Линклар

2012 йил Ўзбекистонда олтин қазиб чиқариш 1,1 фоизга камайди. АҚШ Геология хизмати эълон қилган янги ҳисоботига кўра, ўтган йил Ўзбекистонда 2011 йилга нисбатан бир тонна кам, жами 90 тонна олтин қазиб чиқарган. Бу билан Ўзбекистон олтин қазиб чиқариш бўйича дунёда 9-ўринни эгаллаган.

АҚШ Геология хизмати эълон қилган ҳисоботга кўра, 2012 йилда дунё бўйича олтин қазиб чиқариш 2011 йилга нисбатан 1,5 фоизга кўпайиб¸ 2700 тоннага етган.

Ўтган йил Хитой дунё бўйича энг кўп 370 тонна (+2,2 фоиз) олтин қазиб чиқариб биринчи ўринни эгаллаган. Иккинчи ўринни Австралия 250 тонна (-3,1 фоиз), учинчи ўринни АҚШ 230 тонна (-1,7 фоиз), тўртинчи ўринни Россия (205 тонна), бешинчи ўринни Жанубий Африка Республикаси 170 тонна (-6,1), олтинчи ўринни Перу (165 тонна), еттинчи ўринни Канада (102 тонна), саккизинчи ўринни Индонезия (95 тонна) ва тўққизинчи ўринни Ўзбекистон (90 тонна, -1,1 фоиз) эгаллаган.



АҚШ Геология хизмати ҳисоботида Ўзбекистон ва бошқа давлатларда олтин қазиб чиқариш камайгани сабаблари маълум қилинмаган.

Олтин қазиб чиқариш бўйича ўзбекистонлик мутаҳассис Озодлик билан суҳбатда ўтган йил Ўзбекистонда олтин қазиб чиқаришнинг 1,1 фоизга камайгани соҳа учун нормал ҳол экани¸ зотан олтин ишлаб чиқариш ҳажмининг маъдан таркибига боғлиқ эканини билдирди:

- Ҳар хил вазият бўлади. Ишлаб чиқариш камайишига бир тонна маъдан таркибида олтин миқдори камлиги сабаб бўлиши мумкин. Кейинги йил қазилган маъдан таркиби бойроқ бўлиши мумкин. Ишлаб чиқариш асосан қазиб чиқарилган маъдан таркибига боғлиқ, деди ўз исмини айтмасликни сўраган ўзбекистонлик мутахассис.

Унга кўра, Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янги конларни ишга тушириш ва соҳага кўпроқ инвестиция жалб қилиш лозим:

- Янги конларни, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мумкин, дейди ўзбекистонлик мутахассис.

Ҳозир Ўзбекистонда Навоий тоғ-кон металлургия комбинати ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатида олтин қўймалари тайёрланади.

2013 йил 6 феврал куни жаҳон бозорида бир унция, яъни 31,1 грамм олтиннинг нархи 1670 долларни ташкил этди.

Жаҳон олтин кенгашининг Лондондаги ҳамкори Жойс Жилефс Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон ўтган йилда қазиб чиқарган 90 тонна олтиннинг нархи 6 феврал кунги нархи билан ҳисоблаганда тўрт ярим миллиард доллардан ошишини айтди.

- АҚШ доллари қийматида бугунги бозор нархида ҳисоблаганда 90 тонна олтин нархи 4,832 миллиард долларни ташкил этади, деди Жойс Жилефс.

Жаҳон бозорида олтин нархи ошиб бораётгани боис Ўзбекистон ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун янги конлар очмоқда.

Хусусан 2013 йил 2 феврал куни Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати Тошкент вилоятида олтин қазиб чиқарадиган янги кон қурилиши ишларини бошлади.

Маҳаллий ахборот агентликлари хабарига кўра, қиймати 74 миллион АҚШ долларига тенг экани айтилаётган лойиҳа "Қизилолма" кони базасида “Самарчук” ер ости кони қуришни назарда тутади.

Йилига 200 минг тонна маъдан қазиб чиқариш қувватига эга бўлган янги кон қурилишининг 2015 йилгача тугатилиши режаланган.

АҚШ Геология хизмати ҳисоботига кўра, ҳозир Ўзбекистонда аниқланган олтин заҳиралари миқдори 1700 тоннани ташкил этади.

Ўзбекистонда янги олтин конларини ишга тушириш ишлари бошланган бир пайтда 1 феврал куни Навоий вилоят хўжалик суди олтин қазиб олиш билан шуғулланган Ўзбекистон-Британия ўртасида тузилган “Амантайтау голдфилдс” қўшма корхонасини банкрот деб эълон қилди.

Суд қўшма корхонани тугатиш ишлари учун уч ойлик муҳлат белгилади.

“Амантайтау голдфилдс” корхонаси президент Ислом Каримовнинг 1994 йил 22 сентябрдаги қарорига кўра, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида ташкил этилган.

Ўтган йилнинг январ ойида Ўзбекистон ҳукумати “Амантайтау голдфилдс” корхонасини олтин қазиб олишда яхши натижаларга эришмаётгани учун уни тугатиш ҳақида қарор қабул қилган.

Ушбу корхона акцияларининг 50 фоиз улуши Британиянинг Oxus Gold ширкатига тегишли бўлган.

Ўтган йилнининг 17 сентябрида Британиянинг Oxus Gold "Амантайтау голдфилдс" қўшма корхонаси ва Ҳандиза конларига ётқизган инвестициялари Ўзбекистонда экспроприация қилингани юзасидан даъволарини халқаро арбитраж судига тақдим этди.

Oxus Gold ширкати даъвосига кўра, Ўзбекистон томонидан ширкатга 400 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилган.

Oxus Gold ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида келишмовчилик 2011 йилнинг ёзида ширкатда ўтказилган комплекс текширувлар чоғида Британ ширкати иқтисодий қонунбузарликда айблангаидан кейин пайдо бўлган эди.

Ўз навбатида Ўзбекистон томони ўтган йили Oxus Gold ширкати устидан Англия Олий маҳкамасига шикоят қилиб, ширкатдан 10,84 миллион доллар миқдоридаги махсус дивидендни ундириб беришни талаб қилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG