Линклар

logo-print

Сочи Олимпиадаси одамлар эксплуатацияси ҳисобидан ташкил қилинмоқда


2011 йилда ўз ҳақларини ололмаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Сочи шаҳар маъмурияти олдида норозилик намойиши ўтказган эди.

2011 йилда ўз ҳақларини ололмаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Сочи шаҳар маъмурияти олдида норозилик намойиши ўтказган эди.

Сочи олимпиадаси учун қурилаётган иншоотларда меҳнат муҳожирлари ҳақларини ололмасдан ишлатилиб келмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти бу ҳақда эълон қилган махсус ҳисоботи “Россиянинг 2014 йилги Сочи Қишки Олимпия ўйинларидан олдин меҳнат муҳожирларининг эксплуатацияси” деб номланади. 67 саҳифали ҳисоботда 2009-2012 йиллар оралиғида кўплаб меҳнат муҳожирлари алдов йўллари билан ҳақлари берилмасдан ишлатилгани баён қилинган.


Чоршанба куни Халқаро Олимпия қўмитаси бош қароргоҳи жойлашган Лозанна шаҳрида очиқланган ҳисобот Марказий Осиё, жумладан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан ўтказилган суҳбатларга асосланган.



Сочида меҳнат қилаётган муҳожирлар билан суҳбатларни ўтказган Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими тадқиқотчиси Юлия Горбунова Озодлик билан суҳбатда, Олимпия Стадиони, Олимпия Қишлоғи каби асосий иншоотларда ишлаган ўнлаб муҳожир ҳақлари бузилганини аниқладик, дейди.

- Асосий олимпия иншоотларида ишлаган ўнлаб муҳожирга ҳақлари берилмагани, иш ҳақи кечиктириб берилгани, ҳаддан ортиқ иш соатлари, меҳнат шартномалари тузилмагани, яшаш шароитларининг ёмон бўлгани каби ҳолатлар рўй берганини аниқладик, дейди ҲРУ вакили.

Кўп ҳолларда, дея давом этади Горбунова, меҳнат муҳожирларининг паспортлари олиб қўйилиб, ҳақсиз ишлашга мажбур қилинган. Ҳақларини талаб қилган меҳнат муҳожирлари эса иш берувчилар томонидан расмийлар ёрдамида таъқибга учраган.

- Кўплаб ҳолларда иш берувчи ўз ҳақини талаб қилган меҳнат муҳожирлари устидан расмий идораларга мурожаат қилиши оқибатида, уларнинг кўпчилиги мамлакатдан депортация қилингани билан боғлиқ ҳолатларни ҳам ҳужжатлаштирдик, дейди Юлия Горбунова.

Озодлик Сочида меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг бир неча ойлаб ўз ҳақларини ололмасдан депортация қилингани ҳақида ўз вақтида хабар берган эди. Сочида меҳнат қилган Эрали исмли ўзбекистонлик 2011 йилда Озодлик билан суҳбатда буларни маълум қилган эди.

- Болаларни жўнатишди, шанба куни, 10 кишини. Ҳеч кимга пулини бермади, 2,5 ой ишлаган эди. Минг сўм, уч мингдан аванс бериб турган эди, жами 15 мингдан бўпти. Сизларга билет олиб берсак бўлди, расчет бўласизлар, деб жўнатди,- деган эди ҳақини ололмасдан Сочи шаҳар маъмурияти олдида норозилк қилган ўзбекистонликлардан бири.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти мардикорларнинг оғир меҳнати учун соатига 55 рублдан 80 (1,80 – 2,60 АҚШ доллари) рублгача ҳақ берилишини қайд этади.

Сочининг Красная Поляна мавзесида олимпия иншооти қурилишида ишлаётган қашқадарёлик 26 яшар Бекмурод бугун ҳам соатига 70 рубл ҳақ олишини айтади. Лекин Ўзбекистонда бундай иш топишнинг имкони йўқ, шунга ҳам шукр, дейди у.


- Турк фирмасида ишлайман. Соатимиз 70 рублдан. Уч маҳал овқатланамиз. Обшагага (ётоқхонага) ишга олиб боради, обшагадан олиб келади. Кирларимизни ювади, уч маҳал овқатимиз. Худога беҳисоб шукур. Роса бўлса икки-уч кун задержка бўладида ойлигимиз. Ундан бошқа задержка бўлмайди. Еб-ичишимизни беради. Ҳамма ëғимиз зўр Худога шукур,- дейди қашқадарёлик Бекмурод.

Россияда, жумладан, Сочида меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланган “Содействие” ташкилотининг собиқ ходими Абдусалом Ризаев ҳозирда биргина Красная Полянадаги қурилишда 5 минггача ўзбекистонлик бор дейди.

- 5000 атрофида ўзбеклар бор. Ҳозир олимпийский объект жуда кўп. Адлер районда қурилаяпти ва Красная полянада. Менга берилган, масалан, Красная полянадаги рақами. Где то 4000дан ошиқроқ одамлар ишлаяпти. Ўзбекистон фуқаролари.

Туркия ёки Россия ширкатлари билан тўғридан-тўғри шартнома тузиб, ишлаётганларнинг вазияти нисбатан яхшироқ, лекин ўзбекистонликлар орасида воситачи фирмалар орқали, шартномасиз ишга жойлашганлар кўп ва уларнинг ҳақини ҳеч ким кафолатлаб бера олмайди, дея давом этади Абдусалом Ризаев.

- Масалан маҳаллий фирмаларга ишга жойлашиб юрган бўлса, посредниклар орқали кирган бўлса, улар кўплари ололмаяпти. Авторитетлари келади, угрожат қилади. Ўртада услуга кўрсатадиган фирмалар бўлаид. Масалан сизда объект бор. Сизга рабочий керак. Ўртага мен кираманда сиз билан гаплашиб, учинчи томонни таклиф қилиб, шу учинчи томонда ишлаб мен сиздан пулни оламану лекин уларга бермайман. Худди шунақа бўлиб чиқадида. Ҳуқуқ-тартибот идоралари кўзини юмиб турадида бу нарсага. Началниклари ҳам. Масалан бир рейсда 20та одам келаëтган бўлса, 100 сўмдан оладиган бўлса, 12 минг ҳар рейсдан ишлаб туради. 400 доллар, дейди бир неча марта Сочига бориб, ўзбекистонлик мардикорлар аҳволини ўрганган ҳуқуқ ҳимоячиси.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти ҳисоботи жорий ҳафтада Халқаро Олимпия қўмитаси Сочида олимпия ўйинларига бир йил қолиши муносабати билан ўтказадиган махсус тадбир арафасида эълон қилинди.

Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё дастурлари бўйича директори Жэйн Буканан Халқаро Олимпия қўмитасини ушбу фурсатдан фойдаланиб, Россия ҳукуматидан ишчиларни эксплуатация қилишга чек қўишни талаб қилишга чақирди. “Олимпия ўйинлари маҳорат ва илҳом рамзидир. Жаҳон Россияда одамларнинг эксплуатация қилиниши ва ҳақлари бузилиши ҳисобидан ўтказиладиган қишки олимпия ўйинларини олқишлай олмайди”, деди Жэйн Буканан.

XS
SM
MD
LG