Линклар

logo-print
Қароргоҳи Дублинда жойлашган Front Line Defenders ташкилотининг мукофотига Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўйича собиқ раҳбари Бахтиёр Ҳамроев номзоди ҳам тақдим этилди.

Инсон ҳуқуқи фаоли номзодини мукофотга тақдим этган Франциядаги "Ўтюраклар клуби" раҳбари Мўътабар Тожибоева, Бахтиёр Ҳамроевнинг инсон ҳуқуқи фаолларига таъқиб ва тазйиқлар жуда кучайган бир шароитда ишлаб келаëтганини таъкидлайди:

- Андижон воқеаларидан кейин жуда кўплаб ҳуқуқ ҳимоячилар мамлакатдан ташқарига чиқиб кетди. Бахтиёр Ҳамроевда ҳам шундай имконият бор эди. Бироқ у мамлакат ичкарисида қолиб, ўз фаолиятини давом эттирди. Бир неча бор уни калтаклаб ҳам кетишди, тош билан уриб бошини ҳам ёришди. Унга тазйиқ ўтказаман деб, ўғлини ҳам қамашди. Бироқ Бахтиёр Ҳамроев ўз фаолиятини давом эттирди. Ичкаридаги вазият ҳақида доим халқаро ташкилотларни ва хорижий оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиб турди. Ўтган йилда саломатлиги ёмонлашгани боис фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Бироқ шундан кейин тўшакда ётган бўлса ҳам¸ фаолиятини давом эттирди, дейди Мўътабар Тожибоева.



Бахтиёр Ҳамроев ўтган йил сентябр ойидан бошлаб тўшакка михланиб қолган. Унинг хотини Муяссар опанинг Озодликка айтишича, Бахтиёр Ҳамроев “токи оёқдан йиқилмагунимча ишлайвераман” деган тўхтамда:

- 10 сентябрдан буён бир жойда ётибдилар, жигардаги рак(саратон)нинг тўртинчи босқичи деб диагноз қўйишган. Битта буйраклари йўқ, қориннинг икки тарафидан грижа чиқиб кетган. Аввалдан етти марта операция бўлган, 12 хил касалликлари бор. Ҳозиргина приступ тутди яна, ҳозир гапиролмайдилар сизга, деди Муяссар опа.

Front Line Defenders ташкилоти ҳар йили хавфли ҳудудларда фаолият юритаётган юзга яқин ҳуқуқ фаолларининг номзодларини кўриб чиқиб, улардан фақат биттасини мукофот билан тақдирлайди.

Жорий йилда ташкилот дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган 90 нафар ҳуқуқ фаоли номзодини кўриб чиқиб, якуний босқичга улардан олти нафарини қолдирди.

28 январ куни эълон қилинган ушбу рўйхатда Камбоджа, Эрон, Колумбия, Ўзбекистон, Мавритания ва Кенияда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида фаолият юритаётган фаоллар исмлари келтирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG