Линклар

logo-print
Кейинги кунларда хориждан Ўзбекистонга юбориладиган пул жўнатмалари билан боғлиқ пайдо бўлган кўплаб саволлар ортидан OzodJavobнинг навбатдаги сонида айни мавзуни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Ўзбекистонда жорий йил 1 февралидан бошлаб, чет эл валютаси билан боғлиқ янги тартиб жорий қилинди.

Эндиликда мамлакат банкларида хорижий валюта жисмоний шахслардан фақат сотиб олинади, лекин уларга нақд кўринишда сотилмайди.

Янги тартибга кўра, бугунги кунда жисмоний шахсларга чет эл валютасини халқаро тўлов карточкасидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз шаклда сотиш усули қўлланилмоқда.

Хорижий валюта билан боғлиқ янги тартиб чет элдан долларда пул жўнатувчи ўзбекистонликларни ташвишга солиб қўйди.



Кейинги бир ҳафта давомида OzodJavob га бўлаётган саволларнинг аксари айнан пул жўнатмалари билан боғлиқ бўлди.

Москвада меҳнат қилаётган андижонлик Шокир ака янги тартиб жорий қилинганидан буён Ўзбекистонга пул жўнатишга қўрқаётгани ҳақида ёзди:

“Шу янги тартиб чиқди-ю, ичимга ғулғула тушди. Россияда ишлаб топган пулимни рублда олиб, долларга айлантираман. Кейин долларда уйга юбораман. Уйдагилар пулни долларда олиб, қора бозорда сўмга айлантирар эди. Ҳозир энди умуман долларга рухсат йўқмиш. Энди долларда жўнатган пулларимизни сўмда беришадими?” дея савол йўллади email орқали Москвадан Шокир ака.

Санкт-Петербургдан Skype орқали савол йўллаган бухоролик Миркомил ҳам шу мавзудан гап очди.

- Ҳозир янги қонун чиққан. Биз доллар юборамиз. Ҳамма билади долларни сўмга алмаштириб олишимиз керак. 1 февралда чиққан экан бу қонун. Ҳозир кучга кирган экан. Энди доллар жўнатсам мен убитка бўламанда киссага. Банк билан юборсам пластик картага кўчади. Пластик картада давлат нархида беради. Нақд доллар бермайди. Сўмда беради. Кеча бир бола бориб келди пул юбориш мақсадида. Шу хабарни айтди, дея хавотир билан қўнғироқ қилди бухоролик Миркомил.

Ўзбекистон банклари: пулингизни долларда оласиз!


Ўзбекистон Марказий банкининг исмини ошкор қилмаётганимиз расмийсига кўра, янги тартибнинг пул жўнатмаларига умуман алоқаси йўқ.

"Фуқаро хориждан пулини қайси валютада жўнатса, шу валютада берилади. Агар доллар бўлса долларда, евро бўлса, еврода берилади. Янги тартибнинг пул жўнатмаларига алоқаси йўқ. Умуман алоқаси йўқ", деди Ўзбекистон Марказий банки расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Озодлик мухбири 6 феврал куни Тошкентдаги Миллий банк, Асака банк, Савдогар банк, Ипак йўли ва Капиталбанк билан боғланиб, улардан ҳам шу кўринишдаги жавобни олди.

Жумладан, бугунги кунда аҳолига тўққизта пул ўтказиш тизими (Western Union, МIGOM, Contact , Быстрая почта, MoneyGram, Unistream, Золотая Корона, АзияЭкспресс , Lider) орқали хизмат кўрсатаётган Капиталбанкда ҳам пул жўнатмалари долларда берилаяпти.

Бу ҳақда Капиталбанкнинг пул жўнатмалари бўлимининг ўзини таништирмаган ходими гапирди:

- Долларда олишади, нақд пул кўринишида. Олдин қандай олишган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай. Бу чиққан қарорнинг бизга алоқаси йўқ. Буни омонат ва пул жўнатмаларига таллуқли жойи йўқ. Долларда жўнатишади, долларда олишади. Бу 100 фоиз аниқ нарса, деди Капиталбанк ходими.


“Ҳукуматда шундай режа йўқ эмас”


Исмини ошкор қилмаётганимиз тошкентлик иқтисодчи “айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматида пул жўнатмаларини миллий валютада бериш режаси ҳам йўқ эмас” деб маълум қилди:

“Чет элдан юборилган пул жўнатмаларининг маълум фоизи нақд долларда, қолган фоизи конвертация қилиниб, сўмга айлантириб, пластик карточкага ўтказилиши мумкин. Бу бошида ихтиёрий кўринишда бўлиши мумкин. Кейинчалик ихтиёрий-мажбурийликка ўтиши мумкин. Лекин бу тезликда қилинмайди. Жуда аста-секинлик билан амалга ошириладиган жараён бу”, дейди Oзодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган бу иқтисодчи.

Суҳбатдош фикрича, бугунги кунда ушбу тартибга ўтилмаётганининг уч сабаби бор:

“Биринчидан, агар долларда жўнатилган пул жўнатмаларини нақд пулда бериладиган бўлса, банклар сўмни етказиб бера олмайди. Ҳозир ўзи банкларда нақд пул муаммоси жуда оғир. Бизда энг катта купюрамиз 1000 сўм бўлади. 1000 сўм бу 0,3 доллар яъни 30 центга ҳам тўғри келмайди. Тассаввур қилинг. 1000 доллар пул жўнатдингиз. Сўмга берадиган бўлса, қоплаб олиб чиқиши керак бўлади. Бунақа пул ўтказмаларидан кунига қанча бўлади. Биринчиси шу, ўзбек сўмининг етмаслиги. Иккинчиси ҳукумат аҳоли орасида норозилик келиб чиқишидан чўчийди", дейди иқтисодчи.

Бу мутахассиснинг айтишича, учинчи сабаб ҳукуматнинг хориждан келадиган пул назоратини қўлдан чиқариш қўрқуви билан боғлиқ:

"Тўғри Ўзбекистон пул жўнатмаларини сўмда берадиган бўлса, албатта, конвертация орқали давлат ютади. Лекин аҳоли бу пайтда пулни мамлакатга айланма йўллар орқали олиб киришни бошлайди. Пул ўтказиш тизимлари эса ўз фаолиятини тўхтатиб, Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлади. Хориждан келадиган пул айланма йўллар орқали кириб келишни бошласа, ҳукумат пул ўтказмаларини назорат қила олмай қолади. Айни сабаблар боис давлат ҳозирча пул жўнатмаларини сўмда ёки долларда нақд пулсиз кўринишда беришни йўлга қўйишдан ўзини тийиб турибди", дейди исмини ошкор қилмаётганимиз тошкентлик иқтисодчи.

Ўтган йили ҳам хориждан юборилган пул жўнатмалари расмий курс бўйича ўзбек сўмига айлантирилиб, фақат сўмида берилиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган, лекин Ўзбекистон Марказий банки буни мутлақо рад этган эди.

Бугунги кунда Марказий банк бир АҚШ долларининг сўмга нисбатан қийматини 2004.36 сўм қилиб белгилаган. “Қора бозор”да эса бир долларни 2650 сўмга алмаштириш мумкин.

Агар ҳисоб-китоб қилинса, хориждан Ўзбекистонга жўнатилган 1000 АҚШ доллари расмий курс бўйича 2 миллион сўмдан сал кўпроқ бўлади, қора бозорда эса уни 2 миллион 650 минг сўмга алмаштириш мумкин.

Демак, хориждан Ўзбекистонга жўнатилган 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пул конвертация қилиниб, кейин берилса, фуқаро 650 минг сўмдан кўпроқ миқдорда пул ютқазади.


Хориждан ҳар йили 10 миллиард атрофида доллар келади


Хориждан Ўзбекистонга юборилаётган пул жўнатмаларининг асосий қисми Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳиссасига тўғри келади. Россия Марказий банкига кўра, ўтган йилнинг учинчи чорагида Россия ва Ўзбекистон ўртасида якка шахслар томонидан пул ўтказиш 2011 йилнинг шу даврига нисбатан 30,14 фоизга кўпайиб, 2,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.

2011 йилда Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанларига 4,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ жўнатган.

Ўзбеклар Россиядан ватанига пул жўнатиш бўйича МДҲ давлатлари ичида пешқадам бўлиб қолмоқда.

Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Европа давлатлари, АҚШ, МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги меҳнат муҳожирларининг ҳам ҳар йили Ўзбекистонга миллиардлаб доллар пул жўнатмалари ўтказиши айтилади. Бу борада аниқ рақамлар матбуотда эълон қилинганича йўқ.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, меҳнат муҳожирлари четдан юбораётган маблағлар Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этади ва мамлакатдаги ижтимоий барқарорликни таъминлаб келаëтган асосий омилдир.

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.


Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG