Линклар

logo-print
Сўнги пайтларда Ўшда ўзбек қўшиқчиларининг ижодлари жонлана бошлади. 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг ўзбек телеканалларининг ёпилгани сабабли уларнинг янги қўшиқлари тингловчиларга етиб бормаётган эди. Ўшда икки тилли медиа ташкилотлари ишлай бошлагани ўзбек қўшиқчилари учун янги имкон яратмоқда.

Ўшлик ёшлар орасида танилиб келаётган “Аввали” гуруҳи ўзининг янги қўшиғини ёзмоқда. Қўшиқ “Ғариб Мажнунтол” деб аталади. Гуруҳ вакили Илҳом Эргашевга кўра¸ уларнинг қўшиқчилик билан шуғуллана бошлаганига 4 йил бўлган¸ бироқ 2010 йил Ўш воқеаларидан кейин ўртада танафус бўлган:

- Бундан аввал “ЎшТВ” ва “Мезон” телеканаллари ўзбекча қўшиқларни эфирга узатаётганида ўшалар билан иш олиб борар эдик, 2010 йилги воқеалардан сўнг ундай имкониятлар йўқ бўлиб қолган. Шу сабабли ўртада танаффус бўлди. Яқинда “Интимоқ” телерадиоканали очилиб қўшиқларимизни халққа етказиш имкони туғилди, дейди Илҳом Эргашев.



2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг ўшлик ўзбек қўшиқчилари байрам тадбирларига чақирилмай¸ тўйлардагина куйлаб қолган. Бу кўриниш эса айрим ўзбек қўшиқчиларининг ижодий фаолиятини тўхтатишига сабаб бўлган.

Қўшиқчи Сардор Аҳмедов¸ айни кунларда ижод қилишга яна имкон пайдо бўлганини айтади:

- Қўшиқни ёздиргандан сўнг уни одамлар орасида тарқатиш керак. Реклама қилинмаса¸ қўшиқчини ҳеч ким танимайди, талаб ҳам бўлмайди. Биз ўзимизни асосан тўйлардагина реклама қилиб қолдик. “Интимоқ” радиоси очилганидан кейин қўшиқларимиз эфирдан ҳам берила бошлади. Буни эшитиб¸ биз янги қўшиқ ёзишга ҳаракат қилаяпмиз, деди Сардор Аҳмедов.

Қирғизистонлик ўзбек қўшиқчилари орасида сўнги пайтларда ватанпарвардик ва миллатлараро ҳамдўстликка босим кўрсатилаётгани сезилади. Шундай қўшиқлардан бири сифатида Одина Аббосова билан Зиё Камоловнинг “Қирғизистон”, деб номланган қўшиғи кўрилмоқда.

Ўшда йигирмадан ортиқ ўзбек қўшиқчилари бор. Уларга қўшиқ яратишда кўмаклашиб келаётган аранжировкачи Абдураҳим Дадажонов қўшиқ ҳамда мусиқа чегара ва миллат танлаймайди¸ деган фикрда:

- Биз мусиқачилар орасида миллат деган тушунча бўлмаслиги керак, маданият миллат танламайди. Қўшиқчи ҳеч қачон ғазаб билан яшамаслиги керак, имокни борича дўстликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшгани афзал. Ўшлик қўшиқчилар бу ҳаракатни яхши бажаришга уринаяпмиз. Иноқликни мустаҳкамлаш учун бу асосий вазифани биз қилишимиз керак, дейди Абдураҳим Дадажонов.

Маълум бўлишича, 2010 йилги Ўш воқеаларидан кейин ўзбек қўшиқчилари Ўзбекистон телерадиолари билан ҳам ишлаган. Бироқ маблағнинг етишмовчилиги бунга ҳам ўз таъсирини кўрсатган.

Бугунги кунга келиб ўшлик ўзбек қўшиқчилари орасида қирғизча қўшиқ яратиш оммалашиб бораётганини ҳам кузатиш мумкин.

Феврал ойи ўрталарида қирғизистонлик ўзбек қўшиқчилари Ўшда катта концерт ўтказишмоқчи. Бу маданий тадбирнинг сўнгги 3 йил ичида уюштирилаëтган илк катта концерт бўлиши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG