Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:07

Тожикистон собиқ Бош вазири Киевда қўлга олинди



Украина расмийлари сешанба куни Киев аэропортида қўлга олинган Тожикистон собиқ Бош вазири Абдумалик Абдуллажоновни Душанбега экстрадиция қилиш масаласини муҳокама этмоқда.

Украина Ички ишлар вазирлиги расмийларидан бирининг Озодлик мухбирига айтишича, 5 феврал куни қўлга олинган Тожикистон фуқароси Абдуллажонов ҳозирда вазирлик тергов изоляторида ушлаб турилибди.

Уни экстрадиция қилиш ёки қилмаслик ҳақидаги сўнгги қарорни эндиликда Киев маҳкамаси бериши керак.

Асли хўжандлик 64 яшар Абдуллажонов 5 феврал куни Украина пойтахти Киевнинг Бориспол аэропортида ҳибсга олинди.

Интерполнинг Украинадаги бўлинмаси расмийларига кўра, 16 йилдан буён қидирувда бўлган собиқ Бош вазир Лос-Анжелесдан Киевга учиб келган маҳал қўлга олинган.

Бориспол аэропортида бир неча соат сўроқ қилинганидан сўнг Абдуллажонов Украина Ички ишлар вазирлигининг тергов изоляторига олиб ўтилган.

Украина Ички ишлар вазирлиги расмийларига кўра, Абдуллажоновни ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтириш ҳақида чоршанба куни қарор олинган ва экстрадиция масаласи кўриб чиқилгунга қадар собиқ Бош вазир тергов изоляторида ушлаб турилади.

1994 йилги президентлик сайловида Тожикистоннинг ҳозирги президенти Имомали Раҳмоннинг асосий рақиби бўлган Абдумалик Абдуллажоновни расмий Душанбе 1996 йилда Раҳмонга уюштирилган суиқасдда айблаб келади.

​Тожикистон ҳукумати Абдуллажоновни Интерпол орқали қидирувга берган.

Интерпол саҳифасидаги қидирув эълонида Абдумалик Абдуллажоновнинг уюшган жиноий гуруҳ тузиш, қонуний ҳокимиятни ағдаришга уриниш ва терроризм бандларида айбланаётгани айтилган.

Хусусан, собиқ Бош вазир 1998 йилда Хўжанд шаҳрида уюштирилган полковник Маҳмуд Худойбердиев раҳбарлигидаги давлат тўнтаришига уриниш тепасида турганликда айбланади.

Абдуллажонов 1998 йилдан буён оиласи билан АҚШда яшаб келади. Унинг Киевга нима мақсадда келгани номаълум.

Ҳозирча Тожикистон расмийлари собиқ Бош вазирнинг Киевда қўлга олингани борасида муносабат билдиришмади.
XS
SM
MD
LG