Линклар

Ню Йоркда жойлашган Очиқ жамият гуруҳи эълон қилган ҳисоботга кўра¸ АҚШ Марказий разведка бошқармасининг 11 сентябр террор хуружига алоқадорликда гумонланган шахсларни махфий тергов қилиш жараëнида қатнашган 54 давлат орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Инсон ҳақлари ҳимояси билан шуғулланувчи Очиқ жамият ташкилоти эълон қилган янги ҳисобот¸ АҚШ Марказий разведка бошқармасининг 2001 йил 11 сентябр куни Америка ҳудудида амалга оширилган террор ҳужумларига алоқадорликда гумонланган шахсларни қўлга олиш ва тергов қилишга қаратилган ўта махфий дастурини тафтиш қилувчи энг жиддий уринишдир.

Мазкур ҳисобот хулосалари АҚШ разведка идораси томонидан Ню Йорк ва Вашингтонда амалга оширилган террор ҳужумларига алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган 136 нафар жабрланувчи тақдирига асосланади. Бу гумонланувчилар тақдири эса¸ АҚШ махфий дастури давомида ушланганларнинг ҳеч бир ҳуқуқий асоссиз давлат чегараларидан олиб ўтилганлари¸ тергов давомида қийноқ қўллаш оддий ҳол бўлган ҳукуматлар ихтиëрига берилганлари ва Марказий разведка бошқармасига мансуб яширин жойларда сақланганларига гувоҳлик беради.



2001 йилги террор ҳужумларидан қарийб 12 йил ўтиб эълон қилинган бу ҳисобот¸ Марказий разведка бошқармасини террорчиликда гумонланганларни қонун қўли етмас жойда сақлаш ва бу маҳбуслар ҳақларини топташда айблайди.

Ҳисобот муаллифи Амрит Сингҳ¸ Марказий разведка бошқармасининг бу махфий дастурида қатнашган ҳукуматларнинг барчаси¸ ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар учун масъулиятга шерик эканларини айтади:

- Ҳисобот давомида 54 давлат ҳукуматининг Марказий разведка бошқармаси махфий дастурида турли шаклда иштирок этгани аниқланди. Бу ҳукуматлар ўз ҳудудларида МРБ махфий қамоқхоналарига жой берган¸ гумонланганларни ушлаб берган¸ уларни бошқа жойга кўчиришга ëрдам берган¸ қўлга олишга элтувчи ахборот билан таъминлаган ва ҳоказо. Бу каби ҳамкорлик орқали улар МРБ бутун дунë бўйлаб ташкил этган қийноқ амалиëтлари тўрига тортилган¸ дейди ҳисобот муаллифи Сингҳ.

Очиқ жамият ноҳукумат ташкилотининг билдиришича¸ МРБ махфий дастурида ҳамкорлик қилган давлатларнинг 25 таси Европада¸ 14 таси Осиëда ва 13 таси Африкада жойлашган. Айни пайтда¸ бу дастурга кўмак берганлар орасида Канада ва Австралия ҳам бор.

Бу рўйхатга киритилган Ўзбекистон¸Озарбайжон¸ Хорватия ва Чехия каби ҳукуматлар террорчиликда гумонланганларнинг ўз ҳудудлари орқали олиб ўтилишига рухсат берган.

Озарбайжон¸ Грузия¸ Эрон ва Македония каби давлатлар эса¸ 11 сентябр террор хуружларига алоқадорликда гумонланган шахсларни ушлаб¸ уларни бевосита ëки билвосита АҚШ Марказий разведка бошқармасига топширган.

Очиқ жамият ташкилоти эълон қилган бу ҳисобот муаллифлари АҚШ махфий дастурида қатнашган ҳукуматларни ҳозирга қадар бундай ҳамкорлик орқали жабрланувчилар ҳақлари топталишида иштирок этганларини тан олмаëтганликда айблайдилар:

- Қонун нуқтаи назаридан¸ қолаверса¸ ахлоқий мажбуриятлар жиҳатидан ҳақиқатни тўлиқ айтиш ва инсон ҳақларини топташ борасида қилинган ишларга иқрор бўлиш АҚШ ва унинг ҳамкорлари зиммасида қолаëтган масъулиятдир. Бу ишни қилиш нафақат адолат қарор топиши¸ балки бундай ишларнинг бошқа такрорланмаслигини таъминлаш учун ҳам ўта муҳимдир¸ дейди Амрит Сингҳ.

АҚШ МРБнинг 11 сентябр террор хуружларига алоқадорликда гумонланган шахсларни қўлга олиш ва уларни тергов қилиш махфий дастури нафақат ноҳукумат ташкилотлари¸ балки Конгресс томонидан ҳам тафтиш қилинмоқда.

Аммо ҳозирча бу тафтишга оид хулосалар жамоатчиликка ошкор қилинганича йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG