонлари ёзилган. Келиб кўринг,- деди бозор маъмуриятининг ўзини таништирмаган ходими.

Ўзбекистонда 1 февралдан бошлаб жисмоний шахсларга нақд кўринишда хорижий валюта айирбошлаш тақиқланган ва хорижий валютани банклар орқали фуқароларнинг пластик карточкаларига ўтказиб бериш тартиби ишга тушган.

5 феврал кунги маълумотларга кўра, ана шу тартиб ортидан Тошкентдаги автомобил бозорларида ҳам олди-сотдининг сурати пасайган.

Янги тартибга биноан доллар харид қилишни истовчилар исталган тижорат банкига бориб ўзбек сўмини АҚШ долларига айлантириши мумкин, фақат хорижий валюта қўлга берилмасдан пластик карточкага ўтказиб берилмоқда.

Марказий Банк расмийлари 1 февралдан кучга кирган янги тартибнинг ўзбекистонликлар учун қулай бўлиши, Ўзбекистондаги барча тижорат банклари “VISA International”, “MasterCard” каби халқаро тўлов тизимларининг тўлақонли аъзоси эканини таъкидлаб келмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG